Байрамни қандай нишонлаймиз? (Ҳайит байрамида бажариладиган маҳбуб амаллар)

0
885

Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримиз бўлсинки, мана ҳайит кунлари ҳам яқинлашиб келмоқда. Икки ҳайит байрами байрамлар ичида ўзига хос аҳамиятга эга. Зеро, бу байрам ортида буюк ибодатлар туради. Ана шу ибодатларнинг бири рўза бўлса, яна бири ҳаж ибодатидир. Шунинг учун ҳам “ийд” (такрорланиб турадиган) байрам деб номланади.

Одатда ҳайит байрамини кўпчилик инсонлар дам олиш куни, емоқ-ичмоқ куни, янги либослар кийиб, байрам қилинадиган кун, қариндошу дўстларни ҳамда яқин инсонларни зиёрат қилинадиган кун деб билишади. Аслида ҳам шундай. Динимиз буюрган ибодатларни эсон-омон адо этиб, улуғ ажру савоблар эгасига айланиш, албатта мўминларни хурсанд қилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:“Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта) шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар!…” (Юнус сураси, 58-оят). Зотан қалби имон нурларига тўлган инсонгина Аллоҳнинг ибодатларини бажарганида хушнуд бўлади. Қуръони каримда шундай дейилади:“Биз ўша (сизларга маълум) диёрни ер юзида зулм ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун яратурмиз. Оқибат эса, тақволи кишиларникидир” (Қасос сураси, 83-оят). Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариб, қайтарган ишларидан қайтиб, ҳалолу пок яшашларининг ўзи бир байрамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Рўзадор учун икки хурсандчилик бор. Бири ифтор чоғида, иккинчиси Роббисига йўлиққанда”, дея марҳамат қилганлар.Биз мусулмонлар рамазон ҳайитини нима учун байрам сифатида нишонлаймиз? Нима учун хурсанд бўламиз? Нима учун бу байрамни бунчалар орзиқиб кутамиз? Боиси, биз Аллоҳнинг буйруқларини бажаришни ёқтирамиз, У қайтарган нарсалардан қайтишга астойдил ҳаракат қиламиз. Аллоҳ таоло бизларга рамазон рўзасини тутишни буюрди. Биз ана шу буйруқни хурсандчилик билан қабул қилиб, адо этмоқдамиз. Аллоҳ таоло бизларни рамазон рўзасини адо этишдек улуғ бахтга мушарраф этгани учун бу кунларни байрам сифатида нишонлаймиз.

Шу ўринда бир мисолни келтириб ўтсак. Бир абитуриент астойдил ҳаракат қилиб, яхши ниятлар билан бирор олийгоҳга ҳужжатларини топшириб, имтихонга кириб чиқса. Маълум муддат ўтганидан кейин имтихон натижалари эълон қилиниб, ўша абитуриент талабалик бахтига мушарраф бўлганида ўзи ва яқинлари қанчалик хурсанд бўлади. Бамисоли рамазон рўзаси ҳам мўмин-мусулмонларга ҳудди шундай. Мўминлар Аллоҳ буюрган рамазон рўзасини тутиб, кечалари бедор бўлиб ибодатларни адо этган бўлсалар, албатта, Аллоҳга шукроналар айтиб бу кунларни хурсандчилик билан байрам қиладилар. Аллоҳ таоло рамазон ойида рўзадор бандани қилган ҳар бир яхшилиги учун савобларни кўпайтириб беради. Тутган рўзаси сабабли гуноҳларини мағфират қилади ва қиёмат кунида “райён” эшигидан жаннатга киритади. Қадр кечасини топгани учун минг ойдан афзал ибодат савобларини беради. Бу ойда нима сўраса ато этади. Мўминларни бу муборак ойда онадан янги туғилган чақалоқ каби гуноҳлардан поклайди. Аллоҳ таолонинг сизу биз бандаларига инъом этган мана шундай буюк неъматларидан албатта, хурсанд бўламиз ва бу кунни байрам қиламиз.Барчамизга маълум, мўмин бандалар фақат дунёсини ўйламайди, балки, дунёси сабаб охиратини топади. Бу дунё ва ундаги нарсалар ўткинчи эканлигини ҳеч қачон эсидан чиқармайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Ким дунёни таниса, дунё келганда ўта хурсанд, у кетиб қолса ўта хафа бўлмас эди”, деганлар. Аслида бахт ва хурсандчилик Аллоҳга осий бўлмасликдадир.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Бугуним байрам, эртам ҳам байрам. Қайси кун Аллоҳга осийлик қилмайдиган бўлсам, ўша куним байрамдир”.Ҳайит куни қандай амалларни бажарган яхши? Бу тўғрисидаги маҳбуб амалларни қуйида келтириб ўтамиз:

1. Ғусл қилмоқ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит ва жума намозлари учун ғусл қилишни буюрдилар” (Термизий ривояти).

2. Хушбўйликлар суртмоқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бандаларидан мушки анбардан ҳам хушбўйроқ ҳид келсада, атир суртганлар ва атир суртишга буюрганлар.

3. Либосларни янгиси бўлмаса, поклаб киймоқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни, икки ҳайит кунлари ва меҳмонга борганларида янги либосларни киярдилар. Бир ҳадиси шарифда: “Уловларингизни ислоҳ қилинглар, либосларингизни чиройлисини кийинглар токи инсонлар орасида кўрк бўлинглар”, дея лутф қилганлар.

Бошқа бир ривоятда эса: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам топганларимизни яхшисини кийишга ва энг яхшисини суришга амр қилардилар” (Ҳоким ривояти).

4. Саҳарлик қилиб чиқмоқ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит кунига бир ёки ундан кўп тоқ хурмо еб чиқар эдилар” (Абу Довуд ривояти). Саъид ибн Мусайяб розияллоҳу анҳу инсонларни рамазон ҳайитига бирор нарса еб чиқишга буюрардилар. (Имом Молик “Муватто” китобларида кетирганлар).

5. Масжидга ҳайит намозини адо қилиш учун чиқмоқ.

6. Намозга чиққанда бир кўчадан чиқиб, бошқа кўчадан қайтмоқ.

Илм аҳлларининг кўпчилиги бу мустаҳаб амал деганлар. Бунинг сабаби йўлда кўплаб мўмин-мусулмонларни кўриб, хурсандчилик улашиш имконини беради.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозига бошқа кўчадан бориб, бошқасидан қайтардилар” (Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти).

7. Ҳайит намозини белгиланган вақтда ўқимоқ.

Рамазон ҳайитини бироз кечиктириб, Қурбон ҳайити намозини эса, вақтига шошиброқ ўқиш мустаҳабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундоқ бўлган. Рамазон ҳайити намозини кечиктиришдан мақсад фитр садақа берувчиларга кенглик қилиш бўлса, қурбон ҳайити намозини шошиброқ ўқишдан мурод қурбонликни шошилмасдан қилишдир.

8. Ҳайит намозини икки ракат қилиб, байрам такбирини айтиб ўқимоқ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозига чиқсалар икки ракат ўқирдилар. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам намоз ўқимаганлар” (Ибн Можжа ривояти). Яъни ҳайит намози икки ракатдан иборат. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам нафл намоз ўқилмайди.

9. Намозга йиғилганларни ҳайит билан табрикламоқ.

Зубайр ибн Нуфайл розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳайит куни бир-бирларини байрам билан қутлаб: “Аллоҳ сизу бизларни рўзаларимизни ва солиҳ амалларимизни қабул қилсин!”, дея табриклашарди.

10. Аҳли оиласини олдига тезроқ қайтиб, уларни ҳам байрам билан табрикламоқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳайит емоқ, ичмоқ ва хурсандчилик қилмоқ кунидир”, деганлар. Ҳар бир нарсани муносиб вақти бўлади. Баъзи бир инсонлар ҳайит байрамини турли хил нарсалар билан ўтказадилар. Бу динимиз кўрсатмаларига муносиб иш эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: “Эй, Абу Бакр! Ҳар бир қавмни байрами бўлади. Бугун бизнинг байрамимиз”, (Бухорий ривояти) деб, кўнгил хушлайдиган амалларни бажаришга ижозат берганлар.

11. Байрам такбирини кўпроқ айтмоқ.

“…Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир” (Бақара сураси, 185-оят). Аллоҳ таоло рўзаларимизни қабул, дуолармизни ижобат қилсин. Мана шундай саодатли кунларга гувоҳ бўлиб, ҳақиқий хурсандчилик қиладиган мўминлардан қилсин. Юртимизда ҳукм суриб турган тинчлик, ҳотиржамлик ва фаровонликни бардавом қилсин. Ватанимиз истиқболи порлоқ, дастурхонларимиз файзу-барокатли бўлсин. Ёши улуғ ота-оналаримизга пиру бадавлатлик, келажагимиз ворислари бўлган ёшларимизга бахту саодат ато этсин! ҲАЙИТ БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ

“Новза” жоме масжиди имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг