“Катта Қозиробод” масжиди. Сўнгги хатмона… (Фотомақола)

0
1390

Ибн Аббос (р.а.) бундай деганлар: “Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Агар умматларим Рамазондаги фазилатларни билганларида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини орзу қилардилар”, деганларини эшитдим”. Чунки Рамазондаги тоатлар мақбул, дуолар мустажоб, гуноҳлар эса мағфират қилинади. Жаннат эса рўзадорларга муштоқ бўлади.

Ҳа, бугун биз энди ҳис этяпмиз Расулуллоҳнинг сўзларини. Кундузлари рўзадор бўлиб тақвога яқинлик, иймон ҳаловати, кечалари таровиҳларда Қуръони карим мўжизаси, тасбиҳлар, тафсир, ҳадис, шонли тарих ҳақидаги мўтабар суҳбатлар… Наҳот буларнинг ҳаммаси тугаб боряпти. Бунча тез ўтмаса Рамазон…. Яна бир йил умид билан, дуо билан соғинамиз энди бу муборак ойни…

Кеча масжидларда сўнгги таровиҳ намозлари ўқилди. Сўнгги хатмоналар бўлиб ўтди. Пойтахтмиздаги “Катта қозиробод” жоме масжидида ҳам бу оқшом Қуръони карим хатми ниҳоясига етди. Бир ой давомида ёш ҳофизи Қуръонлар: Шамсиддинхон Мирзаев ва Алишер Нурмуҳаммедов Каломуллоҳни тартил билан дона-дона қилиб, гўзал савт билан ўқиб беришди. Бу масжид жамоаси Қуръонни ҳаммадан кўп яъни 29 кеча давомида эшитиш бахтига муясар бўлишди. Аллоҳ таоло хатми Қуръонни ўз даргоҳида бенуқсон қабул этиб, унга берадиган ажру-мукофотларни барча қатнашганларга зиёдаси билан ато этсин.

Имом-хатиб Абдулқаҳҳор домла Юнусов бошчилигидаги масжид жамоасининг хатмона кечасига алоҳида тайёргарлик кўргани билинди. Масжид дарвозасидан киришингиз билан ўнг тарафда намозхонлар баҳраманд бўлишлари учун дастурхонларда ноз-неъматлар, ичимликлар қўйилган.

Масжид жамоасини хатмона билан муборакбод этиш учун уламолар, азиз устозларнинг ташрифлари узилмади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов, Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси, “Маҳкам ота” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадбобур домла Йўлдошев, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби в.б., “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари, “Собитхон ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби Эргашали домла Рустамов, “Новза” жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқуловлар қатнашиб, мазмунли ва таъсирли мавъизалари билан таровиҳнинг сўнгги кечасини янада мунаввар қилдилар.

Э.Рустамов

М.Йўлдошев
Ж.Ҳамроқулов

Хатми Қуръон савоби кечагина бизни тарк этган машҳур олим, ўткир воиз Қуръонни севувчи, қориларни севувчи, Анвар қори домла Турсуновга бағишланди. Шунингдек, юртимизда дин йўлида хизмат қилиб ўтган кўплаб уламолар, марҳум устозлар эсланди. Қориларни шундай мартабага етказган ота-оналари, устозлари ҳаққларига дуолар қилинди. Уларнинг бу меҳнатлари эвазига жаннатда иззат тожини кийдиришлик насиб бўлишини сўраб дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг