“Абдулҳамид ҳожи” масжидида хатмона қандай ўтди? (Фотомақола)

0
1110

Аҳамият беряпсизми, ўлкамизда Қуръони карим тиловати тўхтамаяпти. Йил бошидан бошланган кенг миқёсдаги Қуръон мусобақасидан сўнг Рамазон кечаларида хатми Қуръонлар бошланиб кетди. Хатми Қуръон қилинаётган масжидлар намозхонлар билан тўла. Ундаги кишилар қанчалар саодатманд кишиларки, улар таровиҳ намозларида Қуръонни тинглаб ундан ҳузур-ҳаловат, маънавий куч оляптилар. Рамазоннинг ҳар бир муборак кечасини уйқу билан ёхуд беҳуда ўтказишдан хавфсирайдиган Аллоҳ таолонинг суюкли бандаларидир бу кишилар.

Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади: «Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг. Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак, ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан. (Шўро, 52)

Яъни, аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек, Биз сенга ўз ихтиёримиз ва амримиз ила инсониятга маънавий руҳ–жон қилиб, Қуръонни туширдик. Аллоҳ таоло бу ояти каримада Қуръони Каримни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали юборган сўнгги китобини руҳ–жон, деб атамоқда. Дарҳақиқат, Қуръони Карим инсоният учун энг мақбул, энг зарур маънавий руҳдир. (“Тафсри Ҳилол”)

Сайтимизда ҳар куни хатмона бўладиган масжидлар рўйхатини бериб боряпмиз. Баъзида хабар кечикиб қолса, қўнғироқлар бўлади: бугунги хатмоналар рўйхати нега чиқмаяпти, деб. Субҳаналлоҳ, Роббимизга шукурлар айтамиз. Сўрагувчиларнинг кўпчилиги ўзлари қатнаётган масжидлардаги хатми Қуръонларни тугатиб, энди бошқа масжидларни кезиб юрибдилар. Бу нимадан дарак? Қалблари Парвардигор мўжизасини ҳис этиб, унга (Қуръонга) талпинувчи, уни севувчи бандалардан эканликлари нишонаси эмасми? Аллоҳ таоло Ўз Каломига муҳаббатни, ундан завқланишни, таъсирланишни фақат ўзи суйган бандаларигагина насиб этади.

Пойтахтимизнинг “Истироҳат” маҳалласида жойлашган унча катта бўлмаган “Абдулҳамид ҳожи” жоме масжидида куни кеча хатмона бўлишини эшитганлар ушбу масжид томон йўл олишди. Ибодатгоҳ намозхонлар билан шу даражада тўлиб кетдики, маҳалла кўчаси масжидга айланди.

Жамоатни Хатми Қуръон билан табриклаш учун муфтий ҳазратлари бошчилигида диний идора уламолари ташриф бурдилар. Устозларнинг мунаввар суҳбатлари хатмона кечасининг файзини янада зиёда этди.

Ушбу масжидда Тошкент ислом институти талабаси Ҳабибуллоҳ қори Тожиддинов 26 кун давомида бир ўзи Қуръони каримни тўлиқ ўқиб берди.

Устоз имом-хатиблар ва масжид имом-хатиби Жамолиддин домла Азимов хатми Қуръон сўнггида Рамазондаги бу ожизона ибодатларнинг қабулини сўраб, юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровонлиги, юртбошимизнинг олиб  бораётган барча хайрли ишларида Аллоҳ таолодан мадад сўраб, иймонимиз, қалбимиз саломатлиги, икки дунё саодатини тилаб ва албатта хатми Қуръон қилиб берган қори ҳаққларига чин ихлос ила дуолар қилинди.

Бу кеча энг юқори даражада турган юзлари мунаввар қорига бутун жамоат ҳавас қилдилар, бизнинг зурриётларимиздан ҳам ана шундай ҳофизи Каломуллоҳлар чиқсин дея қалбдан илтижолар қилдилар. Бу Қуръон ҳофизига берилаётган бу дунёдаги мартаба холос. Охиратдаги мукофотлар янада улкан ва аълодир.

Хатми Қуръонлар давом этмоқда.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг