“Собитхон ҳожи” жоме масжидида хатмона (Фотомақола)

0
561

Хатиб Бағдодий айтади: «Мен  Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Таймий ибн Аббосдан кўра қироати гўзал кишини кўрмадим. У  Бағдоддалигида Рамазон кириб қолди. Шунда у одамларга таровеҳ намозини ўқиб берди. Сўнг кечанинг қолган қисмини намоз билан бедор ўтказди. Кейин унинг «Бу ойда мен на кечаси, на кундузи уйқуга ётмадим», деяётганини эшитдим»¹.

Ҳа, бу ойни қадрини билган улуғлар ундан ана шундай даражада фойдаланиб қолишга интилишган.

Қуръони каримга бўлган улуғ эътимод сабаб рамазон кечаларида масжидлар ана шундай мухлис жамоат билан тўла. Уларни бу манзилларга қалбларидаги иймонлари, Қуръонга бўлган муҳаббатлари бошлаб келмоқда. Қанчалар бахтли кишилар булар. Пойтахтимиз масжидларида бирин-кетин хатми Қуръонлар якунланиб, унинг ниҳояси чинакам иймон, маърифат зиёфатига айланмоқда. Азиз уламоларнинг мавъизалари, гўзал тасбеҳлар, хатми Қуръон дуолари ихлос эгалари қалбларини нурларга тўлдирмоқда. Куни кеча Чилонзор туманида жойлашган “Собитхон ҳожи” жоме масжидида ҳам Қуръони карим хатмининг якуни бўлди.

Хатми Қуръонни гўзал савт эгаси Муҳаммад Носирхон қори Юсупов тартил билан    21 кун мобайнида ўтказиб берди.

Масжид имом-хатиби Эргашали домла Рустамовнинг таклифларига биноан хатмонага ташриф буюрган устоз имом-хатиблар Қуръони каримдек энг буюк китобни аввалидан охиригача ўқиб берган қорилар ва унга муҳаббат билан соме бўлган масжид жамоатини улуғ бир натижа билан муборакбод этиб, Қуръонни ҳурматлаган мўмин учун бериладиган иззат, ажру-мукофотлар ҳақида мавъизалар қилдилар.

Қори Қуръоннинг сўнгги сураларини ўқир экан, ҳар томондан йиғи овозлари эшитилар, муқтадийлар ўзларини йиғидан тўхтата олмас эдилар. Ахир улар йигирма бир кун мобайнида завқланиб тинглаган, ўрганиб қолган Қуръонлари тугаб бормоқда… Роббилари билан дийдор яна узоқлашмоқда…. Албатта, бу дийдор ҳар куни беш вақтда келади, бироқ Ўзи улуғлаб қўйган Рамазондаги ибодатнинг қалбга олиб келувчи фароғати ўзгача. Шу боис хатми Қуръон кейин дуолар, муножотлар узоқ давом этди. Қорининг лафзидан гўзал дуолар терилиб келар, кўзларда шашқатор ёшлар истиғфордан тўкилар эди….

Дуоларда масжидни аввалда бунёд этишда ҳиссалари қўшилган, ҳозирда хаизматда бўлиб турган ва барча дуо талаб кишилар эсланди. Аллоҳ таоло ана шундай обод юртда барчани қайта-қайта Рамазонга, хатми Қуръонларга етказишини сўраб илтижолар қилинди.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

¹”Хатми Қуръонг марҳабо”. Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг