“Ислом ота” масжидидан таралган Қуръон зиёси (Фотомақола)

0
985

Кундузлари рўза тутиб, тунлари хатми Қуръонда бўлар эканмиз, икки қанотли қуш каби юксак чўққиларга парвоз этаётганимиздан шодланамиз! Бу иймон чўққиси, бу руҳият юксаклиги чўққиси! Айни дамда Рамазон Қуръон ойи эканини бутун вужудимиз билан ҳис этамиз.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Рўза ва Қуръон бандага шафоатчилик қилади. Рўза: «Ё Раббим! Мен буни кундузлари таом ва шаҳватдан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Ё Раббим! Мен уни кечалари уйқудан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Шунда икковининг ҳам шафоати қабул қилинади».

Рамазондаги хатми Қуръонлар ҳам навбатма-навбат тугаб бормоқда. Куни кеча пойтахимизнинг муҳташам “Ислом ота” жоме масжидида ҳам Қуръони карим хатмонаси яъни, Қуръон хатми ниҳояси бўлиб ўтди.

Каломуллоҳни бошдан то охиригача қалбларда завқ билан, Қуръонга тўймасдан ўқиган, эшитган мўминлар хатмонага, яъни унинг якунига ўзгача ҳозирлик кўрадилар. Кеча оқшом ҳам ушбу жомеда намозхонлар сони ҳар қачонгидан кўпроқ бўлди. Масжид жамоаси ҳам бу муборак тадбирга алоҳида тайёргарлик ишларини олиб бордилар. Масжид имом-хатиби Жасур домла Рауповнинг таклифларига биноан кўплаб уламолар, имом-хатиблар масжид жамоатини Қуръон байрами билан табриклагани ташриф буюрдилар. Зарур мавъизалар қилдилар.

Жасур домла Раупов

Хатми Қуръонни мураттаб ва мужаввид қорилар – Авазбек Давлатов ва Анвар Зоитовлар 19 кун давомида тартил билан, гўзал савт билан ўқиб бердилар.

Хатми Қуръон сўнггида эса қорилар ҳаққларига, жамоат ҳаққига, юртимиз ободлиги, бутун мусулмон аҳли бирдамлиги, тинчлигини сўраб дуолар қилинди. Маълумки, масжидга биринчи президентимиз, мустақиллигимиз бунёдкори, тинч ва осуда кунлар заҳматкаши Ислом Абдуғаниевич Каримов номлари берилган. Бу кеча хатми Қуръон савоби Ислом отага ҳам бағишланиб, охиратлари обод бўлишини, халқимизига қилган кўплаб яхши ишларининг ажри зиёда бўлишини тилаб дуолар қилинди.

Намоз тугади. Бироқ, кишилар жойларини тарк этаётганлари йўқ. Бу оқшом уларнинг дилларида Роббиларидан сўрайдиганлари дарё бўлиб оқмоқда. Дуолар мустажоб бўлгувчи онларда оламлар Парвардигорига покиза қалб ила юзланиб, муножот қилмоқдалар. Аслида бу манзараларни сўз ила таъриф этиб бўлмайди….

Алҳамдулиллаҳ, юртимиз тинч, кундан-кунга яхшиликлар зиёда бўлиб бормоқда. Ана шундай ўлкада ибодатда, дуода бардавом қилган Тангримизга беҳисоб шукроналарни айтамиз! Халқимизга, юртимиз осойишталигига кўз тегмасин! Омин!

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг