Савоб ишлар, эзгу амаллар ойи

0
416

Рамазон – мусулмон халқи алоҳида эътибор ва ҳурмат билан кутиб оладиган ойдир. Бу ойда олам шодликка тўлади, хайр-барака, фазилатлар ёғилади. Кишилар қалбида сурур, кўзида қувонч балқийди. Ҳамма бир-бири билан ширинсўз бўлиб, меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланади.

Қуръони карим тиловати ва хатмига бўлган муҳаббат жилоси ҳар бир қалбда намоён бўлади. Зеро, Рамазон – Қуръони карим ойи экани шундай баён этилади: «Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир…» Масжидларда ўқиладиган таровеҳ намозида ҳамма бир сафда туриб ибодат қилади. Элу юртнинг равнақи, осойишталиги, барқарорлигини сўраб дуога қўл очилади. Рўзадор борки, эзгуликка интилади, ўзини ислоҳ этади, хатоларини тузатади. Гина-кудурат, зулм, адоват, ғийбат каби иллатларга барҳам берилади.

Ҳозирги вақтда масжидларимиз ҳар галгидан гавжум. Таровеҳ намозида ҳамма бир сафда туриб намоз ўқимоқда, ибодат қилмоқда. Пойтахтимизда 119 масжид бўлиб, бугунги кунда улардан 111 тасида хатми Қуръон ва 2 тасида таровеҳ намози ўқилмоқда. Қолган 6 тасида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу ўринда мамнуният билан қайд этиш ўринлики, Учтепа туманида “Абу Талха” ва “Лаби зах” масжидларининг фаолият бошлагани қалбларга қувонч бағишлади.

Хатми Қуръон ва таровеҳ ўқилаётган масжидларнинг ҳаммасида намозхонлар учун барча шарт-шароит яратилган. Биродарларимизнинг хотиржам ибодат қилишлари учун ички ишлар бўлимлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш йўлга қўйилган.

Маълумки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан бу йилги Фитр садақаси миқдори бозорлардаги 2 килограмм буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда белгиланди. Масалан, ҳозирда Тошкент шаҳри бозорларида 1 килограмм буғдойнинг нархи ўртача 2 минг 500 сўм. Демак, Фитр садақаси тахминан 5 минг сўмга тенгдир.

Бу йилги Фидя миқдори доимий узр билан рўза тутолмайдиган кишилар учун бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 12 минг сўм, деб белгиланди.

Рамазон – бирдамлик, ҳамжиҳатлик, дийдор ойи. Бир йил давомида бир-бирини кўрмаган кўнгли яқин, аммо яшаш жойи узоқ, қиладиган касби-кори бошқа-бошқа бўлган инсонлар таровеҳ намозларига келганда яна дийдорлашади. Бегона инсонлар ҳам таровеҳ намозига қатнаганда танишиб, дўстлашиб кетади.

Бу ойда оиламизга, қариндош-уруғларимизга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таъминланганларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам беришимиз, беморлар ҳолидан хабар олиб, уларни бориб кўришимиз лозим.

Муҳаммадюсуф Хушвақтов,
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги бош мутахассиси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг