“Қуръон тугамайди, тўхтамайди!” (“Мирза Ғолиб” масжидидаги хатмонадан ўйлар)

0
533

Орзиқиб кутганимиз Рамазоннинг ҳам ярми ўтиб бўлди… Аллоҳ таоло Ўзи азиз қилган ой… ундаги ҳар бир яхшиликлар, ибодатлар, тасбеҳу зикрларнинг қанчалар бизларга фойда келтиришини биз бандалар тасаввур ҳам қила олмаймиз. Шу боис Сарвари олам солаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматларим Рамазон фазилати ва ундаги бўладиган мукофатлар кўплигини билганларида эди, йил бўйи Рамазон бўлишини орзу қилишар эди”, дея марҳамат қилганлар.

Рамазон ўтиб боряпти, унда бошланган хатми Қуръонлар ҳам аста-секин тугаб боряпти. Рамазоннинг таърифини гўзал эшитяпмизу, лекин аслида биз ундан қанчалик фойдаланиб қоляпмиз?  Рўзани қалбан тутган, қўлидан келганича саҳоват, яхшиликда фаол бўлган, кечалари Қуръони каримга муҳаббат билан таровиҳларда тик турган эътиқод соҳибларидан бўла оляпмизми?

Масжидларда ҳавасли манзаралар… ҳеч бир нарсага қиёслаб бўлмас ва ҳеч қачон тарк этгинг келмас илоҳий раҳмат муҳити ҳукмрон. Бу жойда покиза қалб соҳиблари Роббилари билан суҳбат қурмоқдалар. Унга муножотлар қилиб, шашқатор ёшлар ила хатолари, гуноҳларига истиғфорлар айтмоқдалар… Бандаликнинг, инсонийликнинг юксак мақоми, покиза фитратнинг шамойилидир бу ҳолат…

Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган “Мирза Ғолиб” жоме масжидида ҳам куни кеча Қуръони карим хатмонаси бўлиб ўтди. Бу масжидда уч йилдан буён хатми Қуръон ўтказиб бераётган ҳофизи каломуллоҳ Тошкент ислом институти талабаси Аълохон қори Нуриддинов бу йил ҳам тартил билан, гўзал савт билан ҳар куни икки жуздан ўқиб Қуръони каримни ниҳоя қилиб берди. Масжид имом-хатиби Муҳаммад домла Султонхонов Қуръони карим якуни билан жамоатни муборакбод этди. Аллоҳ таолодан хатмоналарни қабул этишини сўраб дуолар қилинди. Бу улуғ кечада яна кўплаб дуолар қилинди: юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровонлиги, бутун мусулмон олами тинчлиги, бирдамлиги, иймонимиз, қалбимиз саломатлиги, икки дунё саодатини тилаб ва албатта хатми Қуръон қилиб берган қори ҳаққларига чин ихлос ила дуолар қилинди.

 

Бу кеча энг юқори даражада турган юзлари мунаввар қорига бутун жамоат ҳавас қилдилар, бизнинг зурриётларимиздан ҳам ана шундай ҳофизи Каломуллоҳлар чиқсин дея қалбдан илтижолар қилдилар. Ёшгина мухлис болалар энди йил бўйи Қуръонни ўрганишни ўқишни, ёдлашни мақсад қилдилар. Бу эса Рамазоннинг ҳикмати эди: “Қуръон тугамайди, тўхтамайди!”

Ҳа, Рамазон бизда, бизнинг ўлкада шундай ўтмоқда! Бу дамлар учун Ўзингга беҳисоб шукурлар бўлсин Буюк Тангримиз!

Азиз диндошим, хатми Қуръонлар бошқа масжидларимизда давом этмоқда. Агар ҳали таровиҳга бора олмаган бўлсангиз, албатта боринг, фурсат бор. Ғанимат рамазон кечаларининг шукуҳини, раҳмат онларини ҳис этмай, роҳат топмасдан Рамазонни тугатиб қўйманг.

Зоиржон Содиқов

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг