Дин – сакинат, ҳаловат, ором

0
249

Шукрлар бўлсинким, Роббимиз таоло ўзининг Роҳман, Роҳийм, Раззоқ, Карийм сифатлари билан бизни сироти мустақиймга, иймон ва поклик билан зийнатланган гўзал ҳаётга йўллаб қўйди. Етган неъматларга шукр бажо келтирган ҳолда, ибодатларда собит бўлган бандаларга абадий ҳаётдаги манзили кўркам боғу-роғлар бўлишини ваъда қилди. Қуръон ҳидоятига юрган бандалар қалбига сакинат, ҳаловат ва ором солди.

Билайликки, дин кишини мажбуриятлар тизимига ёки маълум худуд билан чегараланган қолипга солиб қўядиган нарса эмас. Дин кишининг ҳаётини тартиб-интизомга солиб, поклик ила яшашга ўргатадиган воситадир. Бунга амал қилганлар юқори даража ва хайрли оқибат топадилар.

Дин амалларининг барчаси кишининг охирати, руҳияти ва жисмонияти учун ўта муҳим, керакли ва ўз навбатида фойдали эканлиги ҳадисларда таъкидланган ҳамда олимлар томонидан илмий тарзда асосланиб, исботлаб берилган. Баъзи кишиларга хайрли ишлар ҳақида айтилиб, бунинг учун фалонча ажр-савоб оласиз дейилса, насияга ваъда қилинаётган савобга кўнгли тўлмай, қиёматда ҳақиқатдан ҳам ўша савобларни олармиканман деган шубҳага боради. У кишилар учун жавобни Аллоҳ таоло мусулмон бўлмаган ғарб олимларининг тилидан ўз илмий изланишлари натижасида намоз, рўза, таҳорат ва Расулуллоҳнинг бир қанча суннатларини ўрганиб, уларнинг соғлиқ учун фойдаси мислсиз эканлиги исботлатиб қўйиш билан беради. Аслида иймони комил инсонлар ҳеч қандай исботсиз шариат кўрсатмасига амал қилаверадилар. Бунга бизга нисбатан анчагина содда ҳаёт кечирган саҳобийларни мисол келтириш мумкин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

نْزَلْنَا هَذَا الْقُرْآَنَ عَلَى جَبَلٍ لَرَأَيْتَهُ خَاشِعًا مُتَصَدِّعًا مِنْ خَشْيَةِ اللَّهِ وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ

Агар Биз ушбу Қуръонни бирор тоғ узра нозил қилганимизда эди, албатта, у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан ўзини хор тутган ва ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. Биз бу мисолларни одамларга зора улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз* (Ҳашр, 21)

 Ояти каримада агарда Қуръон куч-қуввати мислсиз ва ҳайбатли тоғларга нозил қилинганида, тоғлар Роббисидан қўрққанлигидан қақшаб, титраб парча-парча бўлиб кетиши ва бундай мисолларни кишилар ўйлаб, тафаккур қилсинлар учун келтирилиши таъкидланган. Бошқа оятда эса, Аллоҳ таоло мўминлар қалбига иймонлари янаҳам зиёда бўлиши учун сакинат нозил қилиши айтилган. Баъзида, намоз ўқисанг ишларинг юришиб кетади, муаммоларингдан қутуласан дейишган эди, мана ибодатда бўлсам ҳам ишларимда ўзгариш йўқ, дейдиганлар учраб қолади. Намоз ўқиган инсон бой бўлади ёки ташвишлари арийди деган гап йўқ, балки, ибодат билан ҳеч қаерда сотилмайдиган қалб сакинати, иймон ҳаловати ва жисм ороми топилади. Бу нарсани топганлар иймон таъмини тотганлардир.

* Яъни Қуръони каримнинг қанчалик оғир масъулият ва ибрат манбаи экани, ундаги илоҳий таълимот шунчалик таъсир кучига эгаки, оятдаги “тамсил”, яъни тасвирий мисолга кўра, агар бирор тоққа онг ато этилиб, унга шу Китоб туширилганида ҳатто, тоғ ҳам тоқат қила олмай, унинг масъулиятидан қўрқиб ёрилиб кетадиган бўлса, биз ақлли инсонлар нега бу муқаддас китоб ва илоҳий хитобга бепарволик қиламиз, деб тафаккур қилсинлар, демоқчи.

Ҳабибуллоҳ Хамдамов
“Валихўжа ўғли Норхўжа” жоме масжиди имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг