Рамазонга туҳфа: Қайта қурилган “Имом Термизий” жоме масжиди фойдаланишга топширилмоқда

0
2830
"Имом Термизий" жоме масжиди

Бугун 14 май куни Тошкент шаҳридаги “Имом ат-Термизий” жоме масжидини бутунлай қайта қуриш ишлари якунига етаётгани муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар жомега ташриф буюрдилар.

muslim.uz

Муҳтарам Президентимиз ўтган йили 21 апрель куни мазкур “Имом ат-Термизий” масжидига ҳам ташриф буюриб, уламолар ва нуронийлар билан суҳбатлашган эдилар. Давлатимиз Раҳбари буюк аллома бобомиз номидаги “Имом ат-Термизий” жоме масжидини тубдан қайта қуриш, атрофларини гўзал масканга айлантириш юзасидан муҳим кўрсатма ва топшириқлар берган эдилар. Мана шу йўналишда жуда катта бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилди. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишди. Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжиднинг гўзал шаклда, замонавий услублар ва миллий қадриятларимизни ўзида акс этган биносини кўздан кечириб, ушбу масжид мусулмонлар учун мўътабар маскан сифатида хизмат қилишини таъкидлаб ўтиб, хайрли дуолар қилдилар.

Алоҳида қайд этиш керакки, масжидга ёндош жойдан аёлларнинг ибодат амалларини бажаришлари учун алоҳида намозхона бунёд этилди. Мазкур хонада бир вақтнинг ўзида юздан зиёд аёл намоз ўқиши мумкин.

“Имом ат-Термизий” жоме масжиди янги биносининг очилиш маросими шу йил 16 май куни Таровиҳ намози билан бирга-бирга бўлиши мўмин-мусулмонлар учун муборак Рамазон ойига муносиб туҳфа бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг