Тошкент шаҳрида Рамазон ойига тайёргарлик бўйича имом-хатибларнинг йиғилиши ўтказилди

0
484

Бугун 14 Май куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Тошкент шаҳар имом-хатибларининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда муборак Рамазон ойига тайёргарлик ишларини якунлаш, бу ойни динимиз кўрсатмалари ҳамда азалий анъана ва қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш масалалари кўрилди.

Дастлаб, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов йиғилганларни кириб келаётган раҳмат ойи бўлмиш Муборак Рамазони шариф билан муборакбод этиб, жорий йилнинг 12 май куни қабул қитлинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорини яна бир ўқиб эшиттирди.

Мазкур хайрли ҳужжатда белгиланган вазифалар, чора-тадбирлар диний соха ходимларига яна бир эслатилди.

Ш.Турдиқулов юртимизнинг тинчлиги ва халқимизнинг хотиржам ҳаёт кечираётганлигини гапириб, бу борада имом-хатибларни ҳиссаси ва ўрни беқиёс эканлигини қайд этиб ўтди.Шунингдек, Рамазон ойида тушадиган закот ва бошқа хайру-эҳсонлар ҳисобидан маҳалла оқсоқоли, фаоллари билан ҳамкорликда кам таъминланган, муҳтож оилаларга моддий кўмак бериш тадбирларини ташкил этишни тавсия этди.

Шунингдек, йиғилишда сўз олганлар томонидан Рамазон ойи арафасида кўплаб масжидларда тозалик, ободонлаштириш тадбирлари ўтказилганлиги, энди эса таровиҳ намозларида намозхонларга ҳар тарафлама қулай шарт-шароитларни яратиб бериш, айниқса, масжид атрофида автомобилларнинг бетартиб қўйилиши, турли ноқулайлик ва тирбандликларга сабаб бўлишини олдини олиш, жойларда ифторлик ва саҳарлик маросимларини ихчам, дабдадбасиз шаклда ўтказиш юзасидан тавсиялар бериб ўтилди.

Йиғилишда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳозирда бетоб бўлиб турганликлари сабабли Рамазон ойида диний сохада айни иш ҳажмининг ортиши, кўплаб тадбирлар ва хайрли лойиҳаларда масъулликнинг юклатилиши сабабли Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргаш Рустамовни вақтинча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакили, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасига тайинланлаш тўғрисидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий ҳазратларининг буйруғи ўқиб эшиттирилди.

Биз устозимизнинг дардларига Аллоҳ таолодан мукаммал шифо сўраб, тез орада соғайиб, халқимизга ислом маърифатини тартишда, серқирра илм ва бой тажрибалари билан кўп йиллар динимизга хизмат қилишларини тилаб қоламиз.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг