Рамазоннинг 41 фазилати

0
313

(1-қисм)

Аллоҳ таоло Еру Осмонларни яратиб, Қуёш ва Ойни йил ва ой-кунларни ҳисоб-китоб қилиш асоси қилиб белгилаганида ойларни ўн иккита бўлишини ирода қилди. У Зот бу ойлар ичидан Ўзи истаганини бошқалардан афзал қилди ва айримларини маълум ибодатлар учун танлади. Ана шундай танлаб олинган ойларнинг гултожиси – бу Рамазон ойидир.

«Рамазон» сўзи арабча сўз бўлиб, луғатшуносларнинг айтишларича, у «қаттиқ иссиқ», «жазирама», «қизиб чўғ бўлиш», «куйдириш» маъноларини англатувчи калимадан олинган. Бу ойнинг айнан ушбу номни олиши сабаби ҳақида турлича фикрлар бор. Жумладан, аллома Жавҳарий: «Айтишларича, араблар ойларнинг номларини эски тиллардан ўгиришганида ойларни ўша пайтда тўғри келган вақтига кўра номлашган. Ўшанда ушбу ой иссиқнинг энг жазирамасига тўғри келган экан», дейди. Иккинчи бир фикрга кўра, «Рамазон ойи гуноҳларни куйдириб ташлагани учун шу ном билан аталган. Зотан, бу ой жоҳилият даврида «Нотиқ» деб аталар эди». Бошқалар айтишадики, «Бу ойдаги ибодат – рўза кишиларни ташналикдан ичини қиздиргани учун ой Рамазон деб номланган».

Нима бўлганда ҳам, Рамазон ойини Аллоҳ хоссатан уммати муҳаммадия учун алоҳида баракотли, фазилатли қилиб қўйган. Рамазонинг хусусияти, фазилати, баракаси жуда ҳам кўп ва беқиёс. Биз ҳозир улардан ўзимизга маълум бўлганларини эслаб ўтамиз:

1.    Рамазон ойларнинг султонидир. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қлиган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар. Бу ҳақиқатни қуйида келадиган сатрлар ҳам тасдиқлайди.

2.    Рамазон Қуръон ойидир. Ҳа, Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китоби, Қиёматга боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиз каломи Қуръони Каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир. Аллоҳ айтади:

«Рамазон ойи – унда  одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир» (Бақара, 185-оят).

«Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик» (Қадр, 1-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Қуръонни аввал Лавҳул-маҳфуздан дунё осмонига бутунича нозил қилган ва бу Рамазон кечаларидан бирида – Қадр кечасида бўлган. Вақти-соати келиб, Қуръоннинг Ер юзига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиниши ҳам айнан Қадр кечасида бошланган. Кейинчалик ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга шу Рамазонгача нозил бўлган оятларни такрорлатадиган бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга икки бора ўқиб берганлар. Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бу муборак хатмга гувоҳ бўлганлар. Бу хатм манбаларда «арзаи охир» – «сўнги ўқиб ўтказиш» деган ном билан машҳурдир.

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».

Ҳадис китобларни ўқисак, Рамазон билан Қуръонни эгиз шафоатчи тарзида тасвирланганини кўрамиз. Имом Аҳмад ва Абу Фазлларнинг ҳадис тўпламларида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: «Эй Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Бас, иккови ҳм шафоат қилади», деганлар».

Ана шундоқ қилиб, бу ой илоҳий тасарруф орқали Ислом уммати учун Қуръон ойи қилиб берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан тортиб бугунги кунгача бу ҳолат бутун мусулмон оламида анъана тарзида муваффақиятли давом этиб келмоқда. Саҳобаи киромлар ва тобеинлар Рамазонда Қуръон тиловатига алоҳида эътибор берар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга Рамазонда таровеҳда Қуръонни одамларга хатм қилиб беришни топширганлари ҳам бежиз эмас эди. Буюк тобеин Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи Рамазон ойи ичи барча ибодат ва вазифаларини тўхтатиб, Қуръон ўқиш билан машғул бўлар эди. Ҳозирда кўплаб мусулмон юртларида маҳаллий ва халқаро Қуръон мусобақаларини Рамазон ойида ўтказиш урф бўлган. Бизда ҳам «Хатми Қуръон» деган Рамазон, «Рамазон» дегана Хатми Қуръон ёдга тушадиган бўлиб кетган.

3.    Рамазон Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир.

Имом Бухорий ва Муслим Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир эшик бор, уни «Райён» деб аталади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. «Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киришгач, у беркитилади. Кейин ҳеч ким ундан кирмайди», дедилар».

4.    Рамазон билан хушхабар берилади, табрикланади, унга ошиқилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини интиқлик билан кутар, унинг яқинлашганини кишиларга эслатиб турар ва саҳобаи киромларни у билан табриклаб, муносиб тайёргарлик кўришга чорлар эдилар.

Имом Байҳақий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ражаб ойи кирганда: «Аллоҳим, бизга Ражаб ва Шаъбонда барака бергин ҳамда Рамазонга етказгин», дер эканлар.

Имом Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга Рамазон кириб келди, муборак ой. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди», дедилар».

Абу Фазл ўз     «Муснадида» Салмон розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди.

У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир. Ким унда ўз мамлукига (қул ва чўрисига) енгиллик яратса, Аллоҳ уни дўзахдан озод қилади».

Муалло ибн Фазл айтади: «Салафлар олти ой Рамазонга етказишини сўраб Аллоҳга дуо қилишар, кейин олти ой бу ойдаги ибодатларининг қабул қилинишини сўраб илтижо этишар эди».

Яҳё ибн Касир: «Аллоҳим, мени Рамазонга саломат етказгин, Рамазонни мен учун омон қилгин. Уни мендан мақбул ҳолида қабул қилиб олгин», деб дуо қилар экан.

5.    Рамазонда шайтонлар кишанланади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда «Унда бебош шайтонлар кишанланади», дейилган.

6.    Рамазонда жаннат эшиклари очилади ва дўзах эшиклари ёпилади. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон кирганда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд этилади», дедилар».

7.    Рамазон раҳмат ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳамати жўш уради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки йилнинг «раҳмат кунлари» ҳисобланади.

8.    Рамазон мағфират ойи. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират кунлари» ҳисобланади. Абу Фазл Рамазон фазилати ҳақида Салмон розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба:islom.uz

(Давоми бор)

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг