«Ҳилол» нашриётидан Рамазон туҳфаси

0
146

Устозимиз, халқимизнинг ифтихори, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бошлаб берган гўзал анъанага мувофиқ, «Ҳилол» нашриёт-матбаасининг Рамазон туҳфалари мавсуми янги китоб тақдимоти билан очилди.

Нашриётнинг байрамона безатилган мажлислар залида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Нақшбандия: вазифалар, зикрлар» китобининг тақдимот маросими ўтказилди. Тақдимот маросимига Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, уламолар, пойтахтимиз масжидларининг имом-хатиблари, аҳли илмлар ва бошқа бир қатор азиз меҳмонлар ташриф буюришди.

Қуръони Карим тиловати ва хайрли дуолардан сўнг устоз Абдулҳамид Турсунов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг табрик ва саломларини мажлис аҳлига етказиб, бугун тақдим қилинаётган янги китоб билан нашриёт жамоасини ва бутун ўзбек халқини, барча мўмин-мусулмонларни муборакбод қилдилар. Тасаввуф илмининг динимизда тутган ўрни, ватанимиз уламоларининг тасаввуф борасидаги хизматлари ҳақида гапириб, сўнгги йилларда шайх ҳазратларининг бу соҳадаги баракали илмий фаолиятларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Шайх ҳазратларининг кўп йиллик сафдош, сабоқдош дўстлари Зоҳиджон домла Қодиров ҳам сўзга чиқиб, устозимизнинг халққа тасаввуфнинг асл моҳиятини танитиш борасидаги хизматлари нақадар беқиёс бўлгани ҳақида сўзладилар, тасаввуфнинг улуғ шайхлари ҳаётидан лавҳалар келтириб, уларнинг фазилатларини, Аллоҳнинг раҳматига қандай эришганларини гапириб бердилар.

Устозимизнинг шогирдларидан бири Зуфаржон домла Шосалимов ҳам «Нақшбандия» китобини халқимизга таништирар экан, унинг муқаддимаси шайх ҳазратларининг сўнгги ўн беш йил ичида қилган фидокорона меҳнатларининг ўзига хос мухтасар сарҳисоби эканини, руҳий тарбия илмига оид асарларининг ёзилиш тарихи, хусусан, мазкур китобнинг ёзилишига сабаб бўлган омиллар ҳақида сўзладилар, тасаввуфнинг фиқҳий, шаръий далиллари ҳақида китобдан иқтибослар келтириб, ушбу ўзи мўъжаз, аммо манфаати катта китоб бу борадаги илмларимизни тўлдириш учун гўзал имконият эканини таъкидладилар.

«Ҳазрати Али» жомеъ масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шарипов бугунги тақдим қилинаётган китобнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, унинг чоп қилиниб, халққа тақдим қилинишини тарихий воқеа деб атадилар. «Зеро, тасаввуф борасида фақат тасаввуф аҳлигина сўз юритишга ҳақлидир. Шайх ҳазратлари эса айнан тасаввуфдан насибадор зот бўлганлар. У зотнинг бу ва бошқа китобларнинг муқаддимасида камоли камтаринлик билан «Бу борада сўз айтиш биз ҳақли эмас эдик, бизнинг камтарона уринишларимиз сув бўлмаса, таяммум қабилидаги бир ҳаракат, холос» деган мазмундаги сўзлари фикримизнинг далилидир», дедилар имом-хатиби Салоҳиддин домла. «Нақшбандия» асари шайх ҳазратларининг тасаввуф илмига оид асарлари орасида ўзига хос муносиб ўрин тутади. Устозимиз ўзларининг баракали илмий фаолиятлари давомида халққа динимизни – Исломни, иймонни, эҳсонни етказишда тадрижий усулни танлаб, жамиятда қайси илмга эҳтиёж кучлироқ бўлса, қайси илмни аввал етказиш зарур бўлса, ўша илмлар бўйича китоблар ёзиб, барчамизга тақдим қилдилар. «Тасаввуф ҳақида тасаввур», «Руҳий тарбия», «Хислатли ҳикматлар шарҳи» каби асарлар ҳам ана шундай тартибда ёзилиб, изчиллик билан, халқимизнинг бу борадаги саводхонлиги, илмий савияси босқичма-босқич кўтарилиб боришига хизмат қилди. Мўмин-мусулмонларимизда тасаввуфнинг моҳияти, унинг тарихи, ривожланиши, тариқатлар, тариқат силсиласи ҳақида етарлича тушунча ҳосил бўлгачгина, шайх ҳазратлари бу борада диёримизда кўп асрлардан буён давом этиб келаётган нақшбандия тариқати ҳақидаги ушбу рисола ёздилар. Афсуски, бу китобни халқимизга шахсан тақдим қилиш у зотга насиб этмади, аммо алҳамдулиллаҳ, бугун бу ишни у зотнинг сафдошлари, шогирдлари, фарзанди аржумандлари давом эттиряптилар», дедилар Салоҳиддин домла.

Кейинги сўзга чиққанлар ҳам ушбу китобнинг мазмуни, бадиий сифати ва долзарблиги ҳақида кўп яхши фикрлар билдиришди.

Ниҳоят, тақдимотни якунлаш учун сўз нашриётимиз раҳбари Исмоилжон Муҳаммад Юсуфга берилди. Исмоилжон ҳожи барча устозларга, барча меҳмонларга ушбу китобнинг тақдимотига ташриф буюрганлари учун ташаккур изҳор қилиб, тўпланганлардан ҳамда бугундан бошлаб ушбу китобни қўлига олиб, уни ўқиб, ундаги ҳикматлардан баҳраманд бўладиган барча китобхонларимиздан нашриёт ва босмахона ходимларининг ҳаққига, юртимизда олиб борилаётган барча хайрли ишларга, ислоҳотларга мутасадди бўлаётган раҳбарларимизнинг ҳаққига дуо қилишларини илтимос қилдилар.

«Нақшбандия: вазифалар, зикрлар» китобининг айнан Рамазони шариф арафасида чоп қилиниб, тақдим қилиниши ҳам Аллоҳ таолонинг бениҳоя ҳикмати бўлди, Зеро, Рамазон ойи – нафақат жисмоний, балки маънавий, руҳий ибодат ойидир. Бу ой айни Қуръон тиловати ойи, зикру тасбеҳ, тавба-истиғфор ойидир. Шу нуқтаи назардан руҳий тарбия устозларининг, тасаввуф шайхларининг энг пешқадамларидан бўлган Баҳоуддин Нақшбанд роҳимаҳуллоҳ асос солган нақшбандия тариқатига оид, бу тариқатдаги соликларнинг зикрлари, вирдлари ҳақидаги асарнинг чоп қилиниши айни муддао бўлиб, барчамиз учун чинакам Рамазон туҳфасига айланди.

Исмоилжон ҳожи юртимиздаги ва бутун дунёдаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун инсониятни кириб келаётган моҳи Рамазон билан муборакбод этиб, барчамизга ушбу фазилатли ойдаги ғанимат фурсатдан унумли фойдаланиб, Аллоҳ таоло ваъда қилган барча ажру мукофотларга ноил бўлиш насиб қилишини тилаб, мажлисга якун ясаб бердилар.

Тақдимот маросими сўнггида ушбу қувончли воқеа муносабати билан қилинган олтмиш битта хатми Қуръон якунига етказилиб, унинг ажру савоблари устозимизнинг руҳларига бағишланди.

Азизлар, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб «Нақшбандия: вазифалар, зикрлар» китобининг тақдимот маросими ҳақида тўлиқ видеотасвирларни тез кунда порталимиз саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.

manba:info.islom.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг