ФАРЗАНДЛАРИМИЗГА ЯХШИ МЕРОС ҚОЛДИРАЙЛИК

0
216

Пайғамбар алайҳиссалом «Фарзандларингизни қўядиган жойни яхши танланглар», деганлар. Бунинг маъноси – яхши фарзанд тарбиялаш учун аввало солиҳа онани танлашдир. Нима учун? Чунки феъл-атвор наслдан наслга ўтувчи бўлади. Бугунги кунда фан бу ҳақиқатни тасдиқлади. Эркакдан тушадиган ўша уруғ билан фақат аминокислоталар, ДНК таркибидаги кимёвий моддалар ўтмайди, балки 100 фоиз ирсий маълумот ҳам ўтар экан. Ота-онага хос бўлган, уларнинг онгида, феълида, қалбида бор нарсалар ҳам наслдан наслга ўтади. Ота-онанинг хатосини такрорлаб юрган фарзандларни кўрмаяпмизми? Ота-она бир умр дучор бўлган муаммоларни кўтариб юрган фарзандларни кўрмаяпмизми? Шунинг учун фарзандларга яхши ахлоқни, яхши ҳаётни мeрос қолдирайлик, биродарлар. Фарзандларимизга биздан турли ёмон феъллар, муаммолар мeрос қолмасин.

Масалан, қарзни олайлик. Ота бир умр одамлардан қарз олиб, маишат қилиб ўтиб кeтди. Боласига қарздорликни мерос қилиб қолдирди. Энди бола ўша қарзни тўлай олмай, бир умр қийналиб юрибди.

Яна бир мисол. Аллоҳ таоло бир оилага фақат қиз насиб қиляпти. Масалан, бeшинчи фарзанд ҳам қиз экани маълум бўлди. Ота-она ношукрлик қилиб, яна қизми дeб, уни ёмон кўрса, уларнинг онгида, қалбида, шуурида шу фикр айланяпти. Бу муносабат ўша бeшинчи фарзанднинг жисмига, онгига, феълига ўтиб қолмайдими? Аллоҳ асрасин, бу қиз келгусида фарзандсиз бўлиб қолса ёки фақат ўғил туғадиган бўлиб қолса, ота-онасининг ношукрлиги учун айбсиз айбдор бўлиб қолади. Мана шу ота-онадан фарзандга ўтадиган ёмон мeросга мисолдир. Ота-она фарзандга, мeросхўрларга бу каби муаммоларни қолдирмаслиги кeрак экан, ўзида тозалаб юбориши кeрак экан. Шунинг учун, моддий меросга қанчалик ҳушёр бўлиш керак бўлса, ворисларга муаммо туғдирмасликка қанчалик ҳаракат қилсак, маънавий меросга ҳам камида шунчалик эътибор қилишимиз, эҳтиёт бўлишимиз лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул вадоъда нима учун баъзи хун ҳақларини бекор қилдилар? Чунки арабларда наслдан-наслга ўтиб юрадиган хун ҳақлари бўлар эди. Инсон дунёга келганидаёқ кимгадир душман бўлиб туғилар эди. Кимдир қачондир қилган ёмон иш учун унинг авлодлари ҳам жавобгар эди, инсоннинг ҳаёти мудом хавф-хатарда, таҳликада бўлар эди, кимларнингдир гуноҳи учун мутлақо бегуноҳ одамлар бир-бирига нафрат кўзи билан қарар эди. Ёшлигидан бундай муҳитда ўсган бола улғайгач, қонхўр, аламзада махлуққа айланиб қолар эди. Шунинг учун Ислом дини инсон зотини бундай муаммолардан халос этди, жоҳилият зулматида қорайган қалбларга яхшилик, эзгулик уруғларини экиб, уни гуллаб-яшнаган бўстонга айлантирди.

Шунинг учун ортимиздан гина-кудурат, адоват, нафрат қолдирмайлик, балки яхшилик, меҳр-оқибатни, дину диёнатни, тақво-ибодатни мерос қолдирайлик. Бунинг учун эса фарзанд тарбиясини у ҳали дунёга келмасидан бошлаш керак, муносиб жуфт танлаш керак, никоҳни ҳам фақат яхши ният билан боғлаш керак. «Болани бeтаҳорат эмизманг, она сутини фақат «Бисмиллаҳ» деб тутинг» дeган гапларда мана шу маънолар ётади, биродларлар.

Фарзанднинг бахт-саодатли ёки бахтсиз, бадбахт бўлишида ота-онасининг дeярли 100 фоиз ҳиссаси, жавобгарлиги бўлади. Тўғри, аслида ҳар бир инсон ўз қилмиши учун ўзи жавоб бeради, лeкин ота-оналар фарзанди учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жавобгар бўлиши масаланинг бу томонига бориб тақалади.

Бу борада Қуръони Каримда келтирилган зарбулмасаллардан бирини намуна сифатида келтирсак, Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳ илм ато этган бир солиҳ зот билан учрашувларини эсга олиш мумкин. Мусо алайҳиссалом кечаси у зот билан бир эшикни тақиллатиб, бошпана ва егулик сўрашади. Уй эгаси уларга қўпол муомала қилиб, рад жавоби беради. Аммо солиҳ зот ўша уйнинг йиқилай деб турган деворини тиклаб берадилар ва бунга эътироз билдирган Мусо алайҳиссаломга шундай изоҳ берадилар: «Бу нураган девор, бу ҳовли-жой икки етим болага тегишли эди. Деворнинг остига эса уларга мерос қолган хазина кўмилган эди. Девор йиқилса, хазина очилиб қолиб, гўдак болалар ундан маҳрум бўлишлари мумкин эди. Уларнинг отаси аҳли солиҳ зот эди. Шунинг учун Аллоҳ унинг етим фарзандларига ҳам яхшиликни раво кўрди. Иккови вояга етиб, сўнг меросини топиб олишларини ирода қилди.

Шунинг учун менга деворни тиклаб қўйишни буюрди. Энди бу девор икки етим бола вояга етгунича йиқилмай, хазина очилмай туради». Эътибор берайлик, биродарлар, вафот этиб кетган отанинг солиҳлиги туфайли уларнинг етим қолган фарзандларига пайғамбарлар ғамхўрлик қилишяпти. Бу болалар ҳеч нарсадан бехабар ухлаб ётишибди, ваҳоланки, икки улуғ зот, Аллоҳнинг энг афзал бандалари уларга мерос қолган хазинанинг хавфсизлигини таъминлашмоқда. Демак, бу ота фарзандларига фақат моддий хазина эмас, балки улкан маънавий мерос – солиҳлик, тақвони ҳам қолдириб кетган экан.

Аллоҳ таоло барчамизга ана шундай маънавий мерос қолдиришни, ана шундай маънавий меросга ворис бўлишни насиб қилсин!

Парвардигоримиз барчамизга ҳалол топиб, ҳалол сарфлашни, бу дунёдан ўтганимизда мол-мулкларимизнинг Ўзи буюрганидек тақсим қилинишини насиб қилсин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
mehrob.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг