Тошкент шаҳрида яна бир янги масжид очилди

0
1640

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинким, юртимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар халқимиз оғирини енгил қилиш, турмушини яхшилаш, моддий-маънавий эҳтиёжиларини қондириш, шунингдек, эътиқод эркинлигини таъминлашдан иборат бўлмоқда.

Барчамизга маълум, кун сайин масжидларимиз қайта таъмирланиб, янгича чирой очмоқда. Зарур бўлган ҳудудларда янги масжидлар очилмоқда. Тошкент шаҳрида ҳам масжидлар сони бугун яна биттага кўпайди.

Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги Хуршид, Оқмачит, Қуйи Дархон, Зулфизар маҳалла фуқаролари томонидан Хуршид маҳалласида жойлашган “Лабизах” масжидини очиш бўйича бир неча бор мурожаатлар қилинган эди.

“Лабизах” масжиди 1967 йилда қурилган бўлиб, шу вақтдан фаолият юритиб келган. 1994 йилда қайта таъмирланиб, 2010 йилгача фаолият кўрсатиб келган. 2010 йилда масжиднинг зарурий ҳужжатлари бўлмагани сабабли фаолияти тўхатилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан маҳалла аҳли мурожаатлари ўрганилиб, атрофдаги масжидлар масофаси анча олислиги ҳисобга олинди ва бир йўла тўртта маҳалла аҳолиси учун ибодат ва тарбия маскани сифатида “Лабизах” масжидини қайта очиш ишларига рухсат берилди. Масжидга Тошкент ислом институти битирувчиси, Ўзбекистон Қуръон мусобақаси туман босқичи ғолиби  Довудхон Охунжонов имом-хатиб этиб тайинланди.

Албатта бу 12000дан зиёд аҳоли учун улуғ неъмат, катта хушхабар бўлди. Кексалар энди қишнинг қировли кунларию, ёз жазирамасида олисларга қийинчилик билан қатнамайдилар. Энди уларнинг ўз масжидлари, файзли ибодат уйлари бор.

Бугун 20 апрел муборак Жума куни жоме масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлимидан Исҳоқжон Бегматов, Сарвар Муҳаммадиев, ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллигидан Муҳаммадюсуф Хушвақтовлар иштирок этдилар.

Исҳоқжон домла Бегматов Жума намозини адо этиб бериб, масжид жамоатига муфтий ҳазратларининг табрик ва қутловларини йўлладилар. Янги масжид халқимиз эътиқоди, маърифатини мустаҳкамлашда ҳидоят маскани бўлиб кўп йиллар хизмат қилишини Аллоҳдан сўраб, бу хайрли ишда жонбозлик кўрсатганлар ҳақларига дуолар қилинди.

Бундан аввал “Абдулла Қодирий” маҳалласида “Абу Талҳа” жоме масжиди фаолият бошлаганлиги ҳақида хабар берган эдик. Шу билан пойтахтимиздаги масжидлар сони ҳозирча 120 тага етди.

 

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг