Мен билан айрим мазҳабсизлар ўртасида бўлиб ўтган баҳс-мунозаранинг қисқача мазмуни (1-қисм)

0
1199

…У ҳақиқатни ўз ўрнидан бошқа жойлардан излашга одатланган бир неча хушсурат йигитлар билан келди. У билан суҳбатни бошларканман, шундай дедим:
– Сиз Аллоҳнинг ҳукмларини англашда қандай услубни қўллайсиз? Уларни Қуръон ва Суннатдан оласизми ёки мужтаҳид имомларданми?
– Мен имомларнинг фикрларини ва уларнинг ҳужжатларини кўриб чиқаман-да, сўнг Қуръон ва Суннатдаги далилга энг яқин бўлган фикрга суянаман!
– Сизда 5000 Сурия лираси бор. Уларни 6 ой сақладингиз, сўнг у пулга мол сотиб олиб, савдо қила бошладингиз. Ана шу молнинг закотини қачон берасиз – қолган олти ойдан кейинми ёки тўлиқ бир йилдан кейинми?
У бироз ўйланиб, сўнг деди:
– Саволингизга қараганда, сизнингча, савдо молидан закот бериш керакми?
– Мен фақат сўраяпман. Ўзингизга хос услубингиз бўйича жавоб беришингизни ҳоҳлаяпман. Мана, қаршингизда кутубхона. Унда тафсирга, суннатга оид китоблар ва мужтаҳид имомларнинг китоблари бор…
У бироз ўйланиб, кейин деди:
– Э-э биродар, ахир бу дин, яхшилаб ўйламасдан жавоб бериладиган оддий савол эмас. Бунинг учун таҳлил қилиш, такрорлаш ва ўрганиш керак, буларнинг ҳаммаси учун эса вақт керак. Биз бу ерга бутунлай бошқа мавзуни муҳокама қилиш учун келганмиз!
Мен бу саволга нуқта қўйдим ва дедим:
– Жуда яхши… Айтинг-чи, ҳар бир мусулмон имомларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиши, сўнг улардан Қуръон ва Суннатга кўпроқ мос келадиганига эргашиши шартми?
– Ҳа.
– Бундан чиқди, ҳамма одамлар ҳам худди мазҳаб имомлари каби ижтиҳод қилиш салоҳиятига эга экан-да. Балки, уларнинг салоҳияти яна ҳам юқорироқ, яна ҳам етук экан. Ахир буюк-буюк имомларнинг фикрларини Қуръон ва Суннат мезони асосида тўғри ва нотўғрига чиқаришга қодир бўлган одам  шубҳасиз ҳамма имомлардан кўра илмлироқ бўлади-да!
– Аслида одамлар уч тоифа бўлади: муқаллид, муттабиъ ва мужтаҳид.
Бир мазҳабни бошқаси билан солиштириб, Қуръонга яқинроғини ола биладиган одам – муттабиъдир. Бу тақлид билан ижтиҳод орасидаги ўрта даража.
– Муқаллиднинг вазифаси нима?
– Ўзига маъқул бўлган мужтаҳидга эргашиш.
– Уларнинг фақат биттасигагина оғишмай эргашиб, бошқасига эргашмаслигида унинг учун гуноҳ борми?
– Ҳа, бу унинг учун ман этилган (ҳаром).
– Бунга ҳужжат борми?
– Ҳужжат шуки, у Аллоҳ таоло унга фарз қилмаган нарсани ўзи учун фарз қилиб олган.
– Сиз Қуръонни етти қироатнинг қайсинисида қироат қиласиз?
– «Ҳафс» қироати билан.
– Ҳар доим шу қироат билан ўқийсизми ёки ҳар куни ҳар хил қироат биланми?
– Йўқ, мен ҳар доим фақат «Ҳафс» кироати билан ўқийман.
– Хўш, нима учун сиз буни ўзингиз учун фарз қилиб олдингиз? Ахир Аллоҳ таоло сизга Қуръонни фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинганидек ўқишни буюрган-ку?
– Чунки мен бошқа қироатларни ўзлаштирганим эмас. Менга фақат шу қироатда ўқиш осон.
– Фиқҳни Шофеъий мазҳаби бўйича ўрганган бу  киши ҳам бошқа мазҳабларни тўлиқ ўзлаштира олмаган. Унга диний аҳкомларини фақат шу имомдан ўрганиш осон бўлган. Агар сиз у барча имомларнинг ижтиҳодини ўрганиб, ҳукмларни уларнинг ҳаммасидан олиши шарт десангиз, у ҳолда ўзингиз ҳам барча қироатларни ўрганишингиз лозим бўлади-ку! Агар ўзингизни қобилиятим йўқ деб оқлайдиган бўлсангиз, унда ўша муқаллидни ҳам оқлашингиз керак бўлади. Нима бўлганда ҳам, биз шундай деймиз: Аллоҳ таоло унга бир мазҳабдан иккинчисига ўтишни ҳам, ҳар доим фақат битта мазҳабга эргашишни ҳам буюрмаган бўла туриб муқаллид бир мазҳабдан бошқасига ўтишни ўзи учун вожиб қилиб олиши шарт, деган гапни сиз қаердан олдингиз?
– Унга фақат, ушбу лозим тутишни Аллоҳ буюрган, деб эътиқод қилишгина тақиқланган.
– Бу умуман бошқа масала. Бу ҳеч қандай шубҳа ва ихтилофсиз ҳақиқат. Аммо бу Аллоҳнинг буйруғи, деган эътиқодда бўлмаса ҳам, ҳар доим фақат битта мужтаҳидни лозим тутган муқаллид гуноҳкор бўладими?
– Йўқ, гуноҳкор бўлмайди.
– Аммо сиз ўқитаётган китобча сўзларингизнинг аксини айтяпти. Унда бу нарса тақиқланган дейилган. Ҳатто баъзи жойларида фақат битта имомга оғишмасдан эргашган одамни кофир дейишгача борилган.
– Бу қаерда айтилибди?
У китобчасини очиб, ундаги матн ва жумлаларни ўқир экан, муаллифнинг: «Барча масалаларда фақат бир имомга оғишмай эргашувчи киши – адашган мутаассибдир ва у динни бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олганлардандир», деган сўзлари ҳақида фикрлай бошлади. Сўнг деди:
– Бу ерда у, шариат буюрган, деган эътиқод билан мунтазам эргашишни назарда тутган. Бу иборада баъзи нуқсонлар бор!
– Унинг айнан шуни назарда тутганлигига ҳужжат борми? Нима учун сиз, муаллиф адашган, демаяпсиз?
У яна бу иборанинг тўғрилиги, шунчаки яширин маънога эга эканлиги ва муаллиф бу ерда ҳеч қандай хатога йўл қўймаганлигини таъкидлашда туриб олди!
Мен шундай дедим:
– Бироқ, бундай маънодаги гап– баҳслашадиган мавзу эмас. Унинг фойдаси ҳам йўқ. Ҳеч бир мусулмон йўқки тўртта имомдан биттасига эргашишлик шариатнинг  буйруғларидан эмаслигини билмаса. Қайси бир мусулмон маълум бир мазҳабни лозим тутар экан у бу  ишни ўз ҳоҳиши ва ихтиёри билан қилади.
– Қанақасига? Мен кўпчиликдан, баъзи аҳли илмлардан эшитганманки, Шариатда маълум бир мазҳабни лозим тутишлик вожибдир. Ҳаттоки унинг учун бир мазҳабдан бошқасига ўтиш мумкин эмас!..
– Шу гапни сизга айтган биттагина одамнинг исмини менга айтинг-чи. Майли, ҳоҳ оддий одам бўлсин, ҳоҳ олим.
У киши жимиб қолди. Бироқ у менинг сўзларим тўғри чиқиши мумкинлигидан ҳайратга тушди ва биргина нарсани – кўпчилик одамлар бир мазҳабдан бошқасига ўтишни тақиқлашларини билишини такрорлай бошлади.
Мен унга шундай дедим:
– Ҳозир бир дона бўлса ҳам бундай  ботил хомхаёлга эътиқод қилмайди. Тўғри, Усмонийлар даврининг охирги авлодлари ҳақида келган ривоятларда улар ханафийнинг ўз мазҳабидан бошқа мазҳабга ўтишини мисли кўрилмаган ҳодиса деб ҳисоблаганликлари айтилган. Уларнинг бу  фикрлари (агар нақл тўғри бўлса) аҳмоқликнинг ва кўр-кўрона манфур мутаассибликнинг (фанатизмнинг) чўққиси эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

(Давоми бор)

Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ
“Мазҳабсизлик шариати исломга таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир” китобидан

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг