Мен билан айрим мазҳабсизлар ўртасида бўлиб ўтган баҳс-мунозаранинг қисқача мазмуни (2-қисм)

0
606

Ана шундан сўнг унга:
– Сиз муқаллид билан муттабиъ орасидаги фарқни қаердан олдингиз? Бу фарқ луғат жиҳатиданми  ёки истилоҳ жиҳатидан? дедим.
– Йўқ, уларнинг орасида луғат жиҳатидан фарқ бор.
Шунда мен унга бу икки сўзнинг луғавий фарқини кўрсатиб бериши учун лексик луғатларни олиб келдим. У бўлса ҳеч нарса топа олмади.
Мен шундай дедим:
– Албатта, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, мусулмонлар у зотга тайинлаган маошга қарши чиққан арабга: «Агар муҳожирлар рози бўлсалар, сиз уларга эргашинг», деганлар. У киши «эргашинг» деган сўзни ҳеч қандай бошқа фикрга ўрин қолдирмайдиган розилик маъносида қўллаганлар.
– Майли, атамалардаги фарқ бўла қолсин… Ахир  ўз атамаларимдан фойдаланишга ҳаққим йўқми?
– Албатта мумкин. Лекин сизнинг бу атамаларингиз нарсанинг моҳиятини мутлақо ўзгартира олмайди. Сиз муттабиъ деб атаётган одам, агар ҳужжатлар ва улардан ҳукм чиқариш услубидан хабардор бўлса, демак у мужтаҳиддир. Агар ҳужжатлар ҳақида бехабар бўлса ёки улардан ҳукм чиқара олмаса, бундай ҳолатда у муқаллиддир. Агар у баъзи масалаларда хабардор, бошқаларида бехабар бўлса, демак у баъзи масалаларда муқаллид, баъзиларида мужтаҳид бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай ажратиш иккинчи даражалидир ва уларнинг ҳар бирига тегишли бўлган ҳукм аниқ ва маълумдир.
– Муттабиъ – бу фикрлар ва уларнинг ҳужжатлари орасидан тўғриларини ажрата оладиган ва улардан бирини бошқаларидан афзал кўра оладиган одамдир. Бу соф тақлид даражасидан фарқли даражадир.
– Агар сиз фикрларни ҳужжатнинг кучли ёки заифлигига қараб саралашни назарда тутаётган бўлсангиз, унда бу ижтиҳоднинг олий даражасидир. Шахсан сизнинг қўлингиздан шу нарса келадими?
– Мен кучим етганича шундай қиламан.
– Шахсан мен сизнинг бир жойда ва бир вақтда берилган уч талоқ бир талоқ ҳисобланади, деган фатвони берганингизни биламан. Мана шу фатвони беришдан аввал сиз имомларнинг фикрлари ва ҳужжатларига мурожаат қилиб, сўнг уларни таққослаб кўриб, сўнг шулар асосида фатво чиқардингизми?.. Уваймир ал-Ажлоний «лиъон» қилганидан сўнг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларида ўз хотинига уч марта талоқ берди. У: «Ё Аллоҳнинг Росули, агар уни олиб қоладиган бўлсам унга туҳмат қилган бўламан. Уни уч талоқ қилдим», деди. (Бу –битта талаффуз билан “уч талоқ” деса, уч талоқ тушишига ҳужжат бўладиган очиқ ва саҳиҳ Суннатдаги кўплаб далиллардан биридир.)
Сиз ушбу ҳадис ҳақида, унинг бу масалага нисбатан тутган ўрни ҳақида ва бу ҳадис жумҳурнинг мазҳабига ёки ибн Таймийянинг мазҳабига қай даражада далолат қилиши  ҳақида нима биласиз?
– Мен бу ҳадисни учратмаганман.
– Ундай бўлса, қандай қилиб сиз бу масалада тўрт мазҳаб иттифоқ қилган фикрга қарши чиқиб, уларнинг ҳужжатларини ва уларнинг саҳиҳ ёки заифлик даражасини ўрганмай туриб фатво чиқардингиз?.. Мана, ўзингиз даъво қилаётган ва бизга ҳам уқтиришга уринаётган услубингиз – ўзингиз иттибоъ деб номлаб олган услубингиздан четлашибсиз!
– У пайтда менда ҳамма мазҳабларни ва уларнинг ҳужжатларини ўрганиш учун етарли китоблар йўқ эди.
– Аксарият мусулмонларнинг ҳужжатларидан ҳеч нарса ўрганмай туриб, уларнинг фикрига тескари бўлган фатвони шошилиб чиқаришга сизни нима мажбур қилди?
– Ахир мендан сўрашган бўлса, менда эса китоблар кам бўлган бўлса, нима қилишим керак эди?!
– Сиз барча буюк олимлар ва имомлар қиладиган нарсани қилишингиз керак эди. «Мен билмайман», десангиз бўлар эди. Ёки савол берган одамга тўрт мазҳаб имомларининг фикрини ва уларга қарши бўлган фикрни келтиришингиз, лекин битта фикр асосида фатво чиқармаслигингиз мумкин эди. Бу сизнинг бурчингиз эди. Қолаверса, бу сизни қандайдир хулосага келишга мажбур қиладиган даражадаги муаммо эмас эди!.. Сиз бўлса тўрт имом иттифоқ қилган ҳукмга тескари бўлган фикр асосида, тан олганингиздек, уларнинг ҳужжатларини ўрганмай туриб, тўрттала мазҳабга зид бўлган фикр сизнинг кўнглингизга яқинроқлигидан кифояланиб фатво чиқарибсиз. Бу – сиз биз ҳақимизда гумон қилаётган мутаассибликнинг охирги нуқтасидир.
– Мен тўрт имомнинг фикрларини аш-Шавқонийнинг китобидан ва Саййид Собиқнинг «Субул ас-салом» ва «Фиқҳус-сунна»ларидан ўрганганман.
– Булар ушбу масала бўйича тўрт имомга мухолиф бўлганларнинг китоблари. Уларнинг барчаси бирёқлама фикр билдириб, ўзларининг фикрини тасдиқловчи ҳужжатларнигина келтиришган. Сиз икки мухолиф ҳақида ҳукм чиқарсангиз, улардан фақат биттасини, унинг гувоҳлари ва яқинларинигина эшитиб кўриб, ҳукм чиқараверасизми?
– Мен ўз ҳаракатларимда ҳеч бир ёмон нарса кўраётганим йўқ. Мен сўровчига фатво беришим шарт эди ва мен буни ўз тушунчам даражасида бажардим.
– Мен муттабиъман деяпсиз. Сизнингча, биз ҳам шундай бўлишимиз керак экан. Сиз иттибоъни «барча мазҳабларнинг ҳукмларини кўриб чиқиб, уларнинг ҳужжатларини ўрганиб, саҳиҳ далилга яқинроқларига эргашиш», деб таърифладингиз. Ўзингиз эса бу ишингиз билан ўз услубингизни йўққа чиқаряпсиз! Бир вақтда ва бир жойда берилган уч талоқ учта талоқ бўлишига тўрт мазҳаб имомлари иттифоқ қилишган. Буни биласиз. Бунга уларнинг далиллари бор. Сиз эса уларни ўрганмагансиз. Лекин сиз улар иттифоқ қилган фикрдан воз кечиб, ўзингизга кўпроқ ёқадиган фикрни олгансиз. Сиз аввал тўрт имомнинг ҳужжатлари ботил эканлигига амин бўлдингизми?
– Йўқ, мен уларни ўрганмадим. Чунки менда тегишли манбалар йўқ эди.
– Унда нима учун кутиб турмадингиз? Нега шошилдингиз? Ахир Аллоҳ таоло сизга буни буюрмаган эди-ку!? Кўпчилик олимларнинг далилларини ўрганмаганингиз ибн Таймийянинг раъйини қувватлайдиган далил бўла оладими? Сизлар бизни ноҳақ айблаётган мутаассиблик (фанатизм) аслида мана шу эмасми?
– Мен ўзимда мавжуд бўлган китоблардан етарли ҳужжатларни топдим ва Аллоҳ таоло менга бундан ортиғини буюрмаган.
– Агар мусулмон одам ўзида бор китобларда бирор нарсанинг ҳужжатини кўрса, бу нарса бунга зид фикрдаги мазҳабларни (уларни ўрганмаган бўлса ҳам) тарк этиши учун етарли бўладими?
– Унга шунинг ўзи кифоя қилади!..
– Айтайлик, диний аҳкомларни бажаришни энди бошлаган, ҳали Ислом маданиятидан ҳеч нарса олиб улгурмаган ўспирин бола Парвардигорнинг «Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа қарасангиз Аллоҳнинг юзи бор. Албатта, Аллоҳ кенг қамровли, билувчи зотдир» («Бақара» сурасининг 115-ояти) оятини ўқиди. У бу оятни «Мусулмон одам намозида юзини ҳоҳлаган томонга буриши мумкин экан, оятнинг маъноси буни аниқ кўрсатиб турибди» деб тушунди. Бола тўрт буюк имомлар намозда юзни фақат Каъба томонга буриш керак деб иттифоқ қилишганини, уларда бу ҳақда далиллар борлигини эшитган экан, лекин ўша ҳужжатларни ўрганмаган. Хўш, у намозга турганида нима қилади? Ўзида бор ҳужжатга эргашадими ёки иттифоқ бўлиб, бунга тескари ҳукм чиқарган имомларгами?
– У ўз эътиқодига эргашиши лозим!!!
– У масалан, машриққа қараб намоз ўқиса, намози дуруст бўладими?
– Ҳа. Чунки у ўз шахсий эътиқодига эргашиши лозим!
– Агар шахсий эътиқоди унга қўшнининг аёли билан зино қилиш, хамр ичиш, қўшнисининг молини ноҳақ тортиб олишда ҳеч қандай гуноҳ йўқ, деб ишонтирадиган бўлса-чи? Унинг «шахсий эътиқоди» бўлганлиги учун Аллоҳ таоло унга бу нарсаларни ҳалол қиладими?
У бироз сукут қилиб, сўнг деди:
– Нима бўлганда ҳам, сиз мендан сўраган ушбу ҳолат воқеликдан узоқ ва ҳаётда юз бериши мумкин эмас.
– Бу рўё эмас, аксинча, бундай нарсалар ва бундан ҳам ажабланарли ҳодисалар ҳаётда тез-тез учраб турибди! Ислом, Қуръон ва Суннат ҳақида илмга эга бўлмаган ўспирин тасодифан ушбу оятни эшитиб ёки ўқиб қолиб, ундаги зоҳирий маънога қараса, ҳар қандай араб тушунадиган нарсани тушунади: намозхон юзини истаган тарафга бурса ҳам «гуноҳ йўқ» экан! Ваҳоланки, у ҳамманинг бошқа томонга эмас, айнан Каъбага қараб намоз ўқишини кўриб турибди. Яъни, мусулмонлар орасида Исломдан ҳеч нарса билмайдиган одамлар бор экан, бундай бўлиши табиий ва ҳар қачон юз бериши мумкин. Қисқаси, бу ҳолат ҳоҳ воқелик бўлсин, ҳоҳ хаёлий, сиз бу ҳақда чиқарган ҳукм хаёлий эмас эди. Сиз шахсий фикрни ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳукм чиқариш учун асос бўлади, деб ҳисобладингиз. Бу эса сизнинг одамларни уч тоифага – муқаллид, муттабиъ ва мужтаҳидга ажратишингизга зид келади.
– У текшириб кўриши керак… Ахир у бирорта ҳадис ёки бошқа оятни ўқимаганми?
– Худди талоқ ҳақида ҳукм чиқараётганингизда сизда йўқ бўлганга ўхшаб, унда ҳам текшириш учун зарур манбалар йўқ эди. Унда намозда қайси томонга юзланиш кераклиги ҳақидаги бошқа оятларни ўқишга ҳам имконият йўқ эди. Хўш, шундан кейин ҳам у имомларнинг ижмоъсини рад қилиб, ўзининг шахсий фикрига эргашишини таъкидлаб, ўжарлик қилавериши керакми?
– Ҳа, агар у текшириб кўришга қодир бўлмаса, узрли бўлади. Раъйи ва фикрлаши нимага олиб келган бўлса, ўша нарсага таяниши унинг учун етарли.
– Айтиб қўяй, сизнинг тилингиздан қанчалик ғалати ва хавфли сўзлар чиқаётганини бошқаларга айтиб бераман!
– Мен ҳақимда ҳоҳлаган нарсангизни айтаверинг, қўрқадиган жойим йўқ!
– Албатта! Аллоҳ Таолодан қўрқмаган, ўзининг сўзлари билан Парвардигорнинг «Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг» (16:43) деган оятини йўққа чиқарган одам мендан қўрқармиди?!
– Э-э биродар, ўша имомлар ҳам бир гуноҳкор бандалар. Мен суянаётган оят эса – Беайб Парвардигорнинг каломи. Қандай қилиб Беайб Парвардигорни қўйиб, адашувчи бандаларнинг этагидан тутиш мумкин?
– Воажаб… Аллоҳ таолонинг «Машриқу мағриб Аллоҳникидир…» деган сўзларидаги асл маъно ҳақ, албатта! Бироқ Ислом маданияти, унинг аҳкомлари ва Қуръон маъноларидан мутлақ узоқ бир йигитчанинг тушунчалари ҳақ ҳисобланмайди. Яъни, мен шу ўспириннинг тушунчаси билан тўрт имомнинг тушунчасини қиёслаяпман. Икковиям банда, беайб эмас, лекин бировининг илмсизлиги, юзакилиги, иккинчи томоннинг эса тадқиқот, илм ва таҳлилга чўмганлиги аниқ кўриниб турибди-ку!
– Албатта, Аллоҳ таоло уни жидду жаҳди олиб борган нарсадан бошқасига буюрмаган!
– Унда мана бу саволимга жавоб беринг. Бир кишининг фарзанди бор. Бола касал бўлди, дейлик, шамоллаб қолди. Шаҳардаги ҳамма табиблар уни текшириб, унга фалон дорини бериш керак дейишди. Улар боланинг отасига унга пенициллин уколидан эҳтиёт бўлишни уқтириб, бу боланинг ўлимига олиб келади, деб айтишди. Бироқ боланинг отаси пенициллин шамоллашда ёрдам беради деб тиббий журналларда ўқиган эди. У бу масалада ўзининг билимларига асосланиб, табибларнинг маслаҳатини рад этади, чунки уларнинг ҳужжат-далилларини билмайди. У шахсий фикрига суяниб, боласига пенициллин укол қилдиради. Натижада бола Аллоҳнинг ҳузурига йўл олади. Ўша отани маҳкамага тортиш керакми? Бу ерда унинг гуноҳи борми?
У бироз ўйланиб турди ва жавоб берди:
– Булар бошқа-бошқа масалалар.
– Аксинча, булар айни бир хил масалалар. Худди бояги ўспирин олимларнинг иттифоқ қилган фикрларини эшитгани каби ота ҳам барча табибларнинг фикрларини эшитди. Лекин у фақат тиббий журналда ўқиган маълумотига таянди, худди бояги ўспирин Аллоҳнинг Китобидан ўқиган битта матнига таянгани каби. Иккаласи ҳам ўз шахсий фикрини қўллади!
– Биродар, Қуръон – нурдир … Бу нурни бошқа қандайдир сўзлар билан солиштириб бўлармиди?
Мен «Қуръон нури уни тафаккур қилувчи ва ўқувчи ҳар бир одамнинг онгида тажаллий этади: ўша одам эса бу нурни Аллоҳ ирода қилганичалик тушунади. Агар билган ҳам, билмаган ҳам ушбу нурдан бирдай оладиган бўлса, улар орасида қандай фарқ бўлиши мумкин? Икала мисол ҳам бир хил, улар орасида фарқ йўқ. Энди сиз менга жавоб беринг: бу мисоллардаги одамлар ўзларининг шахсий фикрларига эргашадиларми ёки мутахассисларгами?” дедим.
– Шахсий фикри унга асос бўлади.
– У шахсий фикрини қўллади ва натижада фарзанди вафот этди. Бунинг учун у Шариат бўйича ёки бошқа қонун бўйича қандайдир жавобгарликка тортиладими?
У оғзини тўлдириб жавоб берди:
– У ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди!
– Мунозарага мана шу ерда нуқта қўяйлик. Сиз мана шу хулосангиз билан ўртамизда ягона фикрга келиш ва бу асосда қандайдир изланиш юритиш йўлини бутунлай йўқ қилдингиз! Ўзингизнинг ғалати ва ҳайратли жавобингиз билан бутун Ислом уммати иттифоқига қарши чиқаётганингизнинг ўзи кифоя қилади. Йўқ, Аллоҳ таолога қасамки, агар   манфур мутаассибликнинг соҳиблари сизнинг ўзингиз бўлмасангиз, ер юзида манфур мутаассибликка (фанатизмга)бирор бир маъноси қолмайди!
Диний саводи йўқ мусулмон Қуръонни тушунишда ўз «шахсий фикри»га суяниб, намозни бутун мусулмонлардан фарқли – Каъбадан бошқа тарафга қараб ўқиса-ю, унинг намози дуруст ҳисобланса!.. Оддий одам ўз шахсий фикрига суяниб, ҳоҳлаган одамини ҳоҳлаганча даволаса, унинг айби билан бемор вафот этса-ю, бу «табиб»га «Аллоҳ сени мағфират қилсин!» дейишдан нарига ўтилмаса!..
Ундай бўлса, нима учун бу одамлар бизнинг «Дин аҳкомларидан ва ундаги далил-ҳужжатлардан бехабар одамлар мужтаҳид имомлардан бирининг мазҳабига эргашиши лозим, чунки у имом Аллоҳнинг Китоби ва Унинг Росули соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг суннатини яхшироқ билади», деган шахсий фикримизга суянишимизга қўйишмайди?!
Агар улар бизнинг фикрларимизни хато деб ҳисоблашса, бу ҳам уларнинг «шахсий фикр»лари эканлигини эсдан чиқаришмасин. Улар учун юқоридаги – Каъбага орқасини қилиб намоз ўқувчининг намози дуруст, боланинг ўлимига сабаб бўлиш эса ижтиҳод ва даволашдир, деб ҳисоблаётган кимса яхши ибрат бўлсин!..

Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ
“Мазҳабсизлик шариати исломга таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир” китобидан

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг