Муфтий Бобохоновлар сулоласига бағишланган “Улуғ инсонлар маънавияти” китобининг тақдимоти ўтказилди

0
633

2018 йил 1 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасида 1982–1989 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идиний бошқармасига муфтийлик қилган, 1975-1982 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори вазифасида фаолият юритган шарқшунос олим, дин ва жамоат арбоби, дипломат Шамсиддинхон Бобохонов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб нашр этилган фалсафа фанлари доктори, профессор Саидмухтор Саидқосимовнинг “Улуғ инсонлар маънавияти” номли китобининг тақдимот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, хорижий ваколатхоналар ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, шарқшунослик, диншунослик, халқаро муносабатлар соҳаси мутахассислари, илмий тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этдилар.

Саидмухтор Саидқосимовнинг “Улуғ инсонлар маънавияти” китоби Бобохоновлар сулоласининг оғир ва таҳликали даврларда Ислом дини ҳимояси йўлида чеккан заҳматлари ва ўз навбатида шоду хурсандчилик онларини ўзида содда ва халқчил тилда ифода этади.

Асар қизиқиш билан “бир нафас”да ўқилиб, катта таассурот қолдириши, унда Шамсиддин Бобохоновнинг ҳаёт йўли ва мазмунли фаолияти билан бирга Бобохоновлар сулоласи, улар билан замондош бўлган давлат ва жамоат арбоблари, олим ва ёзувчилар билан боғлиқ ҳаётий лавҳалар ҳам ўрин олгани тўғрисида профессор Нурислом Тухлиев тадбир иштирокчиларига маълумот берди.

Айтиш мумкинки, Шамсиддинхон Бобохонов 1982–1989 йиллардаги муфтийлик фаолиятлари шўролар давлатида парокандалик бошланган, қалтис бир даврга тўғри келгани, даҳрийлар ҳийла-найранг қилиб, кўп жабру ситамлар ўтказганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мана шундай замонлар ҳақида ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳали одамларга шундай бир замон ҳам келадики, унда динида сабр қилувчи киши ҳудди чўғни чангаллаб турган одамга ўхшайди”, деган ҳадисларида диний фаолият кўрсатиш ўта қийин бўлган вақтларда динни ҳудди чўғни ушлагандек тутиб туришга қиёсланганнади.

Шунингдек, Қуръони каримда: “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, деб хабар қилингани (Шарҳ, 6) ва яна бир ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Сабр қилинг, бағрикенг бўлинг ва Аллоҳ йўлига тахт бўлиб туринг ва Аллоҳдан қўрқинг, зора, охиратда нажот топсангиз!” (Оли Имрон, 200) деб марҳамат қилинади.

Сўзга чиққан нотиқлар одамлар мана шундай олимларнинг ҳаётларидан ибрат олиши ҳақида тўхталиб, мазҳаббошимиз Имоми Аъзамнинг “Олимлар ҳақида ҳикоя қилиш, улар билан бирга ўтириш мен учун кўп фиқҳ ўқиш ва ўрганишдан яхшироқдир. Чунки, бу ҳикоялар қавмнинг одобу ахлоқлари манбаидир”, деган сўзларини келтиришди. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир”, деган ҳадисни маърузачилар атрофлича шарҳлашди.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг