Қуръон мусобақаси Тошкентда!

0
679

Қуръони карим  – Ислом дининг энг асосий манбаси бўлган, тиловати ибодат ҳисобланган, Аллоҳ таоло томонида нозил қилинган муқаддас илоҳий китобдир. Қуръони каримнинг кўрсатмалари кишини икки дунё саодатига етаклайди, унинг барча замонларга мувофиқ келувчи азалий дастури инсонларни ҳалол, покиза яшашга, тинчликка, доимо яхшилик қилишга ўзаро аҳиллик ва бирдамликка ундайди.  Ҳадиси шарифларда Қуръонни ўрганган ва уни ўзгаларга ўргатган кишилар инсонларнинг энг яхшилари қаторида тилга олинади.


Халқимиз азал-азалдан Қуръони каримни эъзозлаб, қалб қўрида сақлаб келган. Ислом дини таъқибга учраган, тарихимиз, маънавиятимиз топталган мустабид замонларда ҳам эътиқодини сақлаган мард  ва жасур ўзбек халқи муқаддас Каломни пана ерларга яшириб бўлсада, уни сақлаб қолишга уринган.

Яратганга беҳисоб шукрлар бўлсинким, истиқлол туфайли муқаддас динимиз тикланиб, унинг бош манбаси бўлмиш Қуръони карим халқимизга қайтди. Мустақиллик йилларида бир неча бор Қуръон маъноларининг ўзбек тилига таржималари нашр этилди.

2017 йилнинг 1  сентябр куни  Давлатимиз раҳбари Ҳазрати имом мажмуасида диний уламолар,  жамоат бирлашмалари вакиллари билан учрашуви чоғида Қуръони каримни тўғри ва гўзал ўқиш бўйича кўп босқичли мусобақа ўтказиш фикрини илгари сурган эди.

Айни кунларда юртимизда уч босқичли Республика Қуръон мусобақасининг биринчи ҳудудий босқичлари ўтказилмоқда. 13-15 феврал кунлари Тошкент шаҳрининг марказий масжидлари ва муҳташам кошоналарида ҳам ана шу танловнинг туман босқичлари ўтказилмоқда.

“Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”, деган эди муҳтарам президентимиз. Чиндан ҳам ушбу файзли давраларга нур ёғилиб, халқимиз мўжизавий каломга қулоқ тутиш истагида узоқ яқиндан мусобақа ўтаётган жойларга ташриф буюрган.

Мусобақада Қуръони карим қироати бўйича иқтидори бўлган 18-40 ёшдаги барча эркак аёл фуқаролар икки йўналишда: ҳифз ва тиловат йўналишларида иштирок этмоқдалар. Ҳифз йўналишида Қуръони каримни тўла ёд олган қори ва қориялар, тиловат йўналишида эса Қуръонни гўзал тарзда тиловат қила оладиган фуқаролар қатнашяптилар.

 Тошкент шаҳри бўйича мусобақанинг туман босқичида жами 486 киши иштирок этмоқди. Улардан 302 нафари эркаклар бўлса, 184 нафари хотин-қизлардир.

Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг ҳифз – қуръонни пухта ва хатосиз ёд олганлиги, тажвид қоидаларига тўла амал қилган ҳолда ўқиши, овоз имкониятлари ва тараннум-оҳангдорлик маҳорати билан ўқишига кўра баҳолаб борадилар.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг