ДИНИМИЗ ХУЛҚИ ҲАЁДИР

0
194

Инсоннинг табиатидаги энг гўзал сифатлари ва унинг фазилатларидан бири ҳаёдир. Ҳаё ҳамиша одамни безайди. Ёмонликдан, ёвузликлардан қайтариб, яхшиликга эзгу амалларга ундайди.

Имоми Моликдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар; “Албатта ҳар бир диннинг хулқи бўлади. Исломнинг хулқи ҳаёдир”.

Ҳаё барча эзгу фазилатларни ўз ичига олгандир. Барча саҳобалар гувоҳлик берадиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хулқ яъни ҳаё билан энг олий даражада сифатланган эдилар. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу деганлар; “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаё бобида чимилдиқдаги келиндан хам устунроқ эдилар. Қачон ўзлари ёқтирмайдиган бирор нарсани кўрсалар, дарҳол юзларидан билиб олар эдик”. Имом Муслим ривояти.

Ушбу ҳадиси шарифдан билинадики иймон қанчалик кучли бўлса ҳаё ҳам шунчалик кучли бўлади. Ҳаёсизликда ўзгаларнинг инсоний ҳақларини поймол қилишлик бор. Чунки инсонпарварлик, тақводорлик, раҳмдиллик ва барча энг юқори инсоний фазилатлар ҳаё орқали амалга ошади.

Бошқа бир хадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар; Ҳаё иймондандир, иймоннинг жойи жаннатдир. Беҳаёлик жафодандир, жафонинг жойи эса дўзахдадир”. Имом Ахмад.

Кимки иймонини мукаммал қилиб борса, у ўзининг ҳаёсини ҳам мустаҳкамлаб борган бўлади. Инсондаги барча фазилатларни зийнатловчи нарса ҳаёдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Фаҳш қайси нарсада бўлса уни ҳунуклаштиради. Ҳаё қайси нарсада бўлса уни зийнатлайди”. Имом Термизий ривояти.

Дархақиқат инсонларга ҳусни ҳулқ билан муомалада бўлиш унинг ҳаёси борлигига далилдир. Бир инсон бемаъни ишлардан ўзини тортаётган бўлса ёки бирор нолойиқ ишни қилиб қўйиб, ҳижолатдан қизариб уялганини кўрсангиз, билингки у ҳаёлик инсондир.

Имом Абдулхасан Моворидий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар; “Ҳаё уч қисмга бўлинади:

  1. Аллоҳдан ҳаё қилиш.
  2. Одамлардан ҳаё қилиш.
  3. Инсон ўзидан ҳаё қилиш.

Аллоҳ таълодан ҳаё қилиш Унинг барча амр ва фармонлари ҳамда буйруқларига итоат қилиш ва қайтарганларидан ўзини тийишдир. Одамлардан ҳаё қилиш эса ҳолол ҳаромни фарқига бориш, тил ва қўл орқали етказиладиган озорлар билан инсонларни ранжитмасликдир. Инсон ўзидан ҳаё қилиш эса, ҳеч ким кўрмайдиган жойда ўзини ножўя ва ноўрин ҳаракатлардан сақлашидир. Иймони ва ҳаёси комил инсон жамиятда ҳам, Аллоҳ таъолонинг олдида ҳам саодатманд инсондир.

Икромжон Ботиров
“Носирхон” жоме масжиди имом ноиби

 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг