Умра ибодати ҳақида

0
520

Умр давомида энг камида бир марта умра ибодатини адо этиш суннати муаккада ҳисобланади. Умра ибодатини йилнинг хоҳлаган вақтида адо этиш мумкин. Яъни умра қилиш учун  айнан бирор вақт тайин қилинмаган. Аммо беш кунда – арафа куни, ийду қурбон ва ундан кейинги уч кунда умра қилиш макруҳи таҳримий бўлади. Чунки бу кунлар ҳаж арконлари адо этиладиган кунлардир.

 Умра ибодати учун энг афзал вақт Рамазон ойи ҳисобланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратдан сўнг тўрт марта умра, бир марта ҳаж қилганлар.

Умра ибодати Қуръони каримда ҳаж ибодати билан бирга зикр қилинган:

وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّهِ

“Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг”[1].

Яъни Аллоҳ таоло ҳаж ва умрани адо қилувчиларга: “Ҳаж ва умранинг шартларини тўкис адо этинглар. Уларни адо этиш асносида зоҳирий ва ботиний нуқсонларга йўл қўйманглар”, дея буюрган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умра ибодати ҳақида шундай деганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ الْعُمْرَةُ إِلَى الْعُمْرَةِ كَفَّارَةٌ لِمَا بَيْنَهُمَا وَالْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلاَّ الْجَنَّةُ.  رَوَاهُ مُسْلِمُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Умра (олдин қилинган) умрагача (бўлган) иккаласининг ўртасидаги (сағира гуноҳлар)га каффорот бўлади. Мабрур ҳажнинг мукофоти албатта жаннатдир”. Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда умранинг фазли яъни, иккита умра ўртасидаги бандаларнинг ҳақларига тааллуқли бўлмаган сағира гуноҳлар кейинги умра сабабидан ювилиб кетиши хабар берилган.

Умра сўзи луғатда “зиёрат қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса “ махсус шартлар билан Байтуллоҳни зиёрат қилиш умра дейилади”.

Умранинг Ҳаждан фарқлари:

– Умра фарз эмас балки суннат;

– Умранинг муаййан вақти йўқ;

– Арофатда туриш йўқ;

– Муздалифада туриш йўқ;

– Шайтонга тош отиш йўқ;

– Икки намозни жамлаш йўқ;

–  Хутба йўқ;

–Тавофи қудум ва видо йўқ.

Умра ибодатида қуйдаги амаллар бажарилади:

  1. Эҳром боғланади;
  2. Каъбани тавоф қилинади;
  3. Сафо ва Марва орасида саъйи қилинади;
  4. Соч тўлиқ олдирилади ёки қисқартирилади.

Эҳром боғлаш ҳақида

Умра қилишга киришган киши мийқотдан эҳромга кириши лозим бўлади. Бизда ҳозир умрачиларга дастлаб Мадинани зиёрат қилиш режалаштирилгани сабабли зиёратдан сўнг умра қилиш учун Маккага йўлга чиққанларида Зулҳулайфа номли жойда эҳромга кирадилар. Ушбу жойда эҳромга кирувчилар учун барча шароитлар ҳозирлаб қўйилган. Эҳромга киришда қуйидаги амаллар қилинади:

– Ғусл қилиш;

– Баданга хушбўйлик суриш (эҳромга эмас);

–  Икки ракат намоз ўқиш;

– Талбия айтиш. (Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка ла шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда ван неъмата лака вал мулк. Ла шарийка лак). Талбияни ҳар айтишда уч мартадан айтиш мустаҳаб бўлади. То тавофни бошлагунича имкон қадар кўпроқ талбия айтишга ҳаракат қилинади.

Эҳромга киргандан сўнг қуйдаги ишларни қилиш мумкин бўлмайди:

  1. Эркаклар учун одатдаги тикилган кийимни кийиш, бошни ё юзни узрсиз ёпиб юриш;
  2. Соч, соқол, ёки бошқа бирор аъзосининг тукларини узрсиз олиш;
  3. Қўлларининг ёки оёқларининг тирноқларини олиш;
  4. Ўпиш ва қучоқлашга ўхшаш нарсалардан бирини шаҳват билан қилиш;
  5. Бирор аъзосига узрсиз хушбўй суриш.

Агар ушбу ишлардан бирортаси тўлиқ бажарилса, масалан, тўлиқ бир кеча ё бир кундуз тикилган кийим кийиб юрса, ёки бир қўли ё бир оёғининг тирноқларини бир ўтиришда тўлиқ олиб қўйса, бир қўй сўйиш вожиб бўлиб қолади.

Аммо мазкур ишлардан бирортасини тўлиқ қилмасдан содир этса, масалан, тирноқларидан бирини олиб қўйса, ёки бирор аъзосига тўлиқ қилмасдан хушбўй суриб қўйса, 2 кг буғдой ёки унинг қийматини садақа қилиш  шарт бўлиб қолади.

Умра қилувчилар адо этаётган амаллари ибодат эканини доимо ёдда тутишлари ва уни камчилигу нуқсонларсиз бажаришга астойдил ҳаракат қилишлари лозим бўлади.

Каъбани тавоф қилиш ҳақида

Каъбани тавоф қилиш умранинг рукнларидан бири бўлиб, тавофдан олдин умра учун эҳромга кирган бўлиш шартдир. “Тавоф” сўзи “айланиб чиқиш” маъносини англатади.  Истилоҳда эса: “Каъбани 7 марта айланиб чиқиш  тавоф деб аталади”. Тавофда тўртта айланиш фарз, қолган учтаси вожиб ҳисобланади.

Тавоф “Ҳажарул асвад”нинг рўпарасидан бошланади. Каъбани айланиб тавофни бошлаган жойига келганда бир тавоф ҳисобланади. “Ҳажарул асвад”нинг рўпарасига келганда “Бисмиллаҳи валлоҳу акбар” дея имкони бўлса, “Ҳажарул асвад” ўпилади, агар бошқаларга озор бериш хавфи бўладиган бўлса, қўли билан унга ишора қилинади ва ўша қўл ўпилади, сўнгра иккинчи тавофга киришилади.

Тавофнинг вожиблари:

  1. Тавофни “Ҳажарул асвад”дан бошлаш;
  2. Чап елкасини Каъба тарафга қилиб тавоф қилиш;
  3. Сатри аврат;
  4. Қодир кишининг ўзи пиёда юриши;
  5. “Ҳатийм”нинг орқасидан тавоф қилиш;
  6. Тавофни 7 марта қилиш;
  7. Таҳоратли бўлиш;
  8. Тавофдан кейин 2 ракат намоз ўқиш[2].

Тавофнинг суннатлари:

  1. Эркаклар учун эҳромни ўнг қўлтиғининг тагидан ва чап елкадан олиб ўраш;
  2. Эркаклар учун аввалги 3 тавофда қадамини кичик олиб тез юриш;
  3. Имкон бўлса “Ҳажарул асвад”ни ўпиш.

Сафо ва Марва орасида саъй қилиш ҳақида

Сафо ва Марва орасида саъй қилиш вожиб амал ҳисобланади. Саъй Сафодан бошланади. Марвага бориш бир, қайтиб Сафога келиш иккинчи саъй ҳисобланади. Шу тарзда давом этиб саъй Марвада ниҳояланади.

Сафога чиқаётган пайтда қуйидаги дуони ўқиш мустаҳаб ҳисобланади:

بِاسْمِ اللهِ وَالصَّلاَةُ عَلَى رَسُولِ اللهِ اللَّهُمَّ افْتَحْ لِي أَبْوَابَ رَحْمَتِكَ وَأَدْخِلْنِي فِيِهَا

“Аллоҳнинг номи билан бошлайман, Аллоҳнинг элчисига саловот бўлсин. Эй Аллоҳим, менга раҳматинг эшикларини очгин ва мени уларга киритгин!”.

Марвага юриб кетаётганида қуйидаги дуони ўқиб кетиши мустаҳаб бўлади:

رَبِ اغْفِرْ وارْحَمْ وَ تَجَاوَزْ عَمَّا تَعْلَمْ إِنَّكَ أَنْتَ الْأَعَزُّ الْأَكْرَمُ

“Роббим, мени мағфират этгин ва раҳм қилгин (гуноҳларимни) Ўзинг билиб турибсан уларни афв қилгин. Албатта Сен энг азиз, энг карамли зотсан”.  

Сафо ва Марванинг устида чиққанда қуйидаги дуони ўқиш мустаҳаб бўлади:

اَللهُ أَكْبَرُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شِرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ يُحْيِي وَ يُمِيتُ وَ هُوَ حَيٌّ لاَ يَمُوتُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَلاَ نَعْبُدُ إِلاَّ إِيَّاهُ

“Аллоҳ буюкдир, ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Унинг шериги йўқдир, барча мулк ва барча ҳамду санолар Уникидир. Ҳаёт берадиган ҳам, ҳаётни оладиган ҳам Удир. У ҳеч қачон ўлмайдиган доимий тирикдир. Барча яхшиликлар Унинг қўлидадир. У барча нарсага қодирдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Фақатгина Унга ибодат қиламиз”. 

Саъйнинг вожиблари:

  1. Тавофдан кейин қилиш;
  2. 7 марта саъй қилиш;
  3. Қодир кишининг ўзи юриши;
  4. Сафодан бошлаш.

Саъйнинг суннатлари:

  1. Тавофнинг орқасиданоқ қилиш;
  2. Таҳоратли бўлиш;
  3. Таҳлил, такбир айтиш, дуо қилиш.

Соч олдириш ёки қисқартириш ҳақида

Сочни тўлиқ олдириш ёки қисқартириш вожиб амаллардан ҳисобланади. Қисқартириш деганда бошдаги барча сочларни бармоқ учи миқдорида қисқартириш тушунилади. Қисқартиришда бошдаги барча сочларни қисқартирмасдан фақатгина баъзиларини қисқартириб қўйиш эркаклар учун макруҳ ҳисобланади. Агар бошнинг тўртдан бири миқдоридан кам жойи қисқартирилса вожиб адо этилмаган бўлади ва қўй сўйиш вожиб бўлиб қолади. Бошида умуман сочи йўқ одамлар бошнинг тўртдан бирига устара юрғизиб қўйишлари суннат бўлади.

Аёлларга эса сочларидан бармоқ учи миқдорида қисқартиришлари лозим бўлади. Аёлларнинг сочларини тўлиқ олдиришлари ҳаром ҳисобланади.  Чунки бу табий хилқатни ўзгартиришга ўхшаш бўлиб қолади.

Соч олдираётган пайтда қуйидаги дуони ўқиш мустаҳаб бўлади:

اللَّهُمَّ هَذِهِ نَاصِيَتِي بِيَدِكَ فَاجْعَلْ لِي بِكُلِّ شَعْرَةٍ نُورً يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَامْحُ عَنِّي بِهَا سَيِّئَةً وَارْفَعْ لِي بِهَا دَرَجَةً اَللَّهُمَّ بَارِكْ فِي نَفْسِي وَ تَقَبَّلْ مِنِّي اَلللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي وَلِلْمُحَلِّقِينَ وَالْمُقَصِّرِينَ يَا وَاسِعَ الْمَغْفِرَةِ

“Эй Аллоҳим, ушбу пешона сочим Сенинг қўлингдадир. Қиёмат кунида ҳар бир соч толам миқдорида менга нур бергин ва уларнинг ҳар бири миқдорида мендан бир гуноҳни йўқ қилгин, уларнинг ҳар бири миқдорида даражамни кўтаргин. Эй Аллоҳим, мени баракотли қилгин, мендан қабул қилгин.  Эй Аллоҳим, мени, сочларини тўлиқ олдирганларни ва қисқартирганларни ҳам барчаларини мағфират қилгин. Эй мағфирати чексиз Зот”.  

Соч олдирилгандан сўнг умра ибодати ниҳоясига етган бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умра қилувчилар ҳам ҳожилар сингари Аллоҳ таолонинг “меҳмони” бўлишдек шарафга эга бўлишларини хабар берганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ الْحُجَّاجُ وَالْعُمَّارُ وَفْدُ اللَّهِ إِنْ دَعَوْهُ أَجَابَهُمْ وَإِنْ اسْتَغْفَرُوهُ غَفَرَ لَهُمْ.    رَوَاه ابْنُ مَاجَه

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир, агар Унга дуо қилсалар дуоларини қабул қилади, Ундан мағфират сўрасалар уларни мағфират қилади”. Ибн Можа ривоят қилган.  

Уламолар: “Умра қилган кишининг яхши ҳолатга ўзгариши, қилган умрасининг мақбул бўлгани аломатидир”, деганлар.

Абдулқодир Абдур Раҳим
muslim.uz

 

[1] Бақара сураси, 196-оят.

[2] Тавофдан кейинги 2 ракат намозни “Мақоми Иброҳим”да ўқиш мустаҳаб, агар имкони бўлмаса бошқа жойларда ўқийди. Ушбу намозда 1-ракаатига “Кафирун”, 2-ракаатига “Ихлос” сураларини зам қилиш афзал.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг