ISESCO: Айрим мусулмон давлатларида саводсизлик даражаси 45 фоизгача етган

0
312

Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) бош директори Абдулазиз ибн Усман Тувайжрий раҳбарлигидаги делегация Боку давлат университетида бўлди.

info.islom.uz сайти Yenicag.Ru га таяниб хабар беришича, университет профессор-ўқитувчилари қаршисида БДУнинг ректори Абил Магаррамов сўзга чиқди. У жаҳоннинг таниқли сиёсатчиларидан бири, бош директор Абдулазиз ибн Усман Тувайжрий фан, маданият ва таълим равнақига катта ҳисса қўшганини таъкидлади. Ректор ISESCOнинг асосий мақсади Ислом мамлакатлари ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ўзаро алоқаларни яхшилаш эканини айтиб, бутун дунёда Ислом маданияти, фани ва санъатини тарғиб қилиш нақадар муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Ректордан сўнг сўзга чиққан ISESCO бош директори Абдулазиз ибн Усман Тувайжрий ташкилот фаолияти ва Озарбайжонда амалга ошираётган лойиҳалари ҳақида гапирди. Ислом дунёсида саводсизлик анча кенг тарқалганини айтар экан, меҳмон мусулмон дунёси таълимга муҳтожлигини таъкидлади. Озарбайжонда саводлилик даражасини анча юқори баҳолаган бош директорнинг сўзларига кўра, айрим мусулмон давлатларида саводсизлик даражаси 45 фоизгача етган.

«Бундай кўрсаткич билан ушбу давлатлар ривожлана олмайди. Шу сабабли биз саводсизликка барҳам бериш йўлида толмай меҳнат қилмоғимиз керак. Таълим сиёсати ривожланиши, таълим муассасалари такомиллаштирилиши, олимларга ғамхўрликни кучайтириш, илмий тадқиқот ишларини кенг олиб бориш лозим».

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг