Нега Трамп Қуддусни айнан ҳозир Исроил пойтахти деб тан олди?

0
398

Яҳудий капиталининг молиявий таъсири аксарият республикачилар сиёсий позицияларида акс этмаслигининг иложи йўқ. Республикачилардан бўлган Трамп барча соҳаларда Америка — Исроил диалогини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган чоралар кўриши лозим, деб ёзади Forbes.

Президент Дональд Трамп Қуддусни Исроил давлатининг ягона ва бўлинмас пойтахти деб тан олиб, яна бир бор халқаро сиёсат диққат марказига тушди. У, шунингдек, Давлат департаментига АҚШ элчихонасини Тель-Авивдан Муқаддас шаҳарга кўчириш бўйича ишларни бошлашни буюрди. Бу янгилик мамлакат ичкарисида ҳам, халқаро ҳамжамиятда ҳам турли маънодаги реакцияни юзага келтирди. Бунга нафақат Фаластин томони, балки Вашингтоннинг Шимолий Атлантика Альянси (НАТО) бўйича шериклари — Буюк Британия, Франция ва Германия ҳам қарши чиқди.

Туркия кескин баёнотлардан ташқари, ультиматум — Яҳудий давлати билан дипломатик алоқаларни тўхтатиш ва Америка — Туркия қўшма иқтисодий дастурларини вақтинча тўхтатиш талабини қўйди.

Халқаро ташкилотлар ҳам четда қолмади. БМТ ва Европа Иттифоқи юқори мансабдорлари бу каби чоралар Фаластин — Исроил можаросини тинч йўл билан тартибга солиш имконини бермаслигини таъкидлади, Араб давлатлари лигаси эса фавқулодда йиғилиш чақирмоқда.

Қуддус муаммоси нимадан иборат ва Америка президентининг бу қарорига нима сабаб бўлди? Яҳудий халқи 1947 йилда қабул қилинган БМТ резолюциялари асосида ўз давлатини яратиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ҳужжат Британия колониал мандатини тугатиб, икки халқ: яҳудий ва арабларнинг икки давлат шакллантиришини эълон қилди. Бунда учта энг қадимий дунё дини маркази — Қуддус халқаро назорат остига ўтиши лозим эди. Араб дунёси етакчилари буни халқаро тажовуз акти деб топди ва яҳудий давлатининг ҳар қандай шаклига қарши чиқди. Ўшандан буён Исроил ўзининг яшаш ҳуқуқини араб коалициясига қарши урушларда исботлашига тўғри келди. 1967 йилги Олти кунлик уруш натижасида Исроил армияси фаластинликлар ўз пойтахти деб ҳисобловчи Шарқий Қуддусни ўз назорати остига олди. Халқаро ҳамжамият буни босиб олиш деб ҳисоблаб, яҳудий томонидан қабул қилинган резолюцияларга амал қилишни талаб қилмоқда.

Фаластин — Исроил можароси инсоният тарихидаги энг узоқ чўзилганларидан бири ҳисобланади. Музокаралар халқаро квартет — БМТ, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Россия доирасида ўзгарувчан муваффақият билан ўтмоқда. Бироқ тартибга солиш жараёнида асосий ролни айнан Вашингтон ўйнайди. Халқаро ҳамжамиятда, объектив ва субъектив сабабларга кўра, Америка учун Исроил билан алоқалар ўзига хос тарихий, цивилизацион ва сиёсий қимматга эга эканлиги тўғрисидаги фикр шаклланган. Бироқ ҳаммаси бунчалик оддий эмас. Америка — Исроил алоқалари табиатини тушуниш учун улар барпо бўлган тарихий пойдеворни билиш лозим.

Исроил мустақиллигини тан олиш масаласи муҳокама қилинган пайтда президент Гарри Трумэн маъмуриятида иккита шартли блок шаклланган. Биринчи блок — давлат котиби Жорж Маршалл бошчилигидаги реалистлар. Улар Исроилни расман тан олиш Американинг йирик нефть ва газ захирасига эга Яқин Шарқ дунёси гегемони — араб дунёси билан муносабатларини мураккаблаштириши мумкин деган фикрда эди. Иккинчи лагер Трумэннинг яқин маслаҳатчиси — Кларк Клиффорд бошчилигидаги сиёсий технологлар гуруҳи эди. Прагматик Клиффорд учун ташқи сиёсат аҳамиятсиз бўлиб, унинг ягона вазифаси президентнинг иккинчи муддатга сайланиши эди.

Сайлов кампанияси ижобий якунланиши учун Трумэн яҳудий аҳоли кўпчиликни ташкил этувчи Нью-Йорк округларида ғалаба қозониши лозим эди. Таниқли меценат Эдди Жекобсон Клиффордга Исроил мустақиллиги қўллаб-қувватланган тақдирда ушбу округларда Трумэн ғалабасини таъминлашга сўз берди. Натижада кампания давомида президент сиёсий технологлар томонига ўтди. Бироқ ғалабадан сўнг Трумэн Маршаллнинг махсус фармон чиқариш ғоясини қўллаб-қувватлади. Унда Қўшма Штатлар «икки халқ учун икки давлат» яратишни қўллаб-қувватлаши таъкидланади. Бундан ташқари, демократнинг иккинчи муддати Америка сиёсатининг Яқин Шарқда фаоллашуви билан қайд этилган. У ерда мамлакатнинг асосий иттифоқчилари Эрон ва Саудия Арабистони эди. Шу тариқа, Америка сиёсий элитаси аввал бошданоқ Исроил повесткасига ўз фойдасини ўйлаб, ҳисоб-китоб билан ва прагматик муносабатда бўлган.

Бу йўналишда жиддий ўзгариш юз бермади, бироқ дунё сиёсий картинасининг ўзгариб бориши ва Исроил лоббистик омилининг кучайиб бориши билан маълум ўзгартиришлар киритилди. Демократлар доим Исроилга иттифоқчиларидан бири сифатида қараган, бироқ уни бошқалардан ажратишга уринмаган. Айнан демократ-президентлар Жимми Картер ва Билл Клинтон балансга келтирилган сиёсатга уриниб, яҳудий давлати ва араб дунёсини яраштириб қўйишга ҳаракат қилган (Кемп-Дэвид келишуви, Ослодаги битим ва бошқалар). Барак Обама даврида икки томонлама алоқаларда инқироз кўзга ташланди. Бунга тарихий битим имзоланишига олиб келган АҚШнинг Эрон билан махфий музокараларининг ошкор бўлиши сабаб бўлди. Бундан ташқари, демократ маъмуриятларда Американинг Яҳудий давлатига молиявий, гуманитар ва ҳарбий-техник ёрдами камайган.

Айни пайтда, охирги 40 йилда Америкада сиёсий позициялар мустаҳкамланди ва яҳудий жамоаси консерватив қисми молиявий имкониятлари ошди. Демократик партияга йўналтирилган американча яҳудийлардан фарқли равишда бу нуфузли гуруҳ Республикачилар партиясининг муҳим элементига айланди. Протестант Америкасининг муқаддас миссияси — Муқаддас ер ва Исроилнинг худо томонидан танланган халқини ҳимоя қилиш ғоявий асос бўлди. Кейинроқ бу ғоя христиан сионизмининг шиори «Мен америкаликман, мен христианман, мен Исроил тарафдориман» бўлган нуфузли сиёсий-диний концепцияси шаклланишига олиб келди.

Иккинчи пойдевор — бу республика элитасидаги яҳудий капитали омили. Охирги 30 йил давомида партияларнинг энг йирик ҳомийлари ўнлигига Шелдон Адельсон, Пол Сингер, Норман Браман, Стивен Коэн ва Марк Эпштейн каби нуфузли Америка — яҳудий миллиардерлар кирган. Масъул сиёсатчилар маркази маълумотига кўра, Адельсоннинг ўзи «филларга» федерал сайловларда (президентлик ва Конгресс) 82 миллион доллар ажратган, улардан 30 миллион доллари Дональд Трамп жамғармасига йўналтирилган. Исроил ташкилотлари йирик донорлари охирги уч йил давомида Конгресс сайловлари учун жами 320 миллион доллар, губернаторлар сайловига 195 миллион доллар ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари сайловларига 78 миллион доллар сарфлаган.

Юқоридагилардан аён бўладики, бу каби молиявий таъсир аксарият республикачилар сиёсий позициясида акс этмаслиги мумкин эмас.

Шу тариқа, умумий идеологик концепциянинг мавжудлиги ҳомийлик қўллаб-қувватлаши билан биргаликда Республикачилар партиясини Исроил манфаатларининг асосий лоббистига айлантирди. Трамп ҳам истисно эмас. У республикачи президент сифатида барча соҳаларда Америка — Исроил диалогини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган ҳаракатларни амалга ошириши лозим.

Унинг сайловолди кампанияси Исроил кун тартибига икки масала: Эрон билан келишувни бекор қилиш ва АҚШ элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчириш кирган эди. Биринчи ваъдани бажариш деярли имконсиз. Эрон билан келишувни сақлаб қолиш учун нафақат демократлар, балки мўтадил республикачилар ва қонун чиқарувчи-либертарианларнинг ҳам катта қисми овоз беради. Бундан ташқари, Эрон масаласида президент ўз маъмуриятида ҳам озчиликнинг ичида. Мудофаа вазири Жеймс Мэттис, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Герберт Макмастер ва аппарат раҳбари Жон Келли вакиллигида Ҳарбий-разведка лоббиси Эрон атрофидаги низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори. Бу каби вазиятда Трамп Қуддус картасини ўйнашга мажбур бўлди.

Бу тадбир катта сиёсатдан ташқари бошқа муҳим мақсад — Америка ва халқаро ҳамжамиятни Мюллер комиссиясининг Трамп ўтиш жамоаси аъзоларининг Россия вакиллари билан боғлиқлиги ҳақидаги суриштирув натижаларидан чалғитишни кўзлаган бўлиши мумкин.

Манба:daryo.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг