Тиланчи эмасман

0
125

Буюм бозорига кираверишда кўпинча шу қўлтиқтаёқли кишини кўраман. Улкан дарвозанинг темир рахига суянганча майда-чуйда сотиб туради. Бугун ҳам у ўз жойида эди: каттагина қутини бўйнига боғлаб олган, осма “раста”сида сақич, қурт, ручкагача бор. Юкининг залвориданми боши доим эгик, ўтган-кетганга ер остидан жимгина қараб туради.

Турмуш ўртоғим унга кўзи тушгани ҳамоно чўнтак кавлаб қолди. Менга “ҳозир” деди-да, четга ўтиб унга яқинлашди ва қутига пул ташлади. Шунда жуда ғалати ҳолат юз берди: ҳалиги ногирон одам худди ўғрини тутгандай, эримнинг қўлидан маҳкам ушлаб олди. Шошиб ўша томонга юрдим.

– Нимадир олинг! – деди у қатъият билан, – бўлмаса, пулингиз керакмас.

– Мен, шунчаки… чин кўнгилдан…

– Биламан, доим шунақа қиласиз. Танийман сизни. Раҳмат, лекин… мен тиланчи эмасман.

– Тушундим. Узр, ука…

Пулга яраша нарса олиб, қизариб-бўзариб йўлимизда давом этдик.

– Орияти бор одам экан, – деди турмуш ўртоғим. – Аслида, бу иш ҳам имондан.

Бозор тўла одам. Биров оляпти, биров сотяпти. Аёллар пайпоғини талашиб-тортишиб пуллаётган алпқомат йигитлар, йўл устига бўлар-бўлмас дискларни ёйиб харидор чақираётган эр кишилар, дийдиёни баралла айтиб қўлини ҳар ўткинчи томон чўзиб тиланаётган тўрт мучаси соғлар…

Назаримда, шеригим иккимизнинг кўнглимиздан бир хил ҳислар кечарди: “Булар пешона тери эвазига нон топаётган бояги ногироннинг олдида ким деган одам бўлди?..”

Гулчеҳра Асронова
Манба: irfon.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг