Бош қомусимизда виждон эркинлиги ва диний бағрикенгликнинг ҳуқуқий мақоми

0
33

Бу йил биз мустақил Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллигини нишонлаймиз. У ўз моҳиятига кўра, давлатнинг бош ҳуқуқий ҳужжати саналиб, унда асосий принциплар, шахс, жамият ва давлат масалалари, ҳудудий тузилиши билан бир қаторда инсонларнинг диний эътиқод билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам акс этган. Шу маънода Бош қомусимизда виждон эркинлиги билан боғлиқ жиҳатлар алоҳида мустаҳкамлаб қўйилгандир.

Албатта, конституциямизда бевосита диний манбалардан фойдаланилмаган, бироқ Конституциянинг асосий манбаларидан бири анъана ва қадриятлар эканини ҳисобга олсак, ушбу асосий қонунда ислом динининг эзгулик ғоялари билан йўғрилган миллий қадриятларимиз, исломнинг соф қарашлари билан ҳамоҳанг саналувчи умуминсоний анъаналар ўз мазмунини топган.

Буни қуйидаги Конституциянинг 31-моддасида ҳам кўриш мумкин: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди».

Муқаддас динимизнинг бош китоби – Қуръони карим ва ҳадисларда бунга далолат қилувчи мисолларни кўплаб учратиш мумкин. Жумладан, “Дарҳақиқат, Биз одам болаларини азиз-мукаррам ва уларни қуруқлик ва денгизда юрадиган қилиб қўйдик ҳамда ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик. Уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал – устун қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят). Ушбу оят инсоннинг қадр-қиммати нақадар юқори эканлиги, инсониятнинг барчаси ер юзидаги энгмукаррам жонзотлиги таъкидланмоқда.

Қуйидаги яна бир оятда ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари Аллоҳ томонидан дахлсиз қилиб белгилангани ва кафолатланганини таъкидлайди: “Динда мажбурлаш йўқ, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. … .” (Бақара сураси, 256-оят). Демак, ҳар бир шахс ўз виждони ва эътиқодидан келиб чиққан ҳолда ўз динни ўз ихтиёри билан танлаши, бунда ҳеч қандай зўравонлик бўлмаслиги лозим. Бу эса, бугунги кунда инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинадиган демократик давлат ва ҳуқуқий фуқаролик жамияти қуриш йўлидан бораётган халқларнинг хоҳиш-иродасига ҳамда умумэътироф этилган демократик тамойилларга мос келади.

Ҳаракатлар стратегиясида  диний бағрикенглик ва унга тааллуқли масалалар ўрин олган. Хўш, нима сабабдан ушбу ҳужжатда бағрикенгликка алоҳида эътибор қаратилган? бунга жавобан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик хавфсизлик ва тинчликнинг асосий омилларидан бири эканлиги, ҳозирги кунда айнан мана шу масалага етарлича эътибор қаратмаган бир қатор давлатларда нотинчликлар, уруш ва қон тўкишлар давом этаётганини айтиш кифоядир.

ЮНЕСКОнинг 1995 йилда қабул қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларациясида” ҳам шундай дейилади: “Бағрикенглик бўлмаса тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди”.

Бағрикенглик бошқаларнинг эътиқоди ва қарашларини тўла қабул қилиш эмас, балки уларга нисбатан ҳурмат билан қараш ҳамдир. Чунки ер юзида яшовчи ҳар бир шахс ўз эътиқоди билан яшаши ва шунга яраша ҳаёт тарзини таш кил қилиши мумкин. Унинг Яратган олдидаги масъулияти эса, унинг ўзигагина ҳаволадир.

Инсонларда бағрикенгликнинг етишмаслиги, “бошқалар”га  “ғайри” кўз билан қараш ҳамда диний низоларнинг асосий сабаби нимада, деган савол ҳам табиий равишда инсонларни ўйлантириши мумкин. Бунга жавобан, буюк аждодимиз Абу Райҳон Берунийнинг “Одамлар билмаган нарсаларига душманлик кўзи билан қарайдилар”, деб айтган сўзларини айтиш керак. Дарҳақиқат, бирор нарса ҳақида билим ва тушунчага эга бўлмаслик ўша нарсага нисбатан бошқача қарашга сабаб бўлади.

Ҳаракатлар стратегиясида ҳам бағрикенгликни амалга ошириш йўли сифатида тарғибот тадбирларини ўтказишга, ОАВ воситалари, учрашувлар, давра суҳбатлари, китоблар ва дарслар орқали тарғиботни мунтазам равишда олиб бориш, керак бўлса оилада ҳам шундай суҳбатларни ўтказишга алоҳида урғу берилади. Шундагина бағрикенглик ёшларимиз онгида чуқур илдиз отади.

Конституциямизда яна бир моддасида барча инсонларнинг қонун олдида тенглиги, баробарлиги эътироф этилади. Бу ҳам бевосита муқаддас Каломда ўз аксини топган. Жумладан, “Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят). Ушбу оят барчанинг тенглигини ифода этади.

Ислом динида азалдан оила ва никоҳга катта эътибор қаратиб келинган. Насл-насабни сақлаш, жамиятнинг маънавий ҳолатини яхшилашнинг асосий омили оила, дея эътироф этилган.

Конституциянинг 63-моддасида ҳам оилага алоҳида тўхталиб ўтилади: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”.

Шунингдек, шариатимизда ота-онанинг фарзанди олдида учта бурчи борлиги айтилади. Чиройли исм қўйиш, гўзал хулқ-атворли этиб тарбиялаш ва вояга етгач, агар ўғил бола бўлса, солиҳа қизга уйлантириш, қиз бўлса имон-эътиқодли мусулмонга турмушга беришдир. Бу борада ҳам ислом динимизнинг қарашлари ва асосий ҳуқуқий қомусимиз ҳамоҳанг. “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” (64-модда).

Ана шундай ҳамоҳанглик Конституциянинг деярли барча моддаларида сезилиб туради. Унда Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари қонун асосида белгилаб қўйилган.

Демак, Конститутициямизни чин маънода ҳам эътиқод эркинлиги ва диний бағрикенгликка асос бўлувчи, муқаддас динимиз кўрсатмалари билан ҳамоҳанг манба деб айтиш мумкин. Шундай экан, юртимизда яшовчи барча мўмин мусулмонларга унга оғишмай амал қилиш лозим бўлади.

Зиёвуддин Мирсодиқов

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири,
“Ҳофиз Кўҳакий” жоме масжиди имом-хатиби

 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг