Яхши бўлса болажон  –  ёмон бўлса балоижон!

0
36

               “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги”га бағишланади.

Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради.

                                        (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 64-модда)

Маълумки ҳозирги кунда ҳукуматимиз томонидан фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзларининг ҳар бир маърузаларида фарзандларимиз тарбиясига бефарқ бўлмасликка, уларни турли ёт ғоялар ва бузғунчи оқимларнинг даъватига алданиб қолмасликка ҳамда миллатимиз ва юртимиз шаънини кўкка кўтаришга даъват этмоқдалар. Яқинда бўлиб ўтган навбатдаги мажлис йиғилишида ҳам жорий 2017 йилнинг 10 ойи мобайнида ёшларимиз томонидан содир этилган турли жиноятларга батафсил тўхталиб  ушбу жиноятлар сони 22000 га етганлигини минг афсуслар билан алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Масалан пойтахтимизда жойлашган “Боровский” номли тиббиёт коллежи ва Юридик коллежи ўқувчилари томонидан содир этилган жиноятлар ва ушбу жиноятларнинг оқибати ўлим билан поёнига етганлигини афсус надомат билан тилга олдилар. Шунингдек ўқувчи ёшларимиз ўртасида профилактик текширувлар ўтказилганида, уларнинг ёнидан турли хилдаги ўткир  тиғли қуроллар топилганлиги эса ҳар биримизни фарзандларимиз тарбияси борасида чуқур мулоҳаза юритишга даъват этади. Айниқса, Америка Қўшма Штатларида содир этилган террорчилик ҳаракатида иштирок этган ўзбек фарзанди Сайфулло Соиповнинг қилган хунрезлиги болажон халқимизнинг шаънига доғ бўлиб тушди. Ота-боболаримиз бежизга миллатнинг шаънини кўкка кўтарадиган ҳам фарзанд, ерга урадиган ҳам фарзанд” – деб айтишмаган экан.

Аллоҳга минг шукрлар бўлсинки, мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда фарзандларимизни жисмонан ва маънан баркамол авлод этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратила бошлади. Мантиқан бир-бирини тўлдирувчи “Оила йили”, “Соғлом авлод йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Ижтимоий ҳимоя йили”, “Ёшлар йили”, “Соғлом бола йили”, “Соғлом она ва бола йили” ҳамда жорий 2017 – йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” да амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, шунингдек ёшлар тарбияси ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил давлат сиёсатининг амалий ифодаси ҳисобланади.

Жумладан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан фарзандларимизнинг илк тарбиясини мактабгача таълим муассасаларидан бошлаш таклифи илгари сурилди ва Президентимизнинг фармонига мувофиқ тарзда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида жорий 2017 йили  Республикамизда Мактабгача таълим Вазирлиги ташкил этилди. Шунингдек умумий ўрта таълим мактаблардаги талим бериш тизими 11 йиллик тизимга қайта ўтказилди.

Шу маънода Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов: Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу-орзу ва интилишлар билан яшайди”, деб айтган сўзлари фарзандларимиз жамиятнинг бирламчи бўғини эканлигини исботлайди.

Яна, биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “Бугунги кунда оддий бир ҳақиқат барчамиз учун аён бўлиши керак. Олдимизда турган энг улуғ мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг ХХI асрда жаҳон ҳамжамиятида қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир”.

Ҳақиқатан ҳам фарзанд тарбияси ҳаётий зарур масаладир. Ҳар бир оиладаги тарбия фарзанднинг гўдаклик давридан бошланади, фарзанд эса ҳаётининг кўп қисмини ота-онасининг бағрида ўтказади.

Умуман, ҳар қандай оиланинг мустаҳкамлиги, оилавий тарбиянинг таъсирчанлиги ва самарадорлиги кўп жиҳатдан оилада қарор топган ўзаро муносабатларга, уларнинг маънавий-ахлоқий иқлимига боғлиқ. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) нинг Ҳадиси шарифларида айтилганидек: Ота-оналарнинг фарзандларига қолдирадиган энг катта мероси уларга берадиган таълим-тарбияси, гўзал одоби ва ахлоқидир.

Шарқ мутафаккирлари ҳам фарзанднинг оиладаги тарбияси хусусида ўз асарларида жуда кўп тўхталиб ўтганлар. Жумладан, буюк аллома ва мутафаккир Абу Али ибн Сино ўзининг “Донишнома” асарида фарзанд тарбияси учун аввало ота-она масъуллигини таъкидлайди. Шу билан бирга аллома ўз асарида ота-онанинг илмли, фозил ва дунёқарашлари кенг бўлишликларини алоҳида уқтириб, фарзанд тарбиясидан масъулиятлироқ иш йўқлигини баён қилади.

            Абу Али ибн Сино ўз асарида фарзандни гўзал хулқли, жисмонан соғлом қилиб камол топтиришда ота-она шахсий намуна бўлиш кераклигини келтириб ўтади: “Фарзанд тарбиясида энг аввало оила ҳаётини тўғри йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки оилада катта ёки кичик нарса бўлмайди. Ҳамма нарса, хатто, энг оддий бўлиб кўринадиган оилавий муносабатлар ҳам фарзандга таъсир кўрсатади. Айниқса, ватанпарварлик, ростгўйлик, самимийлик, садоқатлик ва ширин суҳан бўлиш фарзанд камолотидаги муҳим ҳаётий воситалардан биридир.”

Хулоса ўрнида  айтадиган бўлсак, юқорида тилга олинган тарбия шаклларини амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бири – аввало ота-оналарнинг маънавий билим савиясини ошириш, уларда соғлом тафаккур ва замонавий дунёқарашни шакллантиришдир. Бу эса ҳар бир ота-онанинг ўз фарзанди олдидаги, эл-юрт олдидаги бурчини тўғри англашни, инсоннинг дунёга келиши ва камол топиб ривожланишига оид бўлган қонуниятларни пухта билишни, оилавий муносабатлар доирасида миллий урф-одат ва анъаналаримизнинг энг нодирларини турмушга сингдириш орқали фарзандларимизда миллий қадриятларимизга, Ватанимизга бўлган меҳр-муҳаббатни уйғотишни, шунингдек уларни ҳар томонлама мустақил фикрлайдиган ҳамда турли нотўғри йўлларга кириб қолмайдиган баркамол авлод қилиб тарбиялашни тақозо этади.

Илоҳим фарзандларимиз  балоижон эмас, болажон бўлиб камолга етсин!

 

Аброр Алимов
Тошкент шаҳар “Қатортол” масжиди имом-хатиби

                                                                                               

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг