Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўриш учун нима қилмоқ керак?

0
942

Оламларга раҳмат бўлган зотнинг тарихини мукаммал билган инсон табиий холатда у зотни кўришга ошиқади. У зотни танишда энг мукаммал йўл у зотни таниганлардан кайфияти (қандайлиги)ни ўрганишимиз керак бўлади. У зотни бир марта кўрган инсон бутун вужудида ўзгариш пайдо бўлади. Бошқа ёмон иллатли нарсалардан ўзоқ бўлиш ҳаракатида бўлади. Аллоҳ ўз пайғамбарини тушда кўришни насиб айлади бу чексиз нематдан фойдаланиш керак бўлади. Айниқса, мавлиди шариф ойларида у зотни кўришга ҳамма мусулмонлар ошиқса керак деган мақсадда бу маълумотларни беришга ҳаракат қилдик.

Мусулмонларнинг уйқуси ҳам ибодат. Аммо уйқунинг сир-синоатлари бу билан тугамайди Аксинча, маьлум шартларга амал қилиб ухлаган инсон икки олам чироғи бўлган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни тушида кўриш бахтига муяссар бўлади. Қолаверса, уламоларимиз Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадисларига таянган ҳолда тушида бу зотни кўрган одам боқий дунёда ҳам у зотнинг жамолига мушарраф бўлажаги ҳақида хабар беради. Бу эса аввало жаннат башорати, қолаверса, жаннатда ҳам улуғ даражага эга бўлиш деганидир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни тушда кўрмоққа тайёрмизми?

Аввало, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни тушда кўришга ҳавасманд бўлишнинг ўзи ҳам инсонга юксак масъулият юклайди. Шу боис бундай улуғ шарафга ҳар ким ҳам ўзини лойиқ ҳисобламайди. Яъни, биз ўз ҳолимизни англаганимиз боис бундай орзуга журъат қила олмаймиз, ўзимизни бунга лойиқ кўришга-да чўчиймиз. Демак, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни туш кўришнинг хосиятлари ҳақида ҳали ҳеч қандай маълумотга эга бўлмасдан турибоқ унинг улуғворлигини қалбан ҳис қиламиз. Бу яхши албатта. Аммо нега энди инсон бўла туриб, яна Аллоҳнинг марҳамати билан мусулмонлик шарафига эришган бахтли банда ўлароқ шу улуғ саодатни орзу қилмаслигимиз керак?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўрмоқ, аниқроғи эса тушда кўрганда таниб олмоқ учун, қолаверса, бу зотни чин маънода муҳаббат билан соғинмоқ учун аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўринишлари, шамойиллари ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлмоқ лозим. Бу борада эса бизга омад кулиб боққан. Зеро, бир тола тукини-ю тупугини ҳам ерга туширмасдан Пайғамбарлари атрофида гирдикапалак бўлган саҳобалар бу борада етарлича маълумот қолдирганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бўйлари ўртачадан сал озгина узунроқ эди. Лекин  ҳар қандай новча одамлар билан бирга юрганларида бошқалар кўзига улардан узунроқ кўринар эди. Ёлғиз юрганларида ўрта бўйлик эканлари билиниб турган. Бошлари катта, икки елка оралари ва кўкрак-кўксилари кенгроқ бўлиб, сочлари ўсганда елкаларига, ўсмаганида қулоқ юмшоқларига тушар еди. Муборак юзлари оқ бўлиб, қизил билан суғорилган эди, пешоналари кенг, қошлари эгилган ингичка, ораси қўшилмаган, бурун  устлари баландроқ эди. Муборак юзлари текис бўлиб, юз суякларида дўмбоқлик йўқ эди. Тишлари инжудек тизилган , ялтироқ , соқоллари сийрак эмас, қалинроқ, кўзлари эса қора ва каттароқ эди. Юзлари кулча юзлик, тегаракроқ эди. Кўкрак олдилари текис бўлиб, қориндор эмасдилар. Бўйинлари унча узун эмас, ўртача эди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтганидек, Рассулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  “Юзлари тўлин ойдек ё қуёшдек, агар кулсалар, тишларидан чиққан нур шуъласи деворга тушар эди” ва бошқа бундай кўркам ва чиройли кишини ҳеч ким кўрмаган эди.

Шунингдек, хушбуй нарсалардан суртсалар-суртмаслар ҳар доим ўзларидан хушбўй ҳид таралиб турарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хос ходимлари бўлган Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг айтишларича, мушку анбар ва атир ифорининг ҳидидан Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳидлари хушбўйроқ эди.

Расулуллоҳни тушда кўрмоқнинг ҳосиятлари

“Кимки Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в)ни тушида қандай суратда кўрса, бу ўзларининг диндаги кўринишларидир. Чунки Пайғамбаримиз (с.а.в)мисоли ойнадир, яъни ўзининг аксини кўрсатувчидир”, дейди Саид Муҳаммад Ҳаққий ан-Нозилий “Сирлар ҳазинаси” китобида. Ҳазрати имом Суҳайлий(р.а) эса “Фахрли гулшан” асарида “Кимки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрса, у ёлғон нарса кўрмабди, яъни аниқ ўзларини кўрибди ва у туш кўрувчининг ҳоли ҳам енгил ҳол эмас, балки бу унинг улуғ мартабага эришганидан далолатдир”, деб ёзади. Яна у айтади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қурғоқчилик ҳукм сураётган ерда турган ҳолда тушда кўрсалар, ўша ер обод бўлади, агар зулм кўрган қавм ичида кўрсалар, билсинларки, ўша қавмга Аллоҳнинг ёрдами юборилади”.

Шунингдек, “Тафсиру Руҳил-баён” китобида ҳам “Ван-Нажм” сураси тафсирида: “Кимки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрса, агар ғамга ботган бўлса ғами кетади, қарздор бўлса қарзидан қутулади, қамоқда бўлса озодликка чиқади, мағлубиятга учраган бўлса, зафарга эришади, қул бўлса озод бўлади, мусофир бўлса манзилига эсон-омон етади, камбағал бўлса, бойликка етишади, касал бўлса, шифо топади”, дейилган.

Ан Нозилийнинг “Азкор” номли китобдан нақл қилишича эса, кимки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрса, икки дунё яхшиликларига сазовар бўлади. Хусусан, бу инсон аввало Қуръони каримни 12 марта хатм қилганнинг савобига эришади. Агар ота-оналари мусулмон бўлишса, Аллоҳ таоло унинг ўзининг, ота-оналарининг ҳам гуноҳларини кечиради, жони ўзиларда иймон билан кетади, ҳатто унга ўлим шарбати ҳам осон қилинади, қабрда эса ундан қабр азоби кўтарилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатига эришади. Қиёмат кунининг даҳшатларидан омонда бўлади, жаннатга киришига йўл очилади. Аллоҳ таолонинг лутфи карами билан жами дунёвий ва уҳровий ҳожатлари раво бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўрмоқ инсоннинг юксак даражага эришганидан далолат эканига мисол тариқасида Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан қилинган мана бу ривоятни ҳам келтириш мумкин. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Аллоҳнинг Расули, сизни мен узун кийимда туш кўрдим, кўйлагингиз этаги ерга судралиб келаётган экан”, деб сўраганларида у зоти боборакот: “Бу сенинг тақвоинг комиллигидан нишона”, деганлар. Ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрганларидан хатто туни-кун ўйғоқликларида ҳам тушларида ҳам кўришлари зиёда бўларди. Бир куни Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламга ҳижолат бўлиб: Эй Аллоҳнинг Расули мен сизни ҳамма жойда кўраяпман, аммо сизни халода ҳам кўрганлигимдан уялаяпман дедилар. Шунда “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилиб бу яхшилик аломати” дедилар. Саҳобаларнинг ҳаммасидан Аллоҳ рози бўлсин улар расулуллоҳни доим ёнларида тургандай ҳис қилиб турардилар. Шу сабабдан ҳам улар катта даражаларни ҳаётлик вақтларида қўлга киритишга ўлгурган.

Расулуллоҳни тушда кўрмоқ учун нима қилмоқ керак?

Кимки Расулуллоҳни кўрмоқчи бўлса бу шартларга амал қилсин: “Қози Байзовий” тафсири муаллифи (р.а) Кимки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жамоли шарифларини тушида кўришни хоҳласа, саловатни кўпайтирсин.

Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳ алайҳ айтади: “Кимки хуфтондан сўнг тўрт ракат намоз ўқиса ва ҳар ракатида “Фотиҳа”дан сўнг “Ваз-зуҳо”, “Алам- нашроҳлака”, “Қодр” сураларини бир мартадан ўқиб, саломдан кейин 100 марта истиғфор, 100 марта саловот ва 100 марта Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазиймни айтса пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўради”.

Расулуллоҳни бир марта кўрган одам яна кўришни интизорлик билан кўтади. Сиз буни ҳис қилиш учун бир марта Пайғамбаримизнинг тарихларини ихлос эътиқод билан ўқиб чиқинг! Қалбан ҳис қиласиз. Аллоҳ у зотни дўстим деган. Аллоҳнинг дўстларини кўриш пок қалбни талаб қилади. Шу сабабдан бу айтилган нарсаларни ихлос билан ноумид бўлмасдан ғайрат қилиш керак. Баъзи олимлар бир марта соғинч йиғлаш билан Расулуллоҳни кўришга муяссар бўлганлар. Қанча пок бўлсангиз у кишига шунча яқин бўласиз ва доим у зот билан мулоқотда ҳам бўласиз.

Тарихда буюк асарларни битган олимлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ кўриш ва у зот билан кўпроқ мулоқот қилиш орқали буюк мақсадларини амалга оширишган. “Унвонул баён” китобида илмнинг конлари Пайғамбарликдан олинади. Яъни, илм хазинасининг бошида Пайғамбаримиз тўради. У зот ҳаммага тақсимлайдилар.

Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ илмда комил бўлиш сабабида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабидан етганларини ўз сўзлари билант баён қилганлар. Буюк ишларни қилган олимлар ҳаётини эътибор билан ўқисангиз унга ўзингиз амин бўласиз. Ҳазрати Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимки жума кечаси икки ракат намоз ўқиб, намознинг ҳар бир ракатида “Фотиҳа”дан кейин “Оятал курси”ни бир марта, “Иҳлос сураси”ни ўн беш марта ўқиб саломдан кейин минг марта саловат айтса, албатта у кейинги жумага етмасдан мени тушида кўради”.

Айрим машойихлар жумъа кечаси “Қадр” сурасини 1000 марта ўқиган одамнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бир марта бўлсада, тушида кўрмасдан оламдан ўтмаслигини келтирадилар.

Шунингдек, “Кавсар” сурасининг хосиятлари бобида ҳам жумъа кечаси шу сурани 1000 марта ўқиб, сўнг 1000 марта саловат айтса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўриши таъкидланади. Хусусан, Ҳазрати Сайид Муҳамад Ҳаққий ан Нозилий “Кавсар” сурасини 1000 марта ўқиб, сўнг 1000 марта “Аллоҳумма солли васаллим ала саййидина Муҳаммад ва ала оли саййидина Муҳаммад биъадади кулли маълувмиллака иннака ала кулли шайъин қодийр” тасбеҳини 1000 марта айтиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўриш бахтига эришганлигини ёзиб қолдирган. Шунингдек, у зоти шариф яна бошқа кўплаб дўстларининг худди шу йўл билан мақсадга эришганлиги ҳақида ҳам тўхталади.

Саййид Ализоданинг “Мифтоҳул жинон шарҳу ширъатил ислом” китобида келтиришича эса, кимки жумъа кечасида “Қурайш” сурасини 1000 марта ўқиб, таҳорат билан ухласа ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўради. Шунингдек, унинг ҳамма мақсуди ҳосил бўлади. Бу энг улуғ тажрибадир, – дейди муаллиф. Ҳуфтондан кейин дунё ишларидан бирон нарсага машғул бўлмасдан ётиш ҳам суннатдандир. Ётишда ҳам Пайҳамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўриш иштиёқида, макруҳ ҳолдаги ётишдан ҳазар қилиб, суннат ҳолдаги ётишга жидду-жаҳд қилиш лозим. Ўнг тарафни қиблага қилиб, ўнг тарафни босиб, ўнг қўлнинг кафтини ўнг юзнинг тагига қўйиб ётишлик суннатдир. Аллоҳим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришни соғинганларга у зотнинг жамолини кўришни насиб айлагин.

Урол Назар Мустофо
Тошкент ислом институти ўқитувчиси 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг