Ориятли йигитларимиз кўпаяверсин

0
101

Хизмат юзасидан жамоадошим бўлмиш бир ишчи йигит билан суҳбатда бўлдим. Суҳбат жараёнида шундай диёнатли, теран фикрли, ғурури баланд йигитларимиз борлигидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Суҳбатимиз замонамиз тинчлиги, фаровонлиги, тўкин-сочинлиги ҳақида эди. Бу суҳбат мени шунчалар руҳлантириб юбордики, ўша йигитнинг айтганларини сўзма-сўз етказишни ният қилдим: шундай тинч, фаровон ҳаётдан ҳам норози, шукр қилмайдиган инсонлар бор. Улар ўзларига ўзлари муаммоларни кўпайтирадиган инсонлардир. Масалан: тўйларимизни қаранг. Куёв томон қиз томонга минг доллар беради, қиз томон унинг устига тўққиз минг доллар қўшиб, қизига мебель, бошқа уй-рўзғор жиҳозларини бус-бутун қилиб олиб боради. Қиз томон харажатлари шу билан тугаса майли эди-я. Тўйдан кейинги чорларию, ҳайитлигию, бешик тўйлари, қовурдоқлари ва ҳ.к.лари ҳеч битмайди. Куёв эса тўй куни келинни бир-икки соат айлантириб келиш учун икки минг доллар сарфлаб лимузин ва бир нечта хорижий машиналарни олиб келадию, тўйдан кейин аёлини қорнида ҳомиласи билан, қўлида ёш боласи билан ойисиникига ёки шифокорга бориши учун кўчадаги тиқилинч автобусга чиқариб юборади. Ҳолбуки, агар ўзининг машинаси бўлмаса ёки вақти бўлмаса, ўша лимузин учун сарфланган пулига аёлини бориб келадиган жойига бир неча йил таксида юбориши мумкин бўлар эди. Бу билан мен бизнинг қизларимиз бир мартагина бўладиган никоҳ тўйларида орзу-ҳавасларга берилмасинлар, демоқчи эмасман.

Айтмоқчиманки, минг-минг долларлар сарфлаб, осмонларга кўтариб олиб келган аёлимизни умримиз давомида ҳам худди шундай авайлаб асрашимиз керак. Чунки улар бизнинг зурриётларимизни дунёга келтирадилар, уларни боқиб, тарбиялаб, вояга етказадилар.

Оиламиз тинчлиги, фаровонлиги, фарзандларимизнинг яхши инсон бўлиб камол топишлари, бу – умримиз маъно ва мазмунидир. Қизларимиз ҳам шу ўринда турмушга чиқиш, фақатгина ижарага олинган қимматбаҳо кўйлагу, хорижий машина, ҳашаматли ресторанлардаги серхаражат тўйларни, ота-онаси қарзга ботиб олиб берадиган мебель ва уй-рўзғор жиҳозларини ўйламасдан, бу – асосий ҳаётнинг бошланиши, бир умрлик турмуш ва шу йигит унинг бир умрлик ёстиқдоши, елкадоши, ҳаммаслаги, туғилажак фарзандларининг отаси бўлиши ҳақида жиддийроқ ўйлаб иш тутсалар, бахтли ва мустаҳкам оилалар кўпроқ бўлар эди.

Мен ўзим аёлимни Жигули машинасида, ҳеч қандай мебель ва жиҳозсиз олиб келганман. Тўйимиз ўзимизнинг замонамизда – 2005 йилда бўлиб ўтган. Мана, 12 йилдан бери ҳали бирор маротаба машинасиз кўчага чиқарганим йўқ. Бир жойга чиқиши керак бўлса, ўзим олиб чиқаман. Ўзимнинг вақтим бўлмаса, таксида жўнатаман. Чунки у менинг аёлим, қўлида – менинг фарзандларим. Кўча-куйда болаларимни етаклаб, автобусларда туртиниб-суртиниб юришларига менинг эркаклик ғурурим йўл қўймайди. Қолаверса, у менинг фарзандларимни 9 ой юраги тагида кўтариб юриб, азоб чекиб дунёга келтирган. Кечалари бедор бўлиб уларга оқ сут берган, тарбиялаган. Менинг ҳам, ота-онамнинг ҳам хизматида бўлган аёлим.

Эътибор билан таҳлил қилсангиз камхаражат, камтарона ўтказилган тўйлар билан бино бўлган оилалар анча мустаҳкам. Улар ўртасида ажралишлар камдан кам учрайди. Эру хотин меҳнат қилиб жамғарган маблағларига биргалашиб дўконлардан совуткич ё кир ювиш машинаси сотиб олишлари қанчалик завқ-шавқ бағишлаши, оиланинг бахтли ва мустаҳкам бўлишида қанчалик катта аҳамиятга эга эканлиги айни ҳақиқатдир. Қолаверса, бу болалар тарбиясига ижобий таъсир ўтказиши турган гап. Инсон бирор нарсага интилиб яшамаса, ҳамма нарса муҳайё бўлса ҳаётнинг қизиғи қоладими?

Ёшларимизнинг ҳаётга нисбатан лоқайдлиги, оила деган муқаддас тушунчага масъулиятсизлик билан қарашлари, бир-бирларининг ўрталарида меҳру муҳаббат, ҳурмат-иззатнинг йўқлиги ота-оналар томонидан маънавий тарбиядан кўра моддий таъминотга кўпроқ эътибор қаратилишида эмасмикан?

Сиз нима дейсиз, муҳтарам ватандош?

 

Дилбар Ҳамидова

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг