Илм ўқинг – юксаласиз

0
213

Илм билан инсон ҳеч қачон хор бўлмайди аксинча илм ўқиш, китоб мутолъа қилиш инсонни юксак мақом ва мартабаларга кўтаради. Энг яхши дўст, фақат фойда келтирадиган хамроҳ китоб бўлади. Илм олишни Аллоҳ таъоло эркагу аёл бандаларига фарз қилиб қўйган яъни мажбурият қилиб қўйди.

Баъзи илмларни ўрганиш фарзи айн бўлади яъни ҳамма бу илмларни ўрганиши шарт. Масалан иймон – эътиқод, ҳалол харом… илмларини билиш. Ва баъзи илмларни ўрганиш фарзи кифоя бўлади, масалан табобат илми, мухандислик, зироатчилик… илмларини жамиятдан ёки маҳаллалардан баъзи – бирлари эгаллашлари бошқалардан соқит этади.

Илмсизлик иллати қайси халқда илдиз олса, албатта, уни заифлаштиради, ривожланишдан ортда қолдиради, жаҳолат, адолатсизлик, ўз хақ-хуқуқларини билмаслик, хаттоки ўз холиқи бўлган Аллоҳни танимасликгача олиб боради. Юртни ғанимлар ўзлаштириб олади, натижада бировга қарам бўлади, урф – одат, дину – диёнатлардан жудо бўлиб юртни вайрон қилади.

Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндур. Илк нозил бўлган Қуръони каримдаги биринчи сўз ва биринчи оят ва биринчи сураи карима ўқиш зарурлигини билдиради. Инсоннинг дунё ва охиратини обод бўлиши илм олмоғи ва ўқиганига амал қилиш билан боғлиқдир. Аллоҳ таъоло илм излашни ва ўрганишни мусулмон бандаларига қатъий буюрган. Илмсиз кишилар ҳеч қачон илмли кишилар билан тенг бўла олмаслигини алоҳида таъкидлаб айтган.
яъни: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”. (Зумар сураси 9 оят)

Илму маърифат ўрганиш йўлда босилган ҳар қадам учун улуғ ажрлар, савоблар ва мукофотлар бор. Илм ўрганиш учун киши йўлга чиқса фаришталар у киши билан бирга юрар экан, илм олиш учун ўтирса фаришталар унинг оёғини тагига қанот ёзаркан.

Аллоҳ таъоло илмни улуғ неъмат, юқори даража ва камолот сифатида зикр этиб, олиму фозиллар ва билимдонлар даражаси юқори эканини бундай баён қилади.
“Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан ҳабардордир”.

Аҳли илмларни фазилатларию мақом – мартабаларини юксаклигини Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам:
“Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан фазлим кабидир” деганлар. “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳиллари, хатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларни дуо қилишади” дедилар (Имом Термизий ривояти).

Бугинги кунда фарзандларимизни илм олишларидан чалғитаётган катта бир бало, керак бўлса катта бир хатар телефон ва ундаги хар – хил қимматли вақтларини оладиган бўлмағур ўйинлардир. Вақтни бехудага сарфлашликдан Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ қайтарганлар. Қиёмат кунида вақтни нимага сарф этганимиз борасида сўралишимизни такидлаб айтганлар.

Ота – оналар ўз фарзандларига тўғри маслаҳат бериб, уларни соғлом ва бақуват ўсиб улғайишлари, илм – маърифатли, ватан жамият учун зарур ва муҳим бўлган барча илмий соҳалар бўйича етук мутахассис бўлишлари учун ғамхўр, ёрдамчи ва тўғри насихатгўй бўлмоқликлари лозим.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадисда Набий солаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзинга наф берадиган нарсага қаттиқ урун. Аллоҳдан ёрдам сўра, ожиз бўлма!” деганлар.

Закариё ҲАФИЗУЛЛАЕВ
Тошкент шаҳар “Камолиддин Ориф Ал-Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг