Дуодан бахт топган келин

0
576
C

Ҳаётий воқеа

Бўладиган бола бошидан, деб бежизга айтилмаган. Одина ўнларга кирганда бувиси вафот этди. Буваси Муҳаммад ота ёлғиз қолди. Кексайганда ёлғизлик азоби қийин бўлар экан. Кекса одамнинг кўнглини топиш учун бир сўз кам, икки оғиз сўз кўплик қилади. Уларнинг кўнгли нозик, хизмати оғир бўлади. Бир куни ўн ёшли Одинани отаси ёнига чорлаб, бувасига хизмат қилиб, дуосини олиш кераклигини тушунтирди. Одина ёш бўлсада зийрак эди. Отаси тушунтирган ҳамма ишни бажаришга ваъда берди.Муҳаммад бува намозхон. Эрта тонгда туриб, намоз ўқир, узоқ дуо қилар, нонуштани ҳам эрта қиларди. Муҳаммад буванинг хонасида Одина ва кичик укаси Абдуазиз бирга ётарди.

Муҳаммад ота набираларини уйқуси бузилмасин деб, энди ўрнидан турмоқчи бўлса, зийрак Одина номоз вақти бўлганини, бувасига тез таҳорат суви тайёрлаш лозимлигини сезиб, ўрнидан сакраб турарди. Бувасининг ухлайвергин дейишига қарамай таҳорат сувини тайёрларди. Буваси номоз ўқиб бўлгунича нонуштани ҳозирларди. Яна ойисига уй ишларига ёрдам берар, бирор марта бўлсин нолимасди. Буваси эса ҳар намоздан сўнг: “Умринг узоқ бўлсин, бахтли бўл қизим! Олийжаноб инсон жуфтинг бўлсин”, деб дуо қиларди.

Отанинг сўзини қолдирмаган, буванинг дуосидан насибасиз қолмаган Одина ўн йилга яқин яъни турмушга чиққунича бувасига холис хизмат қилди. Бу катта матонат, отага итоат ва бувага ҳурмат эди. Уйқу ва роҳатдан савобни устун қўйди. Ўзи катта олийгоҳни тугатмасада, энг обрўйли, илмли шаҳарлик йигитлардан бирига турмушга чиқди. Турмуш ўртоғи Муродга ҳам хизматини аямади. Эрини тонг саҳарда туришга мажбурлаб:
-Бувам, тонгда ухлаш ризқни кесади. Ризқи мўл бўлишни хохлаган одам, саҳар туради. Бувам: “Тонгда қилинган иш унумли, дуолар эса қабул бўлади”, дердилар. Қани ўрнингиздан туринг, деб эрини ҳоли-жонига қўймасди. Мурод:
-Қишлоқ қизисан-да, тонноз келинлар каби дангасаликни ёқтирмайсан-да!-дерди мамнун.

Одина ўз одатига кўра, қайнота-қайнона ва эрига нонуштани эрталаб тайёрлаб қўярди. Уни шундай тайёрлардики, ҳаммаси ҳайрон қоларди. Эрини бирор марта бўлсада ишига нонуштасиз кузатмасди. Қайнота ва қайнонаси ҳам уни кўп дуо қиларди.Дуо ва олқишнинг сабабидан неча йил заҳмат чекиб, бувасининг дуосини олган, отасининг назарига тушган, қайнота ва қайнонанинг одқишини олган, эрига итоатли келин ҳамма орзусига етди. Эри Мурод уни бирор жойда ишлатмас, “Қишлоқда роса ишлагансан, шунинг ўзи етади”, дерди.

Қайнотаси вафот этгач, қайнонасига қизларидан ҳам яхшироқ хизмат қилди. Дуосини олди.Ўзи ҳам кексалик ёшига етди. Уч қиз, икки ўғилни вояга етказди. Уларни илмли, одобли ва ҳаёли қилиб тарбиялади. Уйда дастурхон атрофида ўтирганларида, болаларига:-Бува, бувиси, қайнота ва қайнонаси бор, ўғил-қизлар ва келинлар жуда бахтли-да! Уларнинг хизматини қилади, дуосини олади, билмаганини ўрганади. Дуо ва олқиш олган инсон кам бўлмайди. Бувамнинг хизматини қилдим, қайнонам ва қайнотамнинг дуосини олдим, оталарингизнинг ҳурматини жойига қўйдим, мана бугун сизларнинг ардоғингиздаман. Таҳорат суви иситаман деб қиш кунлари совқатган қўлларимни совуқ сувга урдирмайсиз, ухлаб қолмай деб қаттиқ ерларда ётардим, пар тўшакларда иззатдаман, савоб топаман деб озгина қилган хизматим эвазига ҳажга бордим, бугун ўзим пири бадавлатман. Ҳа, холис қилинган хизматнинг мукофоти, дуолар самараси мана шундай азизликдир,-дерди мамнун.

Муҳаббат -оналар жисмидир

Муҳаббат –гўзаллик исмидир

Муҳаббат  – иймонга асосдир,

Муҳаббат  – ибодатга хосдир,

Муҳаббат  – хосларга мосдир,

Муҳаббат  – набийлардан меъросдир.

Муҳаббат  – покликнинг аслидир,

Муҳаббат  – Маҳбубнинг ҳуснидир.

Муҳаббат  –  Муҳаммад васлидир,

Муҳаббат  – дохили Фирдавсидир.

Шермурод ДЎНГБОЕВ

Чилонзор тумани “Дўмбиробод” жоме масжиди имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг