Муқарраблар булоғи

0
105

Мусаффо ва покиза динимизда хамр, яъни маст қилувчи ичимликлар-нинг барчаси харом қилинган. Аллоҳ таоло ўзининг каломида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очар) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, зафар топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. Энди тўхтарсизлар?! Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирадиган бўлсангиз, билингки, Расулимизнинг вазифаси аниқ етказиш, холос” (Моида сураси 90-92-оятлар).

Ибн Умар р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Набий с.а.в.: “Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ҳар бир маст қилувчи харомдир. Ким бу дунёда хамрни ичиб, уни тарк қилмай ўлиб кетса, тавба қилмаса, охиратда уни ичмас”, – дедилар. Хамр, яъни маст қилувчи ичимликларнинг барчаси харомдир ва унинг харомлиги кучлигидир ва уни халол санаган кофир бўлади.

Жаннатда ҳам жаннатий бўлган бандалар учун турли-туман ҳушбўй ва ёқимли бўлган ичимликлар тайёрлаб қўйилган. Кимки, бу дунёда Аллоҳ харом қилган ичимликлар билан луқмасини ҳам харом қилиб, сўнгра тавба қилмаса, охиратда жаҳаннамда унинг оғзидан қайнаб турган йиринглар қуйиб ичирилади. Бундан сақланишлик учун фақатгина бу дунёда ҳалол яшаб, ҳалол ва покиза неъматларни тановул қилиш ҳамда Аллоҳга сажда қилиб, ибодат қилишлик керак, холос.

 Аллоҳ таоло каломида солиҳ бандалари учун жаннатда тайёрлаб қўйган улкан бир неъматини баён қилади: “Албатта, аброрлар жаннати наъиймдадурлар. Пардали баланд сўрилар устида назар солиб турурлар. Уларнинг чеҳраларидан жаннат равнақини билиб оласан. Улар мухрланган, ниҳоятда пок шаробдан ичурлар. У (шароб)нинг хотимаси мискдандир. Ва шу нарса учун мусобақа қилувчилар мусобақа қилсинлар. У шаробнинг аралашмаси “таснийм”дандир. У (Таснийм) бир булоқдирки, ундан муқарраблар ичарлар” (Мутоффифун сураси 22-28-оятлар).

Муқарраблар, аброрлар Аллоҳга яқин кишилардир. Фақатгина улар Тасниймдан суғорилурлар.

                                                                                      Йўлдошхўжа Сайдумаров                                                                      “Валихўжа ўғли Норхўжа жоме масжиди               имом ноиби 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг