Бидъат-хурофотлар: Мушкул кушод, Бибисешанба ва бошқалар…

0
108

Динимизга бўлган қизиқиш, унинг кўрсатмаларини адо этишга бўлган интилишнинг ортиши айни пайтда баъзи бир фитнакор шахсларнинг диний ихлосмандларга нотўғри йўл, аёллар ўртасида турли хил бидъат-хурофотларни келтириб чикармоқда. Жумладан:

ФОЛБИНЛИК – бу ғайбни билиш даъвосини қилувчи кимсаларнинг машғулоти бўлиб, унинг “коҳинлик”, “аррофлик” каби номлари мавжуд.

“Коҳин” – келажакда бўладиган нарсалар ҳақида хабар берувчи бўлиб, унга  бу хабарларни жинлар етказишини даъво қилади.

”Аърроф” – эса  турли ишларнинг бошланиш сабаблари ҳамда ўғирланган нарсаларни, уни ким  ўғирлаганини ёки қаерда эканини билишини даъво қилувчи киши. Бу икки нарсани даъво қилувчиларнинг номлари икки хил бўлса ҳам, уларнинг мазмун –моҳияти  биттадир.

Динимиз таълимотига кўра, бу каби ишлар билан шуғулланиш Қуръони карим ҳукми билан ҳаром килинган ва шаръан қораланган. Фолбинлик билан бир қаторда “сеҳр”, “сеҳргарлик” каби тушунчалар ҳам мавжуд. “Сеҳр”- луғатда сабаби махфий бўлган нарса маьносини англатади. Сеҳрнинг қуйидаги турлари мавжуд:

ШАЪВАЗА – бу фокус усулида чаққон ҳаракат билан кўрсатиш.

НУШРА – бу жин теккан кишининг сеҳргар ёки фолбин ҳузурига бориб даволанишига айтилади. Булар ҳам доимий хамтовоқлари жинларнинг мададига таянади. Даволашнинг бу тури сеҳрни жинлар ёрдамида ечилгани сабабли ҳам нушра деб аталган. Нушранинг ҳаром амал эканлигига қуйидаги ҳадис далил бўлади: “Расулуллоҳ алайҳиссаломдан  нушра ҳақида сўрадилар. Шунда у Зот: “ У шайтоннинг амалидандир”  деб жавоб қилдилар”.

АЗАЙИМХОНЛИК – бу араб тилидаги “азима” сўзининг кўплиги бўлиб, бунда дам солувчи жинлардан мадад сўраб дуо ўқийди.

АВФОК – бу махсус геометрик шакллар ичига ёзилган рақам ва  ёзувлар. Бунда шаклларни бирор вақтга ёзиб ўзи билан олиб юрса, бахт-омад келтиради ёки унинг кетидан қувиб юради деб ҳисобланади.

ТАНЖИМ ёки МУНАЖЖИМЛИК – бу осмон жисмлари яъни юлдузларнинг жойлашувига қараб бу ерда бўладиган ҳодисаларни билиш. Ҳозирги кунда инсонларни тўғри йўлдан адаштиришга хизмат килаётган “мунажжимлар башорати” ҳам шу турга киради.

Фолбинлик, сеҳргарлик каби иллатлар мусулмон кишини диндан чиқариб юборишга сабаб бўладиган оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Фолбинлар – бир ҳайвонни қора қўчқор, қора ёки қизил хўроз кабиларни келтиришни талаб қиладилар. Сўнг уни суйиб, қонини касалга суртиб,ўзини эса ташландиқ ерларга отиш асносида Аллоҳнинг исмини зикр қилмасликга буюрадилар ва шу орқали жинлардан ёрдам сўрайдилар. Жинлар эса, фолбинни тилида ва дилида кофир бўлмагунча унга ёрдам бермайди. Фолбин қанча гуноҳкор бўлса, жинлар ҳам унга шунча яқин бўлаверади.

Келажакни билиш, йўқолган нарсаларни билиб бериш, бирор кимсага сеҳр ва иссиқ-совуқ қилиш, шу каби масалалар юзасидан фолбин, сеҳр-жоду қилувчилар ва коҳинлар олдига бориш шаръан ҳаром бўлиб, динимизда қаттиқ қораланади, уларнинг айтганларини тасдиқлаш оғир гуноҳ,ширк келтириш ҳисобланади. Бу ҳақида Пайғамбар алайҳиссаломдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: “Кимда-ким фолбин ёки сеҳргар ёки коҳин (жинларим бор, руҳлар билан гаплашаман деган кишилар)нинг олдига бориб,унинг айтганларига ишонса, у Муҳаммадга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди”, дейилади.

Пайғамбар алайҳиссалом бундай тоифа инсонлар ҳақида ҳам хабар бериб: ”Киши фолбин ҳузурига бориб,айтганларини тасдиқламасдан чиқиб кетган тақдирда ҳам 40 кунгача унинг ибодати қабул бўлмайди” деб таъкидлаганлар.

Шу ўринда Амир Темур бобомизнинг гапларини эсласак жоиз бўлади: Амир Темур бобомиз шоҳ супасида ўтирганларида аёнларидан бири югуриб келиб , “Эй шоҳим сизни келажагингизни айтиб берадиган жуда ҳам кучли фолбин келди” деганда, Амир Темур бобомиз дарҳол ўша фолбинни бошини танасидан жудо қилинглар, деб буюрадилар. Бир оздан сўнг Амир Темур бобомиз аёнларига, агар ўзини келажагини билган фолбин бўлганида эди, менинг олдимга келмасди – дедилар.

Аллоҳ таолонинг калимасида ҳам: ”Айтинг: ”Аллоҳдан бошқа осмонлар ва ердаги бирор кимса ғайбни билмас” (Намл сураси 65 оят). Шунинг учун келажакни билишга қизиқмаслик, ҳар бир ишни яхшилик ёки ёмонликми Аллоҳдан деб билиш ва сабр қилиш – сеҳр-жодудан эмас Аллоҳдан нажот кутиш керак бўлади. Бунинг учун Аллоҳнинг каломи Қуръони карим ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ворид бўлган дуолардан ўқишимиз лозим.

Паноҳ сўралувчи зот ҳам, суянишига лойиқ зот ҳам, бандаларининг тақдиринию келажагини биладиган Зот  ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзидан бошқага муҳтож килмасин, ҳақ йўлидан, ҳидоят йўлидан адаштирмасин, омийн!

Бидъат ва Хурофот.  Бидъат – луғатда бир нарсани янгидан пайдо қилиш маъносини англатади. Динга кириб келган янгиликка нисбатан ишлатилади. Хурофот эса, исломгача мавжуд бўлган қадимий диний эътиқодларга оид урф-одатлар, тўқима ривоят ва афсона, ирим-сирим, сеҳр, фолбинлик, тумор, қабр каби нарсалардан ёрдам сўраш,динда бўлмаган тўқима одатлардан иборат бўлади. Бидъат ва хурофотлар дин душманлари ва билмаганлар томонидан тўқиб чиқарилган. Ҳеч бир китобларда манбаси йўқ  ва ҳужжатсиз гаплар ҳисобланди. Одатда, бундай ишларга ирим-сиримларга аёлларимиз ишонадилар.

Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Эй, Билол билгинки, кимки менинг вафотимдан кейин унутилиб кетган суннатимни қайта жорий қилса, унга амал килувчиларга қанча савоб берилса, унга ҳам шунча савоб ёзилур. Бу уларнинг савоблари ҳисобига эмас. Яна кимки, Аллоҳ ҳам, расули ҳам рози бўлмайдиган нотўғри бидъатни жорий қилса, унга амал килувчиларга қанча гуноҳ ёзилса, унга ҳам шунча гуноҳ ёзилур. Бу уларнинг гуноҳлари ҳисобига эмас”, деб таъкидлаганлар. Масалан, рўза ойидан олдин – балиқ еса жиғилдони тозаланади, луқмаси ҳалол бўлади ва рўзаси қабул бўлади деган гаплар халк орасида мавжуд. Рўза ойида тухум еб бўлмайди, ўлик чиққан хонадонда сумалак пиширилмайди, каби гапларга ишониш жоҳилликдир. Сафар ойида сафарга чикса, тўй қилса бўлмас эмиш каби миш-миш гаплар бор. Аслида сафар ойи ҳижрий-камарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Сафар ойида шумланиш тарихи Исломдан аввалги жоҳилият даври билан боғлик бўлиб, бу ойда одамлар никоҳ боғламас, бирор эзгу ишга қўл урмас, тижорат ёки бошқа мақсадда сафарга ҳам чиқмас эдилар. Одамларга сафар ойидан шумланиш ноўрин эканлигини айтганлар ва шу ойда масжидларини курдирганлар, Имом Зуҳрийнинг ривояти билан манбаларда келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан сафар  ойида қизлари Фотимаи заҳрони Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаганлар (“Туҳфатул Муҳтож фи шарҳил Минож”).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларини далил қилиб , сафар ойини исломда сафар – яхшилик ойи деб номланди. Кўп ишлар айнан сафар ойида бошланган.

Мушкул кушод ва Бибисешанба

Мушкулларни осон килиш мақсадида масалан, қизга совчи келмаганда, йигитга муносиб қиз топилмаганда, бирор иш юришмаганда қилинадиган хурофот амаллардан ҳисобланади. Мушкул кушод – “мушкул”-қийин, “кушод” – очувчи яъни қийинчиликларни енгувчи, мушкуллик ва бандларни ечувчи маъносини билдиради. Афсонага кўра , Баҳоуддин Нақшбанднинг холаси ўроғини йўқотган ўтинчига ёрдам бериб, ҳар чоршанба кунлари бу илоҳий аёлни эслаб, ис-чироқ килиши лозимлигини тайинлаган экан. Мазкур ривоятга амал қилган ҳолда маросим фақат чоршанба куни ўтказилгани сабабли, айрим жойларда “Биби Чоршанба”, ёки унда шам-чироқ ёқиб, азиз-авлиёлар руҳи ёд этилгани учун  “Чироқ ёқди” деб ҳам юритилади.

Бибисешенба – каби маросим муҳтарам зотларнинг руҳидан мадад сўраш, ҳожатларини тилаш бўлиб, у ислом ақидасида хилоф. Шу боис уларни ўтказишни  шариат ман қилади. Шариатга мутлақо тўғри келмайдиган афсонавий эртакдан иборат ва бу каби маросимлар қуръони карим, ҳадиси шариф ва бошка фиқхий асарларда ўтказиш мумкинлигини тасдиқловчи бирорта хам далил мавжуд эмас.

Бибисешанба каби китоблардаги маълумотларнинг кўп қисми ислом дини асосларига тўла мувофиқ келмаслиги, уларнинг муаллиф ва ноширлари бундай ишга динни бузиш, моддий маблағ орттириш ниятида қўл урганлари айтиб ўтилган.Бу маросимлар бидъат йўли билан турли таомлар тайёрланиб,исрофгарчиликка кенг йул қўйилгани ва азиз авлиёларимизнинг руҳи ва мозорига атаб қурбонлик қилиш ишлари ислом динида қатъиян ман  этилади. Ҳозирги кунда ҳам кўп вилоятларимизда мана шунақа маросимлар ўтказилмокда. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳар бир маросимнинг келиб чикишини тушинтириб бера оладиган  илмли отинойиларимизнинг ўрни катта ахамиятга эга, деб ҳисоблайман.Табиийки, дин уломаларимиз бу каби маросимлар ҳақида ўзига яраша ишлар олиб бормоқдалар. Бу ишлар ўз самарасини бермоқда. Аллоҳ  таолодан барча  ўтган аждодларимизни ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат қилсин.Фарован ҳаёт, тинчлик ва офият ато этишини сўраб қоламиз. Омийн!

                                                                      Шижоат Шарипова

                                        Яккасарой тумани  “Боғсарой”маҳалласи отинойиси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг