Мустаҳкам оила – мустаҳкам давлат демак

0
57

Оила – инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг асосий бўғини бўлиб келаётган муқаддас даргоҳ ҳисобланади. Ҳақ таоло Ўзининг пайғамбарлари орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши, ундан кўзланган мақсад юзага чиқиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий этган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда уйланиб, оила қуриш пайғамбарларнинг суннати эканлигини таъкидлаб бундай дейди:

«Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриёдлар берганмиз» (Раъд сураси, 38-оят).

Динимиз таълимотларида ҳам оила масаласига катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, унинг бошлиғи ким бўлиши, оила аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари, фарзандлар тарбияси каби муҳим масалаларга тегишли жавоблар берилган.

 «Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик («Зориёт» сураси, 49-оят).

Шу жумладан, инсонлар ҳам жуфт қилиб яратилган.  Аллоҳ таоло бу жуфтликни Ўзининг илоҳий аломатларидан бири эканлигини эслатиб, бундай дейди:

 «Унинг аломатларидан (Яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» («Рум» сураси, 21-оят).

Шунга мувофиқ, никоҳ орқали уйланиш ва оила қуриш, фарзандлар тарбиялаш кўп миллатларда бўлгани каби динимиз таълимотларида ҳам таъкидланганидек муқаддас ҳисобланиб, ўзига яраша тартиб ва қоидалар асосида ташкил этилади.

Ҳазрати пайғамбаримиз (с.а.в.) аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини, фарзандлар тарбиясидаги муҳим масалаларни ҳал қилиб беришда фақат Ислом умматигагина эмас, балки кишилик жамиятига ибрат ва намуна бўлиб келмоқда.

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, азиз юртимизда истиқлолдан кейин аёл қадри ва шаъни тикланди. Аёллар жамиятда ўз ўрни, мавқеи ва сўзига эга бўлди. Бу Асосий Қонунимизда кафолатланиб қўйилди.

Унда жумладан бундай дейилади: «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга». (Асосий Қонун,14-боб, 63-модда).

Динимиз таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ – ибодат даражасига кўтарилган.

Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар.

Ислом таълимотига кўра, оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) ахлоқлари, чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди.

Зеро, оила – катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади.

Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг  барча турларидан холи тинч ва обод бўлиши, аввало, ушбу кичик жамиятнинг тинчлиги, тотувлиги, аҳиллигига боғлиқдир. Оиладаги тинчлик-хотиржамликни ва саодатни таъминлаш оиладаги ҳар бир шахс ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиши ва бажариши билан барқарор ва мустаҳкамлаш бўлади.

Бундай масъулиятни эса, эр ва хотин ўртасини боғлаб турувчи никоҳгина мустаҳкамлаши ва жорий қилиши мумкин.

Фиқҳий манбалардан бўлган «Дуррул Мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»да зикр этилганидек: «Одамзотга никоҳ ва иймондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти  ўлим билан тугамайди.

Мустаҳкам ва саодатли оилада эр-хотин ўзаро тотув яшаши, бир-бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч ва тотув яшаши лозим.

Оила таянчи бўлган аёлларимизга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилишимиз лозим, агарчи уларнинг феъл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини айтиш, уни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади, чунки ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг биз билмаган, ақлимизга келмаган ҳикматлари бор.

Аёлларнинг хулқларида бир эмас, бир неча яхшилик борлиги маълум.      Оила саранжом-саришталиги, кийим-кечак ва уйларнинг пок ва озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги беминнат хизматлари ва энг муҳими-тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солиҳ фарзандларни вояга етказишлари шундай яхшиликлар сирасига киради.

Муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан эълон қилинган 2016 йил – «Соғлом она ва бола йили»да оилаларнинг маънавий камолоти, моддий фаровонлиги, фарзандлар бахт-саодати, уларнинг нурли келажаги учун  давлатимиз истиқлол йилларида кўп хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда. Ўз навбатида биз ҳам ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг:

«Яхшилик қилишни, меҳр-шафқат ва меҳрибонликни оилангиздан бошланг», деган пурҳикматли ҳадиси шарифларига мувофиқ оилани соғлом қилиш учун зарур бўлган барча эзгу ва савобли ишларни қилишимиз лозим бўлади. Бунда авваламбор эр-хотин қолаверса, қайнона-қайнота ҳамда уларнинг атрофидаги катталар оиланинг соғлом қилишга жиддий эътибор қаратиши лозим бўлади.  Ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиздир.

Юртбошимизнинг жорий йил 12 январдаги  “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши бу борада жуда муҳим тадбир бўлди. Илм бор ерда китоб кўпаяди. Китоб бор ерда илм ривожланади. Ҳозиргача ҳар бир жамиятдаги китоблар ва уларга бўлган муносабат ўша жамият аъзоларининг илмга бўлган муносабатининг ўлчови бўлиб келган. Агар биз фарзандларимизни ана шундай китобхонлик руҳида тарбияласак оилани, ватанни қадрини англайдиган ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб улғаяди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, муфтий Усмонхон Алимов “Оилада фарзанд тарбияси”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Бахтиёр оила”, ҳамда имом-хатиблар ва зиёлиларнинг оила масалаларига бағишланган бошқа рисолалари нашр этилган. Ана шу адабиётларни ўқиб-ўргансак, фарзандларимизга ўқитсак, жамиятимизда оилалар мустаҳкам ва ибратли даргоҳлардан бўлади.

 

Раҳимжон Марҳумов тайёрлади
Тошкент шаҳар “Мевазор” жоме масжиди имом-хатиби

 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг