Кимлигимизни унутмайлик

0
156

Аллоҳ таоло инсонни яратар экан, ер юзида ўзининг халифаси қилди. Барча нарсаларни унга бўйсунтириб қўйди. Мақсад роббисини таниш, ер юзини ислоҳ қилиш ва ўзини кимлигини унутмаслик. Бугунлик  кунда биз азизлигимизни, мукаррам зот эканлигимизни, Аллоҳ нима учун бизни яратганини, вазифаларимиз нималардан иборат эканини унутиб қўймоқдамиз. Ниятларимиз кўпроқ дунё орттириш. Хаттоки бу йўлда, инсонларни алдашга, ёлғон гувоҳлик беришга, одам ўлдиришга хатто шариъат кўрсатмаларини мазаҳ қилишгача боряпмиз. Қариндош-уруғларни, опа-сингилларни, ака-укаларни ўртасига низо солаётган, биз қувиётган дунё эмасми? Агар дунё инсонга фойда берганида, Аллоҳ Қуръонда тарғиб қилган, Пайғамбарлар дунё еғишда ўзлари биз умматларга ибрат бўлишмасмиди?! Йўқ! Ибрат бўлишмади, демак фойда бермайди, чунки ўзи билан олиб кетолмайди. Инсонга бу дунёда фойда берадиган ва ўзи билан олиб кетиши мумкин бўлган ягона нарсаси бу иймони, ҳамда қилган яхши амалларидир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. ”Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Маййитга уч нарса эргашади. Иккитаси қайтиб, биттаси у билан қолади. Унга аҳли, моли ва амали эргашади. Аҳли ва моли қайтади. Амали қолади”, дедилар. (Бухорий ва Муслим).

Ривоят қилинишича, бир подшоҳ “ҳаётни ўрганиб кел”, деб ўғлини дунё сафарига юборибди. Орадан ойлар ўтиб, шаҳзода саройга қайтибди. Бир кафтида тупроқ, бирида тош билан отасига рўпара бўлибди.  Дунё кезиб топганинг шу бўлдими? – деб ранжибди подшоҳ. Бундан нима маъно уқмоғим керак?

”Тупроқ” – инсон қанчалар улуғ, қанчалик қудратли бўлмасин, у тупроқдан яралган ва оқибат яна тупроққа айланади. Шундай экан, то аслига қайтгунига қадар Аллоҳга мақбул ишларни қилиши лозим бўлади.

“Тош” – инсон тўплаган дунёсини, яхшилик йўлида фойдаланилмас экан, ундаги дунёнинг қадри билан бу тошнинг қиймати бир хилдир. Бойликка эга бўлмаслик ёмон, бойликка эга бўла туриб, ундан оқиллик билан фойдалана олмаслик унданда ёмонроқ,- деб жавоб берган экан шаҳзода.

Бас, шундай экан, ўзимизни, ўзлигимиз ва борар манзилимизни унутмайлик. Аллоҳ юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо,ватанимиз равнақини бунданда зиёда қилиб, барчамизга рушду ҳидоят берсин.  Амин.

Шукуржон Шонеъматов
Тошкент шаҳар “Тинчлик” жоме масжиди имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг