Гўзаллик – хулқдадир

0
140

Абдуллоҳ ибн Амр Ос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким Қуръон ўқиса, бас, у нубувват (даражаси)га поғонама – поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди, холос, туриб ғазаб қилган киши билан тортишиши ва жоҳил кишига қўшилиб жоҳиллик қилиши тўғри эмас”. (Байҳақий “Шуабил – иймон”да ва Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган ва : “Бу саҳиҳ санадли ҳадис, аммо иккиси ривоят қилишмаган”, – деб  айтган.

 Қуръон ўқиш ва уни тадаббур қилиш орқали банда юксак руҳий мақомга, улуғ мартабага чиқиб боради. Банда дунёдаги энг гўзал ҳулқларни айнан Қуръон ўқиш орқали билиб олади ва уларни ўзига  сингдиради. Шу сабаб Қуръон ўқувчи қори вазмин босиқ бўлиши, агар бирон киши у билан жанжаллашса, у билан тенглашиши ёки илмсизлиги сабаб ҳар хил гап-сўзлар билан жоҳиллик қиладиган кимсаларга қўшилиб талашиб-тортишиши маъқул эмас. Зеро, қори қалбида Қуръони карим жо бўла туриб, бундай ишларни қилиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Қалбида Қуръон илми, амали бўлган инсоннинг ҳусни хулқи ҳам юксалиб, гўзаллашиб бораверади.

  Маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний ахлоқ борасида қуйидаги фикрларни баён қилганлар: “Ахлоқ инсонларни яхшиликка чақирувчи, ёмонликдан қайтарувчи билимдир. Яхши хулқларнинг яхшилигини, ёмон хулқларнинг ёмонлигини далил ва мисоллар ила баён қиладурган китобни ахлоқ дейилур. Ахлоқ илмини ўқуб, билуб амал қилган кишилар ўзининг ким эканини, жаноби Ҳақ на учун халқ қилганини, ер юзида нима иш қилмак учун юрганин билур. Бир киши ўзидан хабардор бўлмаса, илмни уламони, яхши кишиларни, яхши нарсаларни, яхши ишларнинг қадрини, қимматини билмас. Ўз айбини билуб, иқрор қилуб, тузатмакга саъи ва қўшиш қилган киши чин баҳодир ва паҳлавон кишидур.

   Расули акрам набийи мухтарам афандимиз: “Мезон тарозусига қўйиладургон амаллар амаллар ичида яхши хулқдан оғироқи йўқдир.

   Мўмин банда яхши хулқи сабабли кечаси ухламасдан, кундузлари рўза тутиб ибодат қилган кишилар даражасига етар” – демишлар.

                                Сўйласанг сўйла  яхши сўзлардан

                               Йўқса жим турмоғинг эрур яхши.

                                Ўйласанг яхши фикрлар ўйла,

                                Йўқса гунг бўлмоқинг эрур яхши.

                               Ишласанг ишла яхши ишларни

                               Йўқса бекорлигинг эрур яхши.

Расули акрам набиййи муҳтарам (с.а.в) афандимиз : “Бир тоғнинг кўчуб кетганини эшитсангиз, ишонингиз, аммо бир одамнинг хулқи бошқа бўлди деб эшитсангиз, ишонмангиз ” – демишлар.”

Д.Отабоева
Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг
Хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг