Отинойилар учун ўқув-семинари ташкил этилди

2
445

Отин-аёл-қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат билимдони, шунингдек аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёл. Ҳатто “отин” сўзи маърифатпарвар аёлларни ҳурматлаб, исмига қўшиб ҳам айтилган. Улар Қуръони карим қироати, тафсир, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган. Бугунги кунда отинойларнинг вазифалари доираси жуда кенгайган. Улар нафақат диний билимлар эгаси, балки юртимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар, иқтисодий, таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний ҳаётида кечаётган ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозим. Шу мақсадда отинойилар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг билимларини ошириб бориш мақсадида ўқув-семинарлари ташкил этилади.

Ана шундай ўқув-семинарларнинг навбатдагиси жорий йилнинг 26 сентябр куни Учтепа тумани “Аёллар маслаҳат маркази”да “Динимизнинг софлигини асрайлик” мавзусида ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойилар билимларини оширишди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Э.Рустамов юртимизда диний соҳада олиб борилаётган кенг ислоҳатлар ва бунда отинойиларнинг вазифалари тўғрисида гапириб, ҳозирги кунда  иш тизимини йўлга қўйишдаги камчиликлар, аёлларга оид ижтимоий масалалар ечимини ҳал этишда отинойилар маъсулиятининг кенгайиши, бунда уларнинг билим салоҳиятларини ривожлантиришда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Э.Рустамов буюк аждодимиз Абу Мансур ал Мотуридий фаолияти, бой илмий мероси: Калом илми, фиқҳ, ақида масалалари бўйича ёзган асарлари тўғрисида маъруза қилди.

Чилонзор тумани “Бўта бува” жоме масжиди имом-хатиби Ш.Тошматов “Дин уламоларининг фазилатлари, ҳусни-хулқ ва бунда илмнинг зарурати” мавзусида маъруза қилди.

Шунингдек, Фуқароларнинг ўзини – ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгашининг диний-маърифий масалалари бўйича бош мутахассиси О.Арипова маҳалла диний – масалалари маслаҳатчиларининг отинойилар билан ҳамкорликда иш олиб боришдаги камчиликларни олдини олиш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

 

2 COMMENTS

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг