“Сузук ота” ва “Фотимаи Заҳро” масжидларидаги қурилиш ишлари қандай давом этяпти?

0
894

Юртимизда муқаддас динимизга, унинг бой маданиятига бўлган алоҳида эҳтиром сабаб бугун масжидларимиз ҳам обод бўляпти. Эскириб, нураб қолган ибодат уйлари ўрнига кенг ва салобатли масжидлар қад кўтаряпти.  Айни дамда Тошкент шаҳридаги бир неча масдиларда ҳам бу борада  қурилиш ишлари жадаллик билан давом эттириляпти.

“Сузук ота” жоме масжиди

2017 йилнинг 26 май куни Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Сузук ота” мақбараси ва жоме масжидида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эдилар.

“Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Бу ерда ҳунармандлар маркази ва кутубхонаси ташкил этиш лозим”, деган эдилар.

2017 йилнинг 9 июн куни масжидни қайта қуриш ишлари бошланди. Масжиднинг айвон қисми бузилиб ташланди, Хонақоҳ эса III асрлик тарихга эга тарихий обида эканлигини инобатга олиниб, гумбаз қисмига ўзгартириш киритиш режалаштирилди. 900 намозхонга мўлжалланган айвон тушиши режалаштирилган бўлиб, бу айвон тарихий хонақоҳ билан уйғунлаштирилади.

28 Август куни эзгу ниятлар ила Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов бошчилигида масжидининг биринчи ғишти қўйилган эди. Ҳозирги кунда ўнг тараф айвоннинг деворлари кўтарилиб, олд қисмига пардоз ғиштлари терилмоқда.

Масжид қурилиш устида 60дан ортиқ уста меҳнат олиб бораётган бўлса, шу кунларда яна 60 нафар ҳунарманд ўзига хос меъморий мажмуани барпо этиш учун ишга киришадилар.

Масжиднинг олд кириш қисмига баландлиги 30 метрлик иккита минора қад кўтаради.

Мақбарада ҳам қайта қуриш ишлари бошланган. Чиллахона тикланмоқда. Мақбаранинг ён томонига зиёратчилар учун намозхона қурилиши ишлари бошланган.

Жоме масжид, мақбара ва кириш Портали яхлит бир мажмуа бўлиб, 2018 йилнинг 20 март санасига қуриб битказилиши мўлжалланган.

“Фотимаи Заҳро” жоме масжиди

Пойтахтимизнинг Шокир Алимов кўчаси 47-уйда жойлашган “Фотимаи Заҳро” жоме масжиди 1994-1996-йилларда маҳалла фуқаролари томонидан умумий ҳашар йўли билан қурилган. Бугунги кунда масжиднинг ички ва том қисми таъмир талаб ҳолатга келиб қолганлиги сабабли маҳалла фаоллари ва жамоатчилик ташаббуси ҳамда ҳашар йўли билан 2016 йилнинг октябр ойида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган эди. Ҳозирда таъмирлаш ишларининг 80% якунланган.

Таҳоратхон, хизмат ва хўжалик хоналари ҳам тубдан қайта қурилмоқда.

Масжиддаги таъмирлаш ишларининг якуни  2017 йилнинг 30 декабр санасига режалаштирилган.

Аввалроқ Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий”, “Коҳ ота”, “Муҳсинхонтўра” жоме масжидларидаги қурилиш ишлари ҳақида хабар берилган эди.

 

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг