Кечиккан тарбия

0
292

Ҳеч эсимдан чиқмайди, ёшлигимизда дадам доим: “Қизим, доим тилинг ширин бўлсин, агар тилинг аччиқ бўлса, жуда ҳам чиройли, қадди-қоматинг келишган, қўлинг ширин, меҳнаткаш бўлсанг ҳам, қилган ҳалол маеҳнатингни тилингни аччиқлиги ювиб кетади”- деб такрорлар эдилар.

Фаолиятимиз тақозоси билан маҳаллалардаги оилаларга кириб, можароли нотинч хонадонларни муросага келтириш вақтида шу нарсага амин бўлдимки, оиладаги можароларнинг кўпчилигига келинларимиз тилининг “чаққон”лиги, “аччиқ”лиги сабаблигига ҳеч шубҳа қилмай қўйдим. Биз оналар қизларимизни ҳамма талабларини бажо келтириб, емай-едириб, киймай-кийдириб ҳаётга тайёрлаяпмиз-у, энг кераклиси ота-онага, қайнона-қайнотага, турмуш ўртоғига, оилага бўлган меҳр-муҳаббат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, самимийлик, чиройли муомала маданиятини ўргатишни четга суряпмиз, назаримда. Биз ота-оналарнинг вазифамиз фақат яхши едириб, яхши кийинтириб қизларимизни ҳаммага кўз-кўз қилиш бу тарбия эмас, деб ўйлаб қолдим. Дадам бежизга менга “тилингни ширин қил”, демаганларига яраштириш ҳайъати олдида ажрим талаб қилиб бир-бирларини ҳурматларини оёқости қилаётган эр-хотинларга қараб, ўртадаги сарсон бўлаётган гўдакларга ачиниб амин бўлдим. Эрига қилаётган муомаласи келиннинг ота-онаси, яқинларининг юзини ерга қаратаяпти. Ёки ота, ёки она “қизим тилингни калта қил, битта гапдан қол”-дея олмаяпти. Чунки оилада, атрофдаги муҳит таъсири остида қиз ана шундай тарбия топган ва у вақтида танбеҳ бериб қайтарилмаган.

Яқинда гувоҳи бўлганим бир воқеа, оилада уч нафар фарзанд бор, келин “мени ва фарзандларимни таъминлай олмаяпсиз, онангиз мени тергаш билан овора ”- деб ота уйига аразлаб кетган. Куёв бечора “Нима қилай, ишлаяпман, топган пулимни рўзғордан орттира олмасам, сабр қил ҳаммаси яхши бўлади, кечаси билан қўшимча иш олиб ишлайман, уйга қайтинглар, жуда қийналиб кетдим, болаларни соғиниб”-, деб ялиниб турибди. Келинни қарангки, “Мана мен ишлаяпман, топган пулим болаларимни кийимига, боғчасига, ўзимга ҳам етяпти, жуда яхши яшаяпмиз,”-деб гапдан тўхтамаяпти. Куёв ялиниб: “Гаплашиб қўйдим, буйрагимни биттасини сотаман, яхшигина пул бўлар экан, кейин яхши яшайсизлар,”-деса ҳам ё келин , ё ота-онаси пинагини бузмади…Бундай ҳолатларга кўп бор гувоҳ бўляпман. Жуда кўп оилалар арзимас сабаблар  билан ажрашиб кетаётгани сир эмас. Вилоятларда ажрашиш 7% ни ташкил этса, шаҳримизда 45 % эканлигини эшитганимда, бу ажримларнинг асосий сабабчиси аёллар эмасмикан, деб ўйланиб қоламан. Ота-боболаримиз келин олишдан олдин келинни аждод-авлодини суриштир, оилада она-отага итоаткор бўлса, қизлар отага нисбатан ҳурмат ва чиройли муомалада бўлса, ўша хонадондан қиз олгин, дейилиши ҳикматли экан. Онам доим: “Тур, даданг келди, қўлига сув бер, орқасига ёстиқ қўй”,- деб ўзлари қўлларидаги юкларини олиб, салом бериб шошиб қолардилар. Бу биз учун жуда катта ибрат мактаби эди.Бир куни ёз ойлари экан, автобусда кетаётсам бир қиз автобусга чиқди. Қиз жуда чиройли, сочлари узун, қош-кўзлари пиликдек, хушсуврат эди. Ҳамманинг кўз нигоҳи бир муддат ўша қизни кузатди. Бир маҳал автобус бир силтаниб кетди ва қиз шошилиб тепага қўлини узатиб ушлоғични ушлаб олди. Кийган кийимининг калталигидан қиз жуда уятли ҳолатда қолди. Бу ҳолатдан уялиб юзимни ерга қаратдим. Шу пайт орқа ўриндиқда ўтирган ёши улуғ онахон: “Қизим, ўзинг жуда ҳам чиройли экансан, шу кўйлагингни сал узунроқ кийсанг бўлмасмиди?”– деб қолди. Бу гапга қиз индамай турди-да, бекатга келганда тушиб кетаётиб:”Сиз хўжайин эмассиз, отам бор, онам бор менга ақл ўргатадиган,” –деб тушиб кетди. Бояги гапирган қария онахон нима деярини бимай ҳайрон қолди. Автобус йўловчилари ҳам ўзбек қизлари номига яхши иш бўлмади, жуда хунук вазият, ана тарбиясизлик аломати дея вазиятга бирин-кетин баҳо бера бошлашди. Бу билан ҳамма қизларимиз ҳам мана шундай одобсиз демоқчи эмасман, лекин орамизда бор шунақа қизлар, бу биз аёлларимизни, оналарни ўйлашга, фикрлашга ва олдимизда турган қизлар тарбиясидек нозик масалага кўпроқ эътибор қаратишимиз зарурлигига ундайди.

Юртимиз тобора гўзаллашиб обод бўлиб, миллий қадриятларимизга эътибор қаратилаётган бир пайтда қизларимизнинг нутқ маданиятига, муомала маданиятига ҳам эътиборни кучайтиришимиз кераклигига амин бўляпман. Миллий қадриятларимиз ўз аксини кўрсатаётган ҳозирги даврда шарқ аёлларининг юксак намунаси бўлмиш Нодирабегим, Зебунисо, Увайсий каби олий фазилат соҳибалари бўлиш барча қизларимизга насиб этсин!

 

 Мукаррам ФОЗИЛОВА

  Сирғали тумани бош отинойиси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг