Пойтахтимиз масжидларида қурилиш ишлари қандай давом этяпти?

0
684

Юртимизда муқаддас динимизга, унинг бой маданиятига бўлган алоҳида эҳтиром сабаб бугун масжидларимиз ҳам обод бўляпти. Эскириб, нураб қолган ибодат уйлари ўрнига кенг ва салобатли масжидлар қад кўтаряпти.  Айни дамда Тошкент шаҳридаги бир неча масдиларда ҳам бу борада  қурилиш ишлари жадаллик билан давом эттириляпти.

Жойлардаги қурилиш ишларининг бориши, улардаги мавжуд ҳолат билан яқиндан танишиш мақсадида ЎМИ Тошкент шаҳар вакилли ўринбосари Эргашали Рустамов қурилаётган масжидларга ташриф буюрди.

“Коҳ ота” жоме масжиди

“Коҳ ота” жоме масжиди 1834-1835-йилларда қурилган бўлиб, шаҳримиздаги қадимий масжидлардан бири саналади. Масжид Коҳ ота мақбараси ёнида бунёд этилганлиги боис ушбу ном билан юритилган. Охирги йилларда масжид биноси таъмирталаб ҳолга келганидан сўнг шу йилнинг Август ойида масжидда қайта қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирда ертўла қазиш ишлари бошлаб юборилган бўлиб, бу жойда 2000 ўринлик хонақоҳ, кутубхона, таҳоратхона ва хизмат хоналари қурилиши режалаштирилмоқда.

Масжиднинг қуриб битказилиш режаси 2018 йилнинг 4-чорагига белгиланган.

 

“Муҳсинхон тўра” жоме масжиди

Чилонзор туманида жойлашган ушбу масжид биноси анчайин таъмирталаб бўлиб қолганлиги сабабли 2017 йилнинг Май ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти дуои хайрлари билан масжид биносини қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирда маҳалла аҳли кўмагида қурилиш ишлари жадал суратларда олиб бориляпти. Умумий сиғими 1200 ўринли ёпиқ ва очиқ айвонлик хонақоҳ, баланд минора, хизмат хоналари қад кўтариши режалаштирилган.

2018 йилнинг Май ойига битказилиши режалаштирилаётган ушбу ибодат уйи маҳалла аҳли учун улуғ бир неъмат бўлишини Аллоҳ насиб айласин.

 

“Имом Термизий” жоме масжиди

2017 йилнинг 21 апрел куни муҳтарам Президентимиз Олмазор туманига қилган ташрифлари чоғида Ислом маданияти ривожига ҳисса қўшган буюк муҳаддис олим Абу Исо Термизий номлари билан аталувчи жомени кўздан кечириб, уни қайтадан қуриш бўйича кўрсатмалар берган эдилар.

19 июль куни эса,  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчиликларида ушбу жомега биринчи ғишт қўйилди. Ҳозирда бинога ғишт териш ишлари давом эттириляпти.

1800 ўринли катта хонақоҳ, кутубхона ва бошқа хизмат хоналари барпо этилиши кўзда тутилган бўлиб, қурилиш ишлари 2018 йилнинг 15 март санасига якунланиши режалаштирилган.

Аллоҳнинг байтига қилинган хизматнинг катта кичиги бўлмайди.  Масжидлар ободлиги йўлида хизмат қилаётган, бу борада моддий ва маънавий жиҳатдан кўмаклашаётган барча фидоий кишилар ҳаққига дуолар қилинди.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг