Боязид Бистомий ҳазратлари

0
150

Боязид Бистомий онасининг дуосини олиб, авлиёлик даражасига кўтарилган алломалардан бўлган. Қуйида ушбу аллома билан боғлиқ ибратли воқеалар ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.

Боязид Бистомий Ҳақ маърифатидан зиё олган, қалби юксак даражадаги илоҳий ишқ билан туғён урган, руҳан комил, маънан мукаммал шайхлардан бўлган.

Чунончи, Боязид онасининг қорнида бўлганидаёқ, бу ўз кучини кўрсатади. Яъни, онаси қачонки шубҳали таом еса, у безовта бўлиб тепинади.Онаси шу таомни чиқариб ташламагунча ором олмайди.

Шунингдек, Боязид Бистомий қаҳатчилик, қурғоқчиликдан шикоят қилиб келган жамоат учун Тангридан бир соат дуо қилиб сув сўраганда ёмғир ёға бошлаб, бир кеча кундуз тўхтамайди.

Манбааларда хабар берилишича, Боязид Бистомий нозик таъб ёзувчи ва серзавқ шоир ҳам бўлган. Бироқ унинг бирорта асари ҳам бизгача мукаммал етиб келмаган ёки топилмаган. Шундай бўлса ҳам, биз Боязид Бистомийни руҳий камолотга етган улуғ инсон, кашфу кароматлар зоҳир қилган машҳур машойиқ маънавий – маърифий, ақлий ва ахлоқий дунёси мукаммал бўлган мўътабар сиймо, тасаввуф илмининг забардаст олими сифатида биламиз ва қадрлаймиз.

Унинг айниқса, она розилигини олиш, саховатли бўлиш, луқмадаги ҳалолликка эътибор қилиш, кўча – кўйда одоб ва ҳурмат сақлаб юриш, Ҳақни севиш ва Ҳақ васли учунгина ибодат қилиш, халқпарвар бўлиш тўғрисидаги қарашлари қимматли аҳамият касб этади.

Боязид Бистомий сиймосининг аҳлоқий – маърифий моҳиятида хам ушбу хислатлар ўз аксини топган бўлиб, унинг руҳий камолотини шакллантиришга хизмат қилган. Бу эса Боязид Бистомийнинг қариндошлари, шогирду сафдошлари томонидан айтилган, нақл этилган кўплаб нақл ва ривоят, ҳикоятларда ҳам ўз ифодасини топган.

Жумладан, уйидан то масджидгача бўлган 40 қадамли йўлда масжидга боргунчалик йўлда ҳеч қачон тупурмасиги, Аллоҳ ибодатидан кейинги энг аввалги амал она розилигини олишни афзал билиши, Ҳаж сафарига кетаётиб, йўлида учраган бир муҳтож бечорага сафар ҳаражатлари учун олган жами ақчасини ҳадя қилиб, орқага қайтиши, буларнинг барча – барчаси Боязид Бистомийнинг аҳлоқий жиҳатдан поклигини, маънавий юксак даражани эгаллаганлигини, Аллоҳнинг илмига ва кўрсатмаларига, тасаввуф таълимотига чуқур эътиқод ва амал қилганлигини асослашга хизмат қилади.

Бистомий хазратлари улуғ олимлардан валиюллоҳлардан эди. У зот айтдилар: Совуқ қиш кечаси эди. Онам уйғониб сув ичишни истадилар. Мен дарров сув олиш учун ўрнимдан турдим. Лекин идишда сув йўқ эди. Булоқ бошига бориб идишга сув тўлдириб идишни олиб келдим. Уйга келганимда онамнинг яна ухлаб қолганларини кўрдим. Уйғотишга кўзим қиймади. Сув қуйиб олган идишни қўлимда тутиб турганимга узоқ вақт ўтган эди. Мен онамни яна уйғониб сув сўраб қолишларини кутар эдим. Кун жуда совуқ бўлганлиги сабабли муз идиш қўлимга ёпишиб қолган эди. Анча вақтдан кейин онам яна уйғониб сув сўрадилар. Мен идишни узатганимда қўлимни териси шилиниб қонаб кетди, бу ҳолни кўриб онам: “Ё Аллоҳим мен ўғлимдан розиман.Сен ҳам рози бўл!” Мана шу дуолари сабабли ҳам Аллоҳ таоло Боязид Бистомий ҳазратларига олим ва авлиё бўлишлик бахтини ато қилган бўлса керак.Валлоҳу аълам.

 Бир гуруҳ румликлар ва Боязид Бистомий ўртасида қуйидагича савол – жавоб бўлиб ўтди:

– Қандай илмларини биласан? – сўради румликларини гуруҳи бошлиғи.

– Раббим насиб этганларимни биламан, – жавоб бердилар ҳазрат.

– Унда сенга саволларимиз бор. Энг олдин иккинчиси бўлмаган бирга, учинчи бўлмаган иккига, тўртинчи бўлмаган учга, бешинчиси бўлмаган тўртга, олтинчиси бўлмаган бешга, еттинчиси бўлмаган олтига, саккизинчиси бўлмаган еттига, тўққизинчиси бўлмаган саккизга, ўнинчиси бўлмаган тўққизга, ўн биринчиси бўлмаган ўнга, ўн иккинчиси бўлмаган ўн бирга, ўн учинчиси бўлмаган ўн иккига изоҳ бер.

– Иккинчиси бўлмаган бир тенги ва шериги йўқ ягона Аллоҳ таолодир. Учинчиси бўлмаган икки – кеча ва кундуздир; тўртинчиси бўлмаган уч – уч талоқ; бешинчиси бўлмаган тўрт – Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон; олтинчиси бўлмаган беш – беш вақт намоз; еттинчиси бўлмаган олти – осмонлар ва ер яратилган олти кун; саккизинчиси бўлмаган етти – етти қават осмон; тўққизинчиси бўлмаган саккиз – қиёмат куни Аршни кўтарадиган саккиз фаришта; ўнинчиси бўлмаган тўққиз аёлнинг тўққиз ой ҳомиладорлик муддати; ўн иккинчиси бўлмаган ўн бир Юсуфнинг (алайҳиссалом) ўн бир оға – иниси; ўн учинчиси бўлмаган ўн икки эса ўн икки ойдир.

– Тўғри айтдинг, – эътироф қилди гуруҳ бошлиғи. – Энди бизга ҳавода муҳофаза қилинган, ҳаво билан ҳаво билан ҳалок этилганлардан хабар бер.

– Сулаймон (алайҳиссалом) ҳавода муҳофаза этилдилар. Од қавми ҳаво билан ҳалок қилинди.

– Тўғри жавоб бердинг.Энди бизга ким оловдан яратилгани ва ким олов ичра кўринганидан сўзла.

– Иблис оловдан яратилди ва Иброҳим (алайҳиссалом) олов ичида кўриндилар.

– Айтганларинг тўғри. Кейинги савол: ким тошдан яратилди, тош ичида ва тош билан ким ҳалок этилди?

– Солиҳнинг (алайҳиссалом) туяси тошдан яратилди, ғор соҳиблари тош ичида кўринди ва Абраҳанинг фил, қўшинлари тош билан ҳалок қилинди.

– Жуда тўғри. Олимлар жаннатда тўртта дарё бор: бири болдан, бири сутдан, бири сувдан, бири эса шарбатдан; аммо бу тўрт дарёнинг чиқар жойи битта дейишади. Дунёда бунинг мисоли борми?

– Албатта. Бунга мисол одамнинг бош қисми. Қулоқ ёғи, кўз ёши, бурун суви ва оғиз сўлагининг таъми айри – айри.

– Тўғри айтдинг. Яна бир савол: жаннат аҳли ейди, ичади, бироқ таҳорати бузилмайди.Бу ҳолатнинг ҳам дунёда ўхшаши борми?

– Она қорнидаги ҳомиланинг еган, ичгани ташқарига чиқмайди.

– Бу ҳам тўғри. Жаннатда Тубо дарахти бўлиб, бирор сарой, бирор кўшк йўқки, унинг шохлари тегиб турмаса. Бунга ҳам дунёдан мисол келтира оласанми?

– Қуёш чиқиши айтганингизнинг ўхшаши эмасми?

– Энди яна бир савол: бир дарахт бор, унда ўн иккита шох, ҳар шохида ўттизта япроқ, ҳар новдада беш гул бор, улардан иккитаси ёруғликка, учтаси қоронғуликка боқади, булар нима?

– Дарахт бир йилнинг, ўн икки шох ўн икки ойнинг, ўттиз япроқ ўттиз куннинг, ҳар япроқдаги беш гул беш вақт намознинг ифодаси.

Саволлар тугагач, румликлар Бистомий ҳазратларининг заковатларига қойил қолдилар.

                                                                                    Д.Атабоева тайёрлади

 Тошкент шаҳар бош имом-хатибинин хотин – қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг