Амаллари ва сўзлари бир зотлар

0
561

Ҳар куни ҳаддан зиёд гўзал панду-насиҳатларни ўқиймиз, эшитамиз. Бироқ унинг натижаси ҳеч кўрилмайди. Нимага? Чунки ўзимиз аввал суннатни тарк қилиб инсонларга нотўғри муомала қилмоқдамиз. Муомала маданияти ҳусни – ҳулқда, одобда ва амалда яққол кўриниб туриши шарт. Сиз амалингизни бировда кўришни истасангиз аввал ўзингиз амалда кўрсатиб қўйинг. Бу Расулуллоҳ суннати ва бу дин ишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор бир жойга бир саҳобани у ердаги одамларни ислоҳ қилиш учун юбормоқчи бўлсалар гўё ўзлари боргандек бўладиган муборак саҳобаларни юборганлар. У саҳоба бориши билан бутун инсонлар у кишидаги ҳислатнинг кўплигидан хайратда қолиб бутун яхшилик ва фазилатлардан маҳрум бўлганликларини сезиб қолардилар.

Саҳобалардан ташқари суннатга амал қилган тобеъинлар бирор-бир кишига бир назар қилсалар уларнинг назарлари сабабидан авлиёлик даражасига эришар эканлар. Агар маъруза қилсалар инсонларни хушудан кетказиб ҳатто ўлдириб ҳам қўйганлар. Яҳё ибн Муоз Хиротда мамлакат подшоҳининг қизи илтимосига биноан 3 кун маъруза қилганда 150 да мухлис инсонлар маърузанинг таъсиридан ўлиб қолган эканлар. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни бир жанозада инсонларга гўё шу тобутнинг ичидаги одам мисолидек ибрат ва ваъз олиб жуда ҳам майинлик билан тўрт калимани айтиб йиғладилар. Кўз ёшлари бутун таналаридан оқиб ерни балчиқ қилиб ташлади. Гўё Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини билмай қолдилар. Атрофдаги кишилар бу кишининг ҳолатини кўриб йиғлаб- йиғлаб хушларидан кетиб қолдилар. Ва ҳаммалари хушларига келиб авлиёлик даражасига етиб туриб кетдилар. Демак, бизларга бир нарса маълум бўладики ҳақиқий Аллоҳнинг оятига биноан маъруза қилсак у одамни ислоҳ қилишдан ҳам кўра уни Аллоҳнинг дўстига айлантириш мумкинлиги аён бўлади. Имом ал-Ҳаким ат-Термизий, Имом Бухорий, Имом Исо Термизий ва Абу Ҳафиз Кабир раҳматуллоҳи алайҳилар агар маъруза қилсалар, ўзларининг мажлисларида 40, 120, 150 ва 200 минг одамлар жамланар экан.

Хорун ар-Рашиднинг аёллари бир куни саройнинг дарчасидан қараса одамлар бетартиб ҳолатда бир жойга йиғилаётганини кўриб сўради: Булар қаерга кетмоқда ва нимага йиғилишмоқда? Хуросондан Абдуллоҳ ибн Муборак розияллоҳу анҳу ташрифига йиғилмоқдалар деди. Шунда Хорун ар-Рашиднинг аёллари айтадилар: Хорун ар- Рашиднинг моли ва жонидан Абдуллоҳ ибн Муборак розияллоҳу анҳунинг фазилати устун бўлди, устун бўлди деб такрорлади ва Хорун ар-Рашид агар бунча инсонларни йиғаман деса аскарларининг ҳам кучи етмайди. Бир майдон одам бир ерга йиғилган ва ҳаммаси овоз етказувчи мосламасиз ҳамма бирдай эшитган ва тинглаган. Нимага шундай бўлган биласизми? Улар барча инсонларга тўлиқ етиб бориши учун қалблари билан секин-секин гапиришган. Агар қалбан гапириш бўлмаганда эди уларга бир вақтнинг ўзида ҳаммаларига бирдек етказишликнинг иложи бўлмаган бўлар эди. Абдухолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳ агар маъруза қиладиган бўлса, оддий одамларни қўя туринг, 400 дан ортиқ вазирлар ва подшоҳлар келиб тинглаб ўтирарканлар. Онадан тўғилган чақалоқдек гуноҳдан пок бўлиб туриб кетар эканлар. Ўзи амал қилмаган, танасида ҳаракатлантирмаган унинг завқи шавқини тортмаган унинг сабабидан кулмаган ва унинг сабабидан йиғламаган ўзига бегона сўзни “бу–меники” деб етказган одам энг ашаддий ёлғончи ҳисобланади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Оғзига келган ҳар нарсани гапиравериш кишининг ёлғончилигига ёрқин далилдир”.

Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ хутба қилаётганларида мағрурланиб қолишдан қўрқсалар, хутбаларини тўхтатардилар. Ёзаётганларида ҳам мағрурланишдан хавфсирасалар, варақни йиртиб ташлардилар ва: “ Эй Парвардигор, Сендан нафсимнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман”, дердилар. Инсонларга сўзлаш орқали ва ёзиш орқали ўзининг самимий тилакларини бажо қилаётганларида мағрурланиш ва хавфсираш ва нафсининг ёмонлиги устун келса, унга муносиб равишда муносабат қиларканлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу буюк саҳобаларга маъруза қилиш учун минбарга чиқиб келдилар ва секинлик билан минбарда биргина “Аллоҳдан қўрқинглар” деб шундай йиғладиларки унинг таъсиридан барча саҳобаи киромлар йиғлаб қолдилар. Уйлаб кўрилса ҳамма ёмонлик Аллоҳдан қўрқмасликдан келиб чиқади. Бу сўзнинг ортидан биз нимани ўйлаймизу саҳобалар нимани ўйлаган бўлиши мумкин, деган савол келади. Улар зарра мисоли қалбдан ўтган гуноҳга ҳам ҳисоб борлигини ҳис қилиб йиғлашарди. Улар қанча Аллоҳга қараб юрсалар ҳам уни ўзлари учун оз амал деб билишарди. Чунки савоб амални мусобақа қилувчилар шунчалик кўп қилишардики, уларнинг олдида ўзларининг амали зарра мисоли кўринмасдан кетарди  ва у улуғ саҳоба шунча амалига мағрурланмасдан яна қаерда катта амал бўлса, уни ҳам мусобақа орқали тортиб олиши уларни сира тинч қўймасди. Бизнинг замонимизда савоб амални мусобақа қиладиган одамни микроскопда ҳам топиб-ахтариб бўлмайди. Шунинг учун ҳам одамлар ухлаб ётган одамлар мисоли мудраб юришибди. Нимага яшаётганини ва нимага намоз ўқиётгани ва нимага рўза тўтаётганига фарқ қилмасдан аҳмоқ одам мисоли ер юзида ўйнаб юришибди. Биз тезроқ уйғонишимиз керак. Агар тезроқ уйғонмасак, эртага қабрда бизни қаттиқ саволга тутганда уйғонганимизда кейин кеч бўлади. Расулуллоҳ йўлидан юриш расулуллоҳнинг суннатларидан бир қадам ҳам орқада қолмасдан юришни талаб этади. Кўнглингиз хоҳлаганда бир савобни қилиб ва кўнглингиз хоҳлаганда бир гуноҳни қилиб ўзингизни алдаб юрманг. Исломга тўлиқ кириб тўлиқ амал қилинг. Ёлғончи мусулмонни расулуллоҳ “Ёлғончилар менинг умматим эмас”, деганлар. Шунинг учун биз рамазони шариф ҳурмати билан ўзимизни озроқ нафсимизни тийиб, руҳий озуқа бериб ўзимизни ислоҳ қилайлик. Рамазондан чиққанингизда сизнинг қўлингиз ва тилингиздан бирор-бир киши озор чикмайдиган бир мусулмон бўлиб чиқинг. Аллоҳнинг тавфиқи ва ёрдами ила мавзуни ёритишга киришамиз. Аллоҳумма солли васаллим ва барик алайҳ.

Мўмин кишининг нишони булдирким, сукути фикр, назари ибрат, юргани тоат бўлур.

Урол Назар Абдулмалик тайёрлади

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг