Юртимиздаги Хатми Қуръонлар тарихига қисқача назар

0
2839

Иймонли кишиларнинг бутун борлиғини муборак Рамазон ойининг шукуҳи тўла қамраган онлар… Юртимизда тинчлик, осудалик ҳукм суриб турибди… Масжидларимизда Аллоҳнинг сўнгги Китоби, муқаддас каломи хатм қилинмоқда. Юзлаб масжидларимизда ҳар оқшом Қуръон садоси янграмоқда. Қалблари Қуръонга ташна мўминлар жомеъларда қоим бўлиб, илоҳий каломга сомеъ бўлмоқдалар. Бунинг учун масжидларимизда барча шароитлар юксак даражада, намунали тарзда муҳайё этилган.  Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг сизу биз – мусулмонларга ато этган фазлу марҳамати, буюк неъматидир. Неъмат эса охиратда ҳисоб‑китоб қилинадиган, маънавий ва амалий шукрни тақозо этадиган тортиқдир. Неъматнинг маънавий шукри ушбу неъмат учун Аллоҳ таолога шукроналар айтиш билан бўлса, амалий шукри У Зотни рози этадиган тарзда бу неъматдан фойдаланиб қолиш билан бўлади. Зотан, шукрнинг асосий қисми ҳам ана шу амалий шукрдир.

Юртимизда Рамазон ойидаги хатми Қуръонлар қадимдан бўлиб келган. Мисол учун, аввалги хонликлар даврида имом Бухорийнинг мақбаралари олдига солинган масжидда ҳар Рамазон ойида хатми Қуръон қилиниб, унда хон ва амирлар ҳам иштирок этишган. Ўтган асрнинг бошларида Андижон шаҳридаги Жомеъ масжидда Комил қори, Абдуқаҳҳор қори, Рўзи қори домла каби улуғ устозлар хатмга ўтганлар. 1943 йилда Диний идора ташкил топиб, масжидларни қайта очишга рухсат бўлгач, аввалига Рамазонда фақат таровеҳ ўқиш билан чекланилган. Бу жараённи Андижон мисолида кўрадиган бўлсак, катта ёшли кишиларнинг нақл қилишларича, ўша вақтда таровеҳ намози шаҳарда биринчи бўлиб очилган «Чуқур масжид»да ўқилган. Айтишларича, у пайтларда таровеҳ жуда қисқа суратда бўлиб, ҳар ракъатга зам сура учун бир оятдан ўқишган экан. Сабаби – одамларда ҳали қатағон қўрқуви кетмаган, ишонч йўқ, бунинг устига тоқатлари ҳам етмас экан. Вақт ўтиши билан аста-секин ҳамма нарса изга тушиб, тўлақонли хатми Қуръон қилиш йўлга қўйилган экан. Авваллари қайси масжидда ким хатмга ўтиши, хатм неча кун давом этиши юқори идоралар тарафидан ҳал қилинган бўлса, секин-аста ҳолат енгиллаша борган экан.

Диний раҳбарларнинг, имом домлаларнинг ташаббуси билан аста‑секин масжидлардаги хатми Қуръонларга жойлардаги ёш қорилар ҳам жалб қилиб борилган. Эътиборга лойиқ, ибратли жиҳати шундаки, у вақтларда рухсат берган тарафларнинг топшириғи билан хатми Қуръонлар уч кун, етти кун, узоғи ўн кунлик бўлган. Бироқ намозхонлар асосан катта ёшдаги, кекса кишилардан иборат бўлишига қарамай, хатм мобайнида жамоат миқ этмай тик турган. Ҳатто овоз кучайтиргич бўлмагани учун айрим масжидларда қорининг овози ташқаридаги намозхонларга эштилмаса ҳам, Қуръонга мухлис бўлган халқ уч кунлик хатмларда ҳам мунтазам иштирок этган. Неча йиллик узоқ айрилиқдан сўнг Қуръонга етишиб турган юртдошларимиз қорининг овозини эшита олмаган ҳолларида ҳам қалблари жунбушга келиб, таровеҳ асносида ҳўнг‑ҳўнг йиғлаб олишар экан. Ўша даврларда магнит тасмасига туширилган хатми Қуръонларни тинглар экансиз, устоз қори дадаларимиздаги ихлос, муҳаббатнинг барқ уриб турганига гувоҳ бўласиз. Хатми Қуръон сўнгидаги оҳ‑воҳ, йиғи‑сиғи аралаш қироат ва дуоларни эшитиб, ўша давраларни қўмсаб кетади киши… Аллоҳ ўтган азизларимизнинг барчаларини Ўз раҳматига олган бўлсин!Юртимиз мустақилликка эришгач, қалбларимиз истаган пайтида Қуръони Карим билан ошно бўлиш имкониятига эга бўлди. Рамазон ойини юксак даражада ўтказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари миллий байрамларимиз деб эътироф этилди.Истиқлолнинг илк йилларини оладиган бўлсак, бу давр ўша яқин ўтмишнинг узвий давоми бўлиши билан бирга, айрим жиҳатларда фарқлар юзага келди. Масжидларимизнинг сони кескин кўпайди, қориларимиз сони эса ундан ҳам кўпайди. Даставвал баъзи масжидларда четдан қорилар жалб қилинган бўлса, кейинроқ ўз юртимиздан чиққан қориларимиз ҳамма масжидларни тўлдириб боришди. Айни пайтда ўртадаги узилиш даврида рўй берган айрим камчиликлар ҳам бартараф этилиб, хатми Қуръонларнинг сони ва сифати ортиб борди. Очиғини айтганда, юртимизда ўтказилаётган бугунги хатми Қуръонларнинг сифати, йўсини мусулмон мамлакатларнинг ҳамма жойида ҳам топилавермайди. Айрим жойларда қорилар таровеҳда хатм қилишга ярамайди, Қуръонни ўтириб, мусҳафга қараб ўқиб беради, холос. Яна қайсидир жойларда таровеҳ намози саккиз ракъатда хатм қилиниб, жамоат бироз толиқиб ҳам қолади.Шу билан бирга, бизда ҳам бу борада ислоҳ қилиш керак бўлган баъзи ҳолатлар борки, уларнинг айримлари қориларимизга тегишли бўлса, айримлари тингловчи жамоатга тааллуқлидир. Биз айнан бу борадаги мулоҳазаларимизни Иншаалоҳ кейинги мақоламизда эълон қиламиз.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг