Муйи Муборак мадрасаси

0
432

Янги жоменинг шимоли-ғарб тарафида мўъжазгина бир тарихий бино қад ростлаган. Унинг кунчиқарида кичикроқ, кунботарида каттароқ ўймакор ёғоч эшикларию мажмуанинг бошқа гумбазларига ўхшамас ҳаворанг гумбази бор. У – Мўйи Муборак мадрасаси. Мадраса илк бор XV асрда Бароқхон мадрасасининг қаршисида қурилган эди. Айтишларича, Хожа Ахрор Валий то Самарқандга кетгунича, бу ерда бир муддат талабаларга дарс ҳам берган. Бироқ у мадраса бузилиб кетган.

Шу боис бўлса керак, мадраса ўрни аҳоли томонидан Хожа Ахрор туғилган жой деб тушунилиб, Хожа Ахрор майдони деб аталган.

1856-1857 йиллари Қўқон хони тайинлаган Тошкент ҳокими Мирзо Аҳмад қушбеги амри билан Мўйи Муборак мадрасаси пишиқ ғиштдан қайта қурилди. Бундай ном берилишига мадрасанинг махсус хоналаридан бирида кичкина шиша идишда Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак мўйлари сақланиши сабаб бўлган. Тарихчи Муҳаммад Солиҳхўжанинг маълумотига кўра эса, мадрасанинг алоҳида гумбази бўлиб, унга Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўй (соч тола)лари қўйилган.

Мадраса битгач, Мирзо Аҳмад қушбеги унга собиқ муфтий Эшон Бобохоннинг оталари Абдулмажидхон Эшонни мудир этиб тайинлаган. Мадраса 13 ҳужра ва бир масжиддан иборат бўлиб, икки мударрис – Имомхон Махдум ва Абдулмажидхон Эшон ҳазратлари талабаларга сабоқ берган.

2007 йилда Мўйи Муборак мадрасаси қайта таъмирланиб, машҳур Мусхафи Усмон музей – кутубхонасига айлантирилди.

http://qadamjo.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг