Шаввол ойида олти кун рўза тутишнинг фазилати

0
214

Муборак Рамазон ойидан сўнг ибодатдан роҳат олган қалбга Шаввол ойининг рўзаси қўшимча  қувват бахш этади. Шаввол ойида олти кун рўза тутиш мустаҳаб амаллардан бўлиб, бунга далил сифатида Имом Муслим ўзларининг “Саҳиҳи Муслим” асарида Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетиданШавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, – деганлар. Ушбу ҳадисни Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можжа ҳам ривоят қилганлар.Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ: “Кетма-кет олти кун тутса ҳам, бўлиб-бўлиб тутса ҳам фазилати тенг”, – деганлар. Ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар қуйидагилар:1. Рамазонда рўза тутиб юриб, Шавволда бирдан ўзини овқатга уриш ҳам яхши эмаслиги. Чунки табиблар ҳам очликдан кейин овқат истеъмолини аста-секинлик билан  кўпайтиришни тавсия қиладилар;2.  Асосийси, йил бўйи рўза тутганлик савобига эга бўлиш.Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ ҳар бир яхшилик учун ўн баробар миқдорида яхшилик тайинлади. Шундай қилиб бир ой рўза тутиш 10 ой рўза тутишдек, олти кун рўза тутиш эса (60 кун рўза тутишга баробар бўлиб), бир йилни ташкил этади”. Имом Насаий, Ибн Можжа ривоятлари. Уламолар бунга далил сифатида Аллоҳ таолонинг Каломидаги “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” оятини келтирадилар. “Анъом” сураси, 160-оят.Рамазоннинг 30 кунлик рўзаси 300 кун кабидир. Шаввол ойидаги 6 кун эса 60 кун кабидир. Шунда жами 360 кунга (1 йилга) тенг бўлади.Ушбу улуғ ажрга эришиш учун Шаввол ойида 6 кун кетма-кет рўза тутиш шарт эмас. Уламолар ушбу рўза Шаввол ойи мобайнида тутилса, кифоя қилади, деганлар.Ушбу рўзанинг ҳикмати ҳақида Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш бу ой рўзаси қабул бўлгани аломатидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирон амалини қабул қилса, ундан кейин (бошқа) солиҳ, яхши амалларга йўллаб қўяди”. Юсупов АвазбекНаманган вилояти, Косонсой тумани “Ҳазрати Умари Одил” жоме масжиди имом ноиби/mumina.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг