Ёлғонлар қурбони ёхуд виждонга тушган доғ

0
289

Боғистон туманимизнинг энг кўркам қишлоғи. Асосийси эса исми жисмига монанд боғлар диёрида Шайх Умар Валий Боғистоний зиёратгоҳи бор. Кўпдан бери зиёрат қилишни ният қилганлигим боис йўлга отландим. Табиатнинг гўзаллигидан баҳра олиш, ўлкамизнинг жаннатга қиёс қилиниши ва олимлар таъбири билан айтганда Швейцариядан қолишмайдиган ота маконимизни томоша қилиб келиш мақсадида йўлга отландим. Мен билан олдинма-кейин келган бир киши, автоуловни орқа ўриндиғига, яъни менинг ёнимга ўтириб олди. Нимагадир зиёратгоҳга кетаётганга ўхшатдим. Шунинг учун рухсат берсангиз, ёнингизда кетсам, деди ийманиб. Кўзларида қандайдир ғам бордек туюлган одамга “бемалол ўтираверинг” дедиму, яна йўлга қараб кетавердим.Шу яқин-атрофларда яшайсизми, сўради у яна… Унинг юрагидаги изтиробларни бирма-бир тўккиси келганлигини сезиш қийин эмасди.Яхшигина бир ташкилотда ишлардим. Маошим ҳам ёмон эмасди. Аммо хотиним хали унинг тўйини, хали бунинг уйини ёки машинасини зўрлигини айтиб, топишимдан қониқавермагач, газета ва интернет сайтларидан иш қидирдим. "Хорижда иш бор, маоши катта” деб ёзилган эълонга кўзим тушди. Ўзимни қўярга жой топа олмай хурсанд бўлдим. Эълон берувчилар билан бир, икки кун интернет орқали сухбат қурдик. Ваъдаларига ишониб, хорижга жўнадим. Мен бир ўзим бўлсам керак десам, мендан ташқари бошқа жойлардан хам одамлар бор экан. У ерда бизни яхши кутиб олишди. Аммо бир ҳафта ўтса ҳам, ишдан дарак йўқ эди. Бу орада хамир учидан патир деб бир оздан пул ҳам беришди. Бир куни ҳаммамизни йиғиб, черковга ўхшаган бинога олиб боришди ва режа бўйича дарс бера бошлашди. Аста-секин уларнинг ниятлари ошкор бўлди. Бизга одамларнинг ишончига кириб, динидан оғдириш йўлларидан таълим беришарди. Баъзилар у ернинг шарт-шароитига тез кўникишди. Юрагимнинг туб-тубида катта хавотир ва қўрқув бор эди. Уларнинг айтганига кириб, иймонимдан айрилиб қолсам, қиёматда нима бўлади, дея қўрқиб кетдим. Қолаверса, ота-онам, қариндош-уруғларим олдида ким деган одам бўламан?! Улар мулойим, ширинсухан кўринишгани билан жуда сезгир экан, ҳар қандай йўл билан айтганларини бажартиришарди. Ярим тунлари уйғотиб, ўтилган дарслар юзасидан савол-жавоб ўтказишарди. Бир куни пайт пойлаб, у ердан қочдим. Юртга қайтгунча жуда қийналдим. Аллоҳга минг шукр, иймонсизлик тузоғидан қутулдим.Энди билсам бу каби одамларни “миссионер”лар дейишар экан. Баъзан бўлиб ўтган воқеаларни эслаб даҳшатга тўлиб кетаман.Қўрқув чулғайди. Мен ҳиёнат қилиб қўйдим, гуноҳимни қандай юваман деб ўйлай-ўйлай юрагимдаги доғни аждодларимиз зиёрати билан ювсам деб ният қилдим ва Шайх Умар Валий Боғистоний зиёратгоҳига отландим. Нима дейсиз, ҳаётимнинг доғ босган қисмини ювиб бўлармикан, сўради у яна.Хўш “қўй оғзидан чўп олмаган” – "миссионер"ларнинг асл юзи қандай деган савол туғилади.. Биринчидан, “миссионер”лик натижасида маълум бир динга эътиқод қилувчилар орасига анъанавий диндан ташқари ўзга дин кириб келади. Унинг ортидан ўзгача дунёқараш, урф-одат ҳам ёйила бошлайди. Бу эса ўз навбатида одамлар ўртасида диний, эътиқодий, ғоявий, фикрий бўлиниш ва қарама-қаршиликни вужудга келтиради. Иккинчидан, "ташвиқот" натижасида бир динни иккинчи диндан устун қўйиш, ўз "диндошлари"га бошқача муносабату "ғайрилар"га ўзгача муносабат шаклланади ва бу оила, қавм-қариндошчилик, қўни-қўшничиликка хамда жамият бирдамлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Учинчидан, бундай бўлиниш одамларнинг хусуматлашиши, жамиятдаги муаммоларни якдил хал қилмаслиги, охир-оқибат иқтисодий, ижтимоий, сиёсий сохаларда хам муаммолар бўлишига олиб келади. Тўртинчидан, ўзга таъсир доирасига тушганларнинг миссионерлар тобеъларига айланиб қолишлари, уларнинг буйруқлари, кўрсатмаларига сўзсиз итоат қилишлари натижасида разил ишларга хам қўл урилади. Умуман олганда, бу услуб давлат ва жамиятни парчалаш, уни таназзулга юз туттириш, маънан қашшоқлаштириш, ўз муаммолари билан машғул қилдириб, мамлакатнинг бошқа мухим вазифаларидан чалғитишнинг энг яхши воситаларидан хисобланади.Ғараз мақсадли кучлар халқнинг тинчлигига раҳна солишлик, тараққиётни издан чиқаришлик ва динлараро муносабатларга раҳна солишлик учун турли хил йўлларни ва ғояларни ўйлаб чиқараяпдилар. Бундай ғаразли ва бузуқ ғоялардан бири, экстремистик ва террористик ҳаракатлар бўлса, иккинчиси миссионерлик ҳаракатларидир.Миссионерлар ўзлари учун қулай шароитни яратиш учун ижтимоий тадбирларга алоҳида эътибор беришади. Бу борада улар доим кафеларда, ёшлар даврасида, тунги клубларда, савдо ва спорт марказларида кишилар билан дўстлик ўрнатишга ҳаракат қилишади. Орзу-ҳавасга ўч, қизиқувчан ёшлар орасидан ўзларига "ўлжа” қидиришади. “Миссионер” бошида суҳбатдошига асл мақсадини очмайди. Чунки бундай қилса, суҳбатдошини чўчитиб қўйиши мумкин. Сизни эринмай тинглайди. Сўз орасида Ислом динини ҳурмат қилишини айтиб ўтади. Ишончингизга кирганидан сўнг мулойим сўзлар билан илондек авраб, ғояларини тарғиб қила бошлайди. Агар сўзлари сизга ёқмаётганини сезса, дарров бошқа мавзуга ўтади. Миссионерлар ўта зийрак, доим суҳбатдошининг заиф томонидан фойдаланишга ҳаракат қилишади. Илк учрашувдаёқ қанчалар қўли очиқ эканини билдириб қўйгиси келади, шеригини зиёфатга таклиф этади. Унинг кўнглини олиш учун ҳеч нимани аямайди. Керак бўлса, чўнтагига пул ҳам солиб қўяди ва охир-оқибат уларни таклиф этилаётган динни қабул қилишга даъват этадилар.Натижада тузоққа тушган киши жамиятдан ажралиб қолади.Туғилганида шодликка тўлган ота қулоғига азон чақиртирган фарзанд бошқа динга ўтиб кетса, бу миллатимизга, аждодларимизга ҳиёнатнинг ўзи эмасму? Шунинг учун ҳаёт шами сўнган дақиқаларда уларга хаттоки жаноза ҳам насиб бўлмайди ва бундай шармандагарчиликдан Аллохни ўзи асрасин. Зеро миссионерлар алдовига учиб,ўз динидан воз кечганларга охиратда қандай аламли азоб борлиги айтилган: “Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган кунни(қиёматни) эсланг: юзи қорайганларга(хужжат исботи учун шундай дейилур): “Имон келтиргандан кейин яна куфрга қайтган эдингизми? Куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринг, энди!” (Оли Имрон сураси 106 оят).Ўзини шу юрт фарзанди, буюк аждодларнинг меросхўри, Ватан фидойиси, деб билувчи ҳар бир киши Ватан хавфсизлигига, унинг бирлиги ва осойишталигига таҳдид солаётган ҳолатларга бефарқ бўлмаслиги лозим. Махмуджон АбдусаитовБўстонлиқ туман бош имом-хатиб в.б.    

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг