Одам савдоси — аср вабоси

0
369

Аллоҳ субҳонаҳу таоло инсонни ақл—идрок ва заковат соҳиби хилқатида яратди. Инсон онадан таваллуд топган онларида ҳур, озод, эркин ва соҳибиҳтиёр фитратида дунёга келади. Ҳар бир инсон, ҳоҳ эркак бўлсин хоҳ аёл бу заминда эркин яшаш ва ҳаракатланиш ҳуқуқига эга. Инсоннинг эркини чеклаб қўйишга ҳеч қайси бир змонда ҳеч кимга ҳақ—ҳуқуқ берилмаган. Ушбу тартиб—қоидалар дунё ҳамжамияти томонидан тасдиқланиб қабул қилинган қонунларда аниқ қилиб белгилаб қўйилган.Бу ҳақда Аллоҳ таборак ва таоло Ўзининг муқаддас каломида: “Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини азизу мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда— қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”, дейди. (Исро сураси,70-оят).Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида унинг баъзи фаришталаридан кўра ҳурматлироқдир”, дейдилар. ("Мишкотул-масобиҳ")Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Мен қиёматда Уч кишини ҳусуматчиси бўламан: Мен билан аҳдлашиб, ахдида турмаганнинг. Озод инсонни сотиб пулини еганнинг. Одам ишлатиб ҳақини бермаган инсоннинг”, дедилар. (Имом Бухорий).Қулдорлик тузуми даврида ер юзида қарийб 10 миллион инсон қулликда ушлаб турилган бўлса, ҳозирги ривожланган замонда уч баравар кўп, яъни 30 миллионга яқин инсон қуллик асоратида ҳаёт кечирмоқда. Афсуски, ҳозирги кунларда дунё бўйлаб “одам савдоси”дек хавфли жиноят янада кўпайиб, дунёнинг ҳамма бурчакларига етиб борди. Инсоннинг қадр—қиймати, шаъни, обрўси ва иззати топталмоқда. Дарҳақиқат, асримизнинг энг жиддий ва ҳалокатли муаммоларидан бири бўлиб ҳисобланган одам савдоси инсоният ҳаётини ҳалокатли жар ёқасига олиб келгани ҳаммага аёндир. Бу аянчли ҳолат ақлга сиғмайдиган даржада авж олиб, кундан-кунга ошиб бормоқда. Мазкур жирканч “машғулот” аллақачон трансмиллий (замон, макон ва ҳудудни писанд қилмайдиган) хусусиятга эга бўлиб улгурди. Шу боисдан жаҳон ҳамжамияти бу қабоҳатга қарши жиддий курашга киришган. Унга барҳам беришга оид қонунлар, меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда. Аммо ҳали бери бу иллат тарих аҳлатхонасига ташланмайдиганга ухшайди. Чунки, бу қабиҳ жиноят деярли ҳар куни ер юзининг ҳамма жойида содир этилмоқда. Устига устак бу ишни ўз ҳамватани, миллатдоши, яқин қариндоши қилса, дардингни кимга айтишни билмай қоласан. Қанчадан-қанча навқирон йигитлар ўзининг қадрдони деб билганларнинг аврашларига алданиб, йиллаб кимларнингдир қуллигини қилишга, хор-зорликда яшашга гирифтор қилинди. Баъзилари турли-туман хасталикларга дучор бўлганлик сабаби билан ҳаётдан бемаҳал кўз юмишади, баъзилари эса қаерлардадир ном-нишонсиз қолиб, манзилу маконларига қайтиб келишдан бенасиб бўлдилар.Ҳазрати Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўмин-мусулмоннинг ўлдирилишига яримта сўз билан бўлсада ёрдам берса, Қиёмат куни унинг икки кўзи орасига “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид банда” деб ёзилган ҳолда келади”, деганлар (Ибн Можа ривояти).Баъзи бир маълумотлар эътиборингизга ҳавола этилади:Ҳозирги кунларда ер юзида 2,7 миллион киши одам савдоси қурбонига айланган бўлиб, жиноят олами корчалонлари бундан 29 миллиард АҚШ доллари миқдорида мўмай даромадни қўлга киритмоқда. Ҳар йили бутун дунё миқёсида 700-800 минг нафар болалар ва аёллар алдов йўли билан чет элларга олиб кетилмокда ва улардан жиноий мақсадларда фойдаланилмокда. АҚШга ҳар йили 700 мингга яқин одам қул сифатида олиб келтирилади. Бутун жаҳон бўйича эса ҳар йили 4 миллион одам трафик жиноятининг қурбонига айланган. Уларниниг барчасидан келган даромад 9 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Ёш аёллар ва қизлар фоҳишаликка, ўғриликка жалб этилади, жангарилар таъсири остида ўзини портлатиб (камикадзе) юбориш учун тирик “бомба”ларга айлантирилмокда. Ёш болаларни махсус тайёргарликдан ўтказиб тиланчилик, ўғрилик, босқинчилик қилишга ўргатилади, ўспиринлар жангарилар тайёрлайдиган лагерларда қотил ва қонҳўр қилиб тарбияланмоқда. Шунингдек, ҳорижда ишлаб юрганларда норозилик кайфиятини уйғотиб, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш учун фойдаланилмоқда.Баъзи одамларни (асосан, ёш, бақувват ва соғлом кишиларни) аъзоларини (юрак, буйрак, жигар ва бошқа аъзоларини) олиш учун вақтинчалик ушлаб турадилар. Бундай “бизнес” ортидан йилига 15 миллиард АҚШ долларигача бўлган маблағ кимларнингдир чўнтагига тушяпти. Ҳуллас, одамлар турли азоб-уқубатларга дучор қилиняпти. Ҳатто баъзи ҳолатларда, ёш мурғак, чақалоқларни ҳам сотиб юбормокдалар. Бу манфур, бадбахт кимсаларга инсон деган ном ҳам ҳайф!Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва Қочоқлар бўйича халқаро идоралар экспертларининг хулосасига кўра, сўнгги йилларда бу турдаги жиноятчилик шиддат билан ўсиб бормоқда. Одам савдоси бозори, гиёҳванд ашёлар, ҳар хил наркотик моддалар ва қирғин қуроллари савдосидан даромад олиш ҳисоб-китобларга кўра, дунёда учинчи ўринни ишғол этиб турибди.Канадалик журналист ва тадқиқотчи Виктор Маларек шундай ёзган эди: “Бугун одам савдоси, яширин қуроллар ва наркотик моддалар сотишдан кейин учинчи ўринда турадиган даромадли бизнесга айланган. БМТнинг ҳисоботларига асосланиб айтадиган бўлсак, мазкур одамфуруш жиноий гуруҳлар бир йилда оз эмас-кўп эмас 12 миллиард АҚШ доллари баробарида соф фойда келтирмоқда”.Ҳозирги кунларда дунё давлатлари орасида инсон ҳуқуқлари бўйича 400 га яқин халқаро меъёрий ҳужжатлар мавжуд. Шу билан бирга одам савдоси трансмиллий жиноят эканлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республиси 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган "Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида"ги Конвенцияга қўшилди. Шунингдек, мамлакатимиз парламенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган "Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида"ги Конвенцияга биноан одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўгрисидаги қўшимча ҳужжатлар имзоланди. 2008 йил 17 апрелдаги "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуннинг ҳамда 2008 йил 8 июлдаги "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўгрисида"ги Қарори билан юқоридаги қонун меъёрлари амалга самарали тадбиқ этилмокда. Энг ачинарлиси шуки, кўпинча одамларнинг ўзлари, билиб-билмай ўз ихтиёрлари билан одам савдоси курбони бўлмоқдалар.Хусусан, мўмай пул топиш илинжида хорижга ноқонуний йўллар билан отланаётган кишилар нопок кимсалар қўлига тушиб қолиб, жабр-ситам гирдобига гирифтор бўлганларидан кейин кўзлари мошдек очилмоқда.Халқимизда: "Ўз уйим – ўлан тўшагим", деган ҳикматли нақл бор. Бу бекорга айтилмаган. Унинг замирида жуда ҳам катта маъно бор. Яхши пул топиш, бойиб кетиш илинжида бўйсинмас нафсга берилиб кетиш яхшилик билан тугамайди. Юртини, ота онасини, оила ва фарзандларини ташлаб пул топишнинг осон кўчасидан бориш ақлли инсоннинг иши эмас. Агар банданинг бир кунга етадиган озуқаси мавжуд бўлса-ю, ундан ортиғини излаб, манзилу маконни ташлаб, бегона юртларга сафар килиниши ножоиздир. Сабаби, ақидамизга кўра ризқ азалийдир. Ундан зиёдасини изламоқ фақат ва фақат ҳасрат-надомат олиб келади. Улуғ мутасаввуф, ҳазрати Сўфий Аллоҳёр айтадилар:Қидирғон бирла ризқинг қадри тошмас,Кетар қадринг қадардин ҳаргиз ошмас.Мустақиллигимиз шарофати билан имкониятларимиз кенгайди. Ким ҳалол йўл билан тадбиркорлик қилса омадини берсин. Юрт тинч, мамлакат обод, ҳалқ тўкинликда яшамоқда.Диёримизда йилнинг тўрт фаслида меҳнат қилиб, баракали маҳсулот етиштирса бўлади. Бу фаслларда имконият топиб ризқни кенгайтириш сабабларини изламоқ лозимдир. Чунки қулай шарт-шароит ҳамма ерда ҳам бўлмайди. Халқимиз интилганга толеъ ёр, дейди. Албатта ишлаган, изланган инсон бебаҳра қолмас. Бахт, иқбол, келажак пойдевори шу юртдадир. Ширин кулчалар орзусида ўзга юртларда дарбадарликда қадрингизни ерга урманг, ориятни пеш қилинг, чунки сизнинг томирингизда ўзга юртларнинг султони бўлиб, шу ватаннинг гадолигини орзу қилган шоҳ Мирзо Бобурнинг қони жўш урмоқда. Бу Ватаннинг ҳар бир сиқим муқаддас тупроғи, ҳар бир қатра зилол суви, ҳар бир нафас мусаффо ҳавоси олтиндан қиммат ва азиздир. Шунинг учун бу бебаҳо неъматларнинг қадрига етайлик, шукрини бажо келтириб, авайлаб асрайлик, токи ризқу-рўзимиз яна ҳам зиёда ва баракали бўлсин! Абдуғани ТОШПЎЛАТОВ“Юнусобод” жоме масжиди имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг