“Ҳазрати Али” жоме масжиди янгича чирой очди

0
271

Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани, Назарбек кўчаси, (халқимиз тилида Бедапоя мавзеси) 32-уйда жойлашган "Ҳазрати Али" жоме масжиди 1994 йилда жамоатчилик ёрдамида ҳашар йўли билан қурилган.  Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тавсиясига биноан масжидга буюк саҳобий, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан “Илмнинг дарвозаси” дея таъриф берилган, ислом оламидаги тўртинчи одил халифа Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг номлари берилган. 20 йилдан ортиқ давр мобайнида масжид шаҳримиздаги обод ибодат уйларидан ҳисобланиб, кўп сонли жамоатнинг муқаддас манзилига айланган. 2015-йилнинг Сентябр ойида маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракатлари эвазига масжидда таъмирлаш ишлари бошланган эди. Нураб қолган айвон ички хонақоҳга бирлаштирилиб, яхлит кенг бир хонақо қайта ташкил этилди. 12-феврал куни масжид жамоати муборак жума намозини ана шу кенг ва кўркам ҳолатга келтирилган хонақоҳда жам бўлиб адо этишди. Масжид имом-хатиби Салоҳиддин домла Шарипов масжид жамоатини ушбу янги хонақоҳ билан муборакбод этар экан, бундай бунёдкорлик ва эзгу ишлар Аллоҳнинг юртимизга инъом этиб турган тинчлик ва осойишталикдек буюк неъматлари сабабидан эканлигини айтиб ўтди. Аслида масжиднинг ободлиги ундаги ҳашаматлар билан эмас, балки, намозхонларнинг бирдамлиги, аҳиллиги бир-бирларига самимий меҳр-муҳаббатлари билан эканлигини таъкидлаб ўтди. 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг