Cоғлом онадан соғлом фарзандлар дунёга келади

0
374

“Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар”.Ислом КАРИМОВҲар бир инсон аввало Аллоҳнинг марҳамати билан, она зотининг ўз боласини юраги остида асраб, тўққиз ой давомида тортган машаққатлари туфайли дунёга келади. Шу боис ҳаммамиз Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз тимсолида ҳаёт давомийлигини таъминлаб келаётган табаррук зотларни кўрамиз.Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, одамзот мўътабар она сиймоси олдида ҳамиша таъзим қилади. Муборак ҳадислардаги “Жаннат – оналарнинг оёғи остидадир” деган сўзлар ҳам ана шу юксак меҳр ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.Аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш – биз учун ота-боболаримиздан қолган ибратли мерос бўлиб, биз бундай анъаналаримизга доим содиқ бўлиб яшаймиз.Биз мустақилликка эришганимиздан сўнг соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, биринчи навбатда, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масаласини ўзимиз учун энг муҳим, устувор вазифа сифатида белгилаб олганмиз.Юртбошимиз Ўзбекистон мустақилликка эришган илк кунларданоқ “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган мақсадни дастуруламал сифатида ўртага ташлади. Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни сақлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол авлодни вояга етказиш масаласига жиддий эътибор қаратилди. 1998 йилнинг “Оила йили”, 2000 йилнинг “Соғлом авлод йили”, 2001 йилнинг “Оналар ва болалар йили”, 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши ҳам мамлакатимизда соғлом авлодни вояга етказиш йўлида олиб борилаётган чуқур ислоҳотлардан дарак бераётир.Ана шу ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. “Save the Сhildren” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди.Мамлакатимизда фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, руҳан баркамол бўлиб вояга етишлари учун барча шароитлар яратилган. Қолаверса, Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан “Соғлом она ва соғлом бола” йили деб эълон қилинган 2016 йилда эса бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилади.Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бу мустақиллигимизнинг илк кунларидан жисмонан соғлом ва маънан етук баркамол авлодни тарбиялаш устувор вазифа этиб белгиланган ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг мантиқий давоми бўлди.Ҳеч шубҳасиз, ҳар биримиз фарзандларимизни соғлом ва ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг бахт-саодати, ёруғ келажагини кўришни ният қиламиз.Ўтган даврда кенг миқёсли ва теран мазмунли улкан ишлар, мамлакатимиз ва жамиятимиз тараққиёти учун ғоят муҳим аҳамият касб этувчи вазифаларни бажаришга йўналтирилган қатор умуммиллий дастурлар, биринчи навбатда, “Соғлом она – соғлом бола” дастури амалга оширилади. Фарзандларимиз ва халқимиз бахти учун, келажагимиз учун қилинаётган бу эзгу ишлар изчиллик билан давом этиб, тобора кенгайиб бораётгани, юксак самаралар бераётгани қувонарлидир.Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш доирасида юқори самарадорлиги бутун дунёда эътироф этилган она ва бола соғлиғини муҳофаза қилишнинг миллий модели шакллантирилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинлари, шу жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларнинг кенг тармоғи яратилгани натижасида аҳоли, авваламбор қишлоқ жойлардаги оналар ва болаларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари кенгайди.Муқаддас динимиз таълимотида соғлом фарзанд Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг улуғ неъматлардан бўлиши баробарида у омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар унинг қадрига етишлари, шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини адо этишлари, Ватани, миллати, дини, ота-онасига муносиб ўғил-қиз, етук инсон бўлиб камол топиши учун яхши таълим-тарбия беришлари лозим.Албатта, соғлом она ва соғлом бола деганда, боланинг жисмонан, маънан ва руҳан соғломлиги назарда тутилади. Бунга эса она ва бола учун ўз вақтида қилинган эътибор, меҳнат орқали эришилади. Фарзандларимиз гўдаклик йилларида ўзига ғамхўрлик ва ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлмайди. Шу сабабли шариатимизда болани едириб-ичириш, тарбиялаш ва ҳавф-хатарлардан ҳимоя қилиш ота-онанинг зиммасига юклатилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:"Ҳаммангиз муҳофаза қилувчидурсизлар ва қўл остингиздагилар учун масъулдирсизлар. Ота оиланинг муҳофазачиси ва қарамоғидагиларнинг барчаси учун жавоб беради. Хотин эрнинг бойлиги ва бола-чақасининг муҳофазачиси ва улар учун жавоб беради" деб ривоят келтирилади (Имом Аҳмад, Ибн Можа ривояти).Бундан кўринадики, ота-она фарзанд парвариши ва унинг эҳтиёжларини қондириш учун масъулдир.Ислом дини болага, камол топиш жараёнида ҳам ғамхўрлик қилади. Шариат фарзандларнинг туғилиши ўртасидаги оралиқ вақтнинг камайиб кетмаслигини ва кейинги фарзандга ҳомиладор бўладиган она етарли даражада кучга тўлган бўлиши, бу жиҳат она ва бола соғлиги учун муҳим эканлигини алоҳида таъкидлайди. Қуръони Каримда: “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилдир (Луқмон, 14).Болани соғлом ўсиб улғайишида уни она сути билан озиқлантириш муҳим омилдир. Бу масала Ислом динида ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланган. Жумладан, Қуръони Каримда: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар”. Бу муддат эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. “Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиқ масъулият юкланмайди. Болалари туфайли ота ҳам, она ҳам зарар кўрмасин. Меъросхўрнинг зиммасида ҳам худди шундай нафақа масъулияти бор. Агар ота-она ўзаро келишиб маслаҳат билан болани сутдан ажратмоқчи бўлсалар, гуноҳкор бўлмайдилар. Агар болаларингизни бегона аёлга эмиздирмоқчи бўлсангиз, ҳаққини меъёрида тўлаб турсангиз, гуноҳкор бўлмайсиз” (Бақара, 233).Мазкур оятнинг мазмун-моҳиятидан кўринадики, гўдакни кўкрак сути билан боқиш онанинг бурчи бўлиб, у агар узрли сабаблар бўлмаса, гўдакни эмизиб озиқланиши ва баҳра олишдан икки йил давомида маҳрум этмаслиги лозим. Бундан ташқари, болани муддатидан олдин сутдан ажратиш қарорини ота ва она бамаслахат чиқариши, ота эмизикли онага кўмаклашиши ва унга болани эмизишга имкон берувчи қулай муҳитни яратиб бериши керак.“Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган ҳаётбахш ғоя ҳар бир юртдошимизнинг қалбига чуқур кириб бориши, ана шу улуғ ишга муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг муқаддас вазифамизга айланади.Аллоҳ Таоло барчаларимизга ўз Ватани, халқи учун хизмат қиладиган, одамларга эзгулик улашувчи фарзандлар ўстиришимизни насиб этсин. Бу йўлда эзгулик ва ҳидоят йўлида адашмайлик.Нафиса ҚорабоеваТошкент шаҳар Учтепа туман бош отинойиси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг