Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг 2015 йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиши ўтказилди

0
123

26 январь куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг 2015 йил якунлари бўйича ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Президент девони масъул ходими К.Камолов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи М.Йўлдошев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ш.Турдиқулов иштирок этдилар.Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакили Анвар қори Турсунов 2015 йил давомида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг амалга оширган ишлари юзасидан йиллик ҳисоботни ўқиб эшиттирди. Ҳисоботда қуйидагилар тилга олинди:2015 йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан имом-хатибларимиз турли тадбирларда, жумладан, маҳалла гузари ва таълим муассасаларида “Кексаларни эъзозлаш”, “Кексалардан ҳунар ўрганиш ёшлар иқболининг гаровидир”, “Кексаларни эъзозлаш фазилати”, “Кексалар дуоси олтиндан ҳам қимматдир!”, “Ёшлар тарбиясида миллий ва диний қадриятларнинг ўрни”, шунингдек, “Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни”, “Мустаҳкам оила – жамият таянчи”, “Бетакроримсан, ягонасан, она ватаним, Ўзбекистоним!” мавзуларида, маҳалла фуқаролар йиғинларида яраштирув комиссияси таркибида нотинч оилалардаги вазиятни ислоҳ этиш мақсадида ўтказилган йиғилишларда, “Тўй-хашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар тадбирларини дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик, эл-юрт одатлари ва анъаналарига мос ва хос ҳолда ташкил этишни тарғиб қилиш ҳамда ёшлар онгига  сингдириш”, “Одам савдосига қарши курашиш, гиёҳвандлик умр заволи”, “Соғлом бола – юрт таянчи”, “Фарзандлари соғлом ва баркамол юрт ободдир”, шунингдек, “Ижтимоий–маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, диний ақидапарастликнинг олдини олиш”, “Терроризм – ислом, инсон ва жамият тарақиёти кушандаси”, “ИШИД” фитнасидан огоҳ бўлиш”, “Терроризм ва одам савдоси – жамият кушандаси”, “Огоҳлик мўминнинг қалқони бўлиши лозим”  каби мавзуларда имомларимиз ўз маърузалари билан 1664 маротаба иштирок этдилар.Ортда қолган йил давомида имом-хатиблар оммавий ахборот воситаларида ҳам фаол қатнашдилар. “Ҳидоят сари”, “Зиё” ва бошқа маърифий кўрсатувлар, давра суҳбатларида, “Ҳидоят”, “Ислом нури” ва бошқа газета, журналларда ҳамда интернет сайтларида имом-хатибларимиз 798 маротаба ўзларининг турли долзарб мавзуларда чиқиш ва мақолалари билан иштирок этдилар. Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган масжид имом-хатиблари, имом ноиблари ҳамда отинойилар иштирокида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, исломшунос олим А.Тулеповнинг “ИШИД фитнаси” китоби тақдимоти юзасидан ўтказилган махсус тадбирлар, шунингдек, Республикамизнинг барча вилоятларидаги олий ўқув юртларида ўтказилган “ИШИД фитнаси” китоби тақдимоти тадбирларида, Республикамизнинг чегара ҳудудларида жойлашган жоме масжидларда жума маърузаларида фуқароларимизни турли фитналардан огоҳ этиш, тинчлик ва хотиржамлик неъматини қадрига етиш, уни асраб авайлаш, фарзандларимизни ҳам ушбу неъматларни қадрлашлари учун керакли тавсиялар ва кўрсатмалар бериш, илмий, маърифий-маънавий маърузалари билан шаҳримизнинг тажрибалари имом-хатиблари 33 маротаба иштирок этдилар.2015 йил 1-11 март кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансуров ва Дин ишлари бўйича қўмита Масжидлар бўлими бошлиғи, "Маҳкам ота" жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадбобур Йўлдошевнинг 2015 йил 11 март куни Қирғизистон Республикасининг пойтахти Бишкек шаҳрида “Диншунослик” илмий-тадқиқот институти ҳамда “Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” илмий-таҳлилий тадқиқот марказлари томонидан ташкил этилган “Терроризм ва экстремизм ғояларига қарши кураш бўйича Марказий Осиё уламолари форуми”да иштирок этди.2015 йил 11-30 июнь кунлари Тошкент шаҳар “Кулол қўрғон” масжиди имоми Абдуллаев Абдурасул ва “Дўстжонбой” масжиди имоми Отажонов Баҳром Татаристон Республикасининг Қозон шаҳрида Татаристон мусулмонлари идораси томонидан ислом маданияти ва анъаналарини ривожлантиришга бағишланган 26-давра Булғор йиғилишида қатнашдилар.2015 йил 21-24 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Муҳаммад Носир ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби Ҳомиджон Ишматбеков Россия мусулмонлари марказий диний идорасининг таклифига биноан 22-23 октябрь кунлари Уфа шаҳрида бўлиб ўтган “XXI асрда таълим соҳасида олий исломий қадриятлар” мавзусидаги XIII халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этди.2015 йил 30 июль кунлари 10 август Тошкент шаҳар “Ҳазрати Али” масжиди имоми Салоҳиддин Шарипов, “Шайх Зайниддин” масжиди имоми Одилхон Исмоилов, “Носирхон” масжиди имоми Жасур Раупов Новосибирск шаҳри ва шаҳар атрофида вақтинча яшаб, ишлаётган МДҲ мамлакатларидан келган меҳнат муҳожирларига, рус тилини мукаммал билмагани сабаб жума маърузалари асл моҳиятини етказишда қийинчилик туғдираётгани ва бундан экстремистик гуруҳлар фойдаланиб, ёшларни ўз домига тортаётгани сабабли, шу кабиларнинг олдини олиш мақсадида, минтақада яшаётган меҳнат муҳожирларининг ўзбек тилида сўзлашувчи қатламига ўз она тилида маъруза қилиб бериш учун Новосибирск шаҳрида хизмат сафари билан бўлдилар.Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг ўтган йилдаги фаолиятини ижобий баҳолаб, айниқса Тошкент шаҳри имом-хатибларининг оммавий ахборот воситаларидаги фаолликларини алоҳида қайд этиб ўтдилар. Муфтий ҳазратлари қўлга киритилган ютуқлар, ижобий натижалар билан биргаликда масжидлар фаолиятидаги баъзи муаммолар, камчиликларни айтиб, уларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар бериб ўтдилар. Имом-хатибларимизнинг жорий йилда янада кўпроқ иштиёқ билан, ҳозирги таҳликали даврда динимизнинг мусаффолиги ва тўғри ақида йўлида, халқимизни эзгу амаллар, маърифат, одоб-ахлоққа тарғиб этиш йўлида олиб боражак ишларида Аллоҳ таолодан куч-қувват ва зафарлар тилаб қолдилар.   Тадбирда ўтган 2015 йил давомида маънавий-маърифий ва хайрия тадбирларидаги фаол иштироки ҳамда халқимиз маънавий баркамоллигининг юксалишида қўшаётган улкан ҳиссалари учун "Ҳазрати Али" жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин Шарипов ва "Носирхон" жоме масжиди имом-хатиби Жасурбек Раупов ҳамда масжидни обод этиш ишларидаги фаоллиги учун "Намунали масжид" имом-хатиби сифатида "Новза" жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов ва "Абдуллоҳ ибн Масъуд" жоме масжиди имом-хатиби Эргашали Мирзаевларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг Ташаккурномаси ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Шу билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz порталида эълон қилинган "Энг яхши видеолавҳа" танлови ғолиби деб топилган шаҳримизнинг "Хўжа Аламбардор", "Тўхтабой", "Тўлқин Акром ўғли" жоме масжидлари маъмуриятига ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Мақтов ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди. 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг