“Пайғамбар Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васалламга саловат ва салом айтинг!”

0
10570

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловат айтурлар. Эй, мўъминлар! (сизлар ҳам) унга саловат ва салом айтинг!” (Аҳзоб,56)“Саловат” сўзи – дуо, раҳмат, улуғлаш ва мақташ маъноларидадир. “Салом” сўзи эса – барча бало ва офатлардан омонда бўлиш демакдир. Аллоҳ таоло томонидан бўладиган саловат ва салом – раҳмат ва мақтов маъносида. Фаришталар томонидан бўладиган саловат ва саломлар эса – истиғфор ва дуо маъносидадир.Юқорида келтирилган ояти каримада оламлар Раббиси ва яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таолонинг шахсан Ўзи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишга буюрмоқда. Бу эса Пайғамбаримизнинг мартабалари ҳамда у зотга нисбатан саловат ва саломларнинг ўрни нақадар олий эканидан далолатдир.Саййидимиз  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва саломларни ранг–баранг ва турли хил кўринишда айтишимиз мумкин. Шулардан:Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Бир киши: "Эй, Расулуллоҳ! Биз Сизнинг ҳаққингизга салом айтишликни билиб олдик. Бироқ, саловатни қандай айтамиз?", – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Менинг ҳаққимга саловатни шундай айт: "Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммад. Кама соллайта ъала Иброҳима. Иннака Ҳамидун Мажид. Аллаҳумма барик ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммад. Кама барокта ъала Иброҳима Иннака Ҳамидун Мажид”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.Маъноси: “Эй, Аллоҳим! Иброҳим алайҳиссаломга саловат айтганингдек, Пайғамбаримиз жаноби Муҳаммадга ва аҳли оилалалига ҳам саловат айт. Албатта, Сен Ҳамид (барча мақтовлар ила мақталган зот) ва Мажид (шон шарафли, қадри баланд ва чексиз)дирсан. Эй, Аллоҳим! Иброҳим алайҳиссаломни Ўз марҳаматинга сазовор қилганингдек, Пайғамбаримиз жаноби Муҳаммадни ва аҳли оилаларини ҳам Ўз марҳаматинга сазовор қил. Албатта, Сен Ҳамид (барча мақтовлар ила мақталган зот) ва Мажид (шон шарафли, қадри баланд ва чексиз)дирсан".Абу Ҳомид ас – Саъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда  шундай дейилади: "Саҳобийлар: "Эй, Расулуллоҳ! Сизга саловатни қандай айтамиз?", – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зуррияйтиҳи. Кама соллайта ъала али Иброҳим ва барик ъала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зуррийятиҳи кама барокта ъала али Иброҳим. Иннака Ҳамидун Мажид” –деб айтинглар". Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти.Маъноси: “Эй, Аллоҳим! Иброҳим алайҳиссаломга саловат айтганингдек, Пайғамбаримиз жаноби Муҳаммадга,  азвожларига ва зурриётларига саловат айтгин ва Иброҳим алайҳиссаломни Ўз марҳаматингга сазовор қилганингдек, Пайғамбаримиз жаноби Муҳаммадни, азвожларини ва зурриётларини Ўз марҳаматингга сазовор қилгин. Албатта Сен Ҳамид (барча мақтовлар ила мақталган зот) ва Мажид (шон шарафли, қадри баланд ва чексиз)дирсан".Ёки қисқача "Соллаллоҳу алайҳи васаллам" (яъни, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз жаноби Муҳаммадга саловат ва салом айтсин!), ёки "Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳ" (яъни, Эй, Аллоҳим! Пайғамбаримиз жаноби Муҳаммаднинг ҳақларига  саловат ва салом айтгин ва Ўз марҳаматинга сазовор қилгин!), ёки "Ас – Солату вас – саламу алайка я Росулаллоҳ" (яъни, Эй, Расулуллоҳ! Сизга саловат ва саломлар бўлсин) каби кўринишларда айтиш мумкин.Ояти каримада биз ва сиз мусулмон умматларга саловат ва салом фарз қилинди.  Аллоҳ таолонинг ўзи ва фаришталари Ўз элчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва салом айтиши ҳақида билдириб ўтди. Ўз – ўзидан Аллоҳ таоло ва фаришталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва салом айтсалар, У Зот бизнинг саловатимизга муҳтожмилар?, – деган савол туғилади. Бунга жавоб шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ул зотга саловат айтиб турган вақтида фаришталарнинг ва ҳам сиз – у бизнинг саловатимизга муҳтож эмасдирлар. Фаришталарнинг саловати Ул зотни улуғлашлик маъносида ва сизу бизнинг  айтган саловат ва саломларимиз эса фақатгина ўзимиз учундир. Яъни, Аллоҳнинг суюкли расули, сарвари коинот, саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат  ва саломлар айтиб номаи аъмолимизни беҳисоб савоблар билан тўлдириш ва қиёмат кунида Ул зотнинг шафоатларига сазовор бўлиш учундир. Демак, Фахри коинот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишимиз ҳам ўзимиз учун фойда экан. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:  "Ким менга бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга ўнта саловат айтади (яъни, ўнта гуноҳини мағфират қилади)". Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳурсанд ҳолда келдилар. Биз: "Юзингизда хурсандчиликни кўряпмиз! (нима бўлди?), – дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Менинг олдимга фаришта (Жаброил алайҳиссалом) келди ва: "Эй, Муҳаммад! Роббингиз шундай деди: "Мен сизга бир марта саловат айтган кишига ўнта саловат айтишим ва сизга бир марта салом айтган кишига ўнта салом айтишим сизни рози қилмайдими", – деб хабар берди.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: "Қиёмат кунида умматларимнинг менга энг яқини, менга уларнинг саловатни энг кўп айтувчиларидир".Имом Саноний бу ҳадиси шарифдаги "инсонларнинг менга энг яқини" деган гапни "инсонларнинг менга турар жойи ва шафоатимга ҳақли бўлиш жиҳатидан энг яқини" деб, бошқа муҳаддис уламолар эса "жаннатдаги ўрин жиҳатидан менга энг яқини" деб шарҳлаганлар. Ҳаммамизга маълумки, қиёмат кунида ҳеч бир инсон учун шафоатчи, ёрдамчи бўлмайди. Фақатгина, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгина Аллоҳ таолонинг розилиги билан Ўзлари хоҳлаган умматларини шафоат қиладилар. Ўша шафоатга сазовор бўладиганларнинг бир тури Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига саловат ва саломни кўп айтувчилардир. Зеро, саловатни кўп айтишлик Ул зотга бўлган муҳаббат ва садоқатнинг ифодасидир. Уламоларнинг умумий ижмоъси (яъни, бир овоздан чиқарган хулосаси) га кўра юқорида келтирилган оятдаги “унга саловат ва салом айтинг!” буйруғига кўра мўъмин киши Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва саломни умрида бир марта айтиши фарздир. Имом Қуртубий ҳам худди шу ижмоъни ривоятини келтирганлар. Лекин У Зотнинг номлари ҳар сафар тилга олинганда саловат ва салом айтиш суннат ва одобдандир. Биз Ул зотнинг номлари тилга олинган жойда саловат ва салом айтмаслик билан ўзимизни умматлигимизни қандай қилиб даъво қила оламиз ва қандай қилиб қиёмат кунидаги қимматли шафоатларидан умидвор бўла оламиз?! Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: "Бахил – мени номим тилга олинган ерда менга саловат айтмаган кишидир". Имом Термизий ривояти.Аслида, саловат ва салом айтмаган киши Расулуллоҳга нисбатан бахиллик қилмайди, балки, ўзини улкан савоблардан маҳрум қилиш орқали ўзига бахиллик қилади. Чунки  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: "Бирор бир қавм бир мажлисда (йиғилишда) Аллоҳни эсламай ва Пайғамбарига саловат айтмай туриб кетса қиёмат кунида уларга ҳасрат ва надомат бўлур". Имом Термизий ривояти.Барча уламолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш тасбеҳ, таҳмид ва зикр каби ибодат эканига иттифоқ қилишган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзи ва пок фаришталари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва салом айтади ва бизга ҳам шуни буюради. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даражалари ва мартабалари Аллоҳ таолонинг ҳузурида нақадар олий эканига далолатдир. Аллоҳ таало саловат ва саломни фарз қилди. Ул зотга тегишли ҳар бир нарсада азият беришдан қайтарди ва ҳаром қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туҳмат қилиш – Аллоҳ таолага туҳмат қилиш, Ул зотни масҳара қилиш – Аллоҳ таолони масҳара қилишдир. Чунки Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам оламларнинг раббиси бўлмиш Аллоҳ таолонинг суюкли ЭЛЧИСИДУРЛАР.Эй, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ! Ҳаммамизнинг саловат ва саломларимизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етказгин ва у зотнинг шафоатларига ҳаммамизни сазовор қилгин!   Омин…    Садриддин АБДУРАШИДОВ       Олмазор тумани бош имом-хатиби 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг