“Яккасарой” жоме масжиди

0
241

XX аср бошларида Яккасарой даҳаси тепаликларида ишлаётган кишилар беш вақт намоз ибодатларини адо этиш ниятида кичик бир намозхона қуришади. 1946 йилгача  масжид бир неча бор қайта қурилган. Масжид 1946 йилдан жоме масжиди сифатида ўз фаолиятини бошлаган. Бу вақтларда Йўлдош домла, Олим махсум каби инсонлар масжидга кўп хизмат қилганлар. Масжид ёнидаги тепалик Улуғ ватан урушидан олдин қабристон учун ажратилган. Қабристонга Фозил ота номи берилган. 1976-1978 йилларда масжид ҳашар йўли билан қайтадан қурилган.

Масжид асосан Яккасарой, Яккасарой-2, Тўқимачи, Муқимий маҳаллаларига хизмат қилади. Аввалданоқ масжид Яккасарой номи билан аталгани ҳамда мазкур номдаги ҳудудда жойлашганлиги туфайли масжид номи сақланиб қолинган. Масжид биноси анчайин нураб қолганлиги сабабли 2014 йилда масжидни тўлиқ қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Аллоҳнинг мадади ила икки йилдан сўнг эски масжид ўрнида кўркам, дилларни яйратгувчи, улуғвор Байтуллоҳ бунёд бўлди.

2016 йилнинг 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг бевосита иштирокида Жума намозида масжиднинг янги биносининг очилиш маросими ташкил этилди. Муфтий ҳазратлари бу хайрли ишда кўмакчи бўлган барча инсонларга миннатдорчлик билдириб, бу меҳнатлари эвазига Аллоҳ таоло охиратдаги ажрларини зиёда қилишини, халқимиз фаровонлиги бардавом бўлишини тилаб дуо қилдилар. Жоменинг 23 метрга бўй чўзган гумбазли хонақоҳ деворлари, меҳроби ўзига хос нақшлар билан безатилган. Моҳир хаттотлар томонидан меҳроб усти ва деворига Қуръони карим оятларидан ҳамда ҳадиси шарифларда ворид бўлган дуолар муҳрланган. Хонақоҳ ёнида 150 кишига мўлжалланган кичик хонақоҳ ҳам барпо этилган. Бино гумбазининг ташқари томондан баландлиги юқорисидаги ой рамзи бўйи билан 28 метрга, миноранинг баландлиги эса 31.5 метрни ташкил этади. Хонақоҳга учта шарқона услубда кўтарилган арка орқали кирилади. Таҳоратхона биноси ҳам шарқона услубда безатилган бўлиб, боболаримизнинг сув ишлатиш борасидаги пурҳикмат байтлари ёзилган. Шунингдек, масжид ҳовлисида намоз сафлари тўғри олинишига ёрдам берувчи чизиқлар ётқизилган.

Имом-хатиб – Қаюмов Муҳаммадназар Бобобекович
Имом ноиби – Раҳимов Дилмурод Хусанович
Имом ноиби – Кўчаров Абдуғаффор Асрорович

Манзил: Яккасарой тумани Яккасарой кўчаси 5-уй. Тел.: +998 71  250 54 09.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг